1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФИТНА - МИЛЛАТНИ ПАРЧАЛОВЧИ ХАТАРЛИ ИЛЛАТДИР

23-08-2021, 09:10 417 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таолога беадад ҳамд ва санолар бўлсинки, биз яшаб турган замона хайрга, яхшиликларга, тинчлик ва хотиржамлик каби буюк неъматларга эга бўлиб турибмиз. Лекин, пайғамбаримиз охир замонда инсонлар кўплаб фитларни бошидан ўтказиши борлиги, бу вақтда ҳар бир мўмин-мусулмон жамоатни лозим тутиши кераклигини марҳамат қилиб ўтганлар. Дарҳақиқат, киши эҳтиёт бўлиши, огоҳ бўлиши лозим бўлган ишлардан энг муҳими фитна-фасод ҳолатларидир. Бугун ҳар бир инсон анашу фитналардан огоҳ бўлмоғи талаб этилади. Ислом уламолари умматни турли фитналардан сақланиш ҳақидаги чора ва тадбирлар ҳақида тўхталиб шундай деганлар: “Уммат ичидаги насиҳат қилувчиларга, улуғларга ва масъулларга яқин бўлиб, улар атрофида жипслашиш, хусусан, фитна ўринларида улардан асло узоқлашмаслик лозимдир”. Бу ҳақда Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расул акрам (с.а.в) шундай деганлар:“Барака улуғларингиз билан биргадир”.
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади.Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида шундай марҳамат қилади:“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.
Дунё ва диндаги фитна, алдов, ёлғон, туҳмат, ҳасад каби иллат ва гуноҳлардан сақланишимиз эса ўта зарурдир. Шунда барчаларимиз дунё ва охират яхшилигига эришиб, муваффақият ва нажот топувчилардан бўламиз, инша Аллоҳ.Барча муҳаққиқ уламолар мусулмонларни фитналардан сақланиш, Aллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмаслик ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда Aллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:“(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”.Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) умматларини замонлар ўтиши билан бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида хабар берганлар.
Демак, Аллоҳ таоло Ўз ҳабиби Муҳаммад (с.а.в)га умматларининг қиёмат кунига қадар дуч келишлари мумкин бўлган кўплаб фитналар ҳақида хабар берган ва улардан огоҳлантирган.
Маълумки, фитнага кўплаб сабаблар мавжуд.Жумладан, инсон ҳавойи нафсига эргашиши ва ниятининг бузуқ бўлиши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб айтди:“Эй, Довуд! Дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, сен (нафсу) ҳавога эргашиб кетмагин! Акс ҳолда, у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур”. (Сод сураси 26) 
Ҳавойи нафс инсонни кўр ва кар қилади. Унинг эгасига ёмонни яхши, яхшини ёмон деб кўрсатади. Аллоҳ ва Унинг Расули йўлига юрмайди, балки нафси буюрганига эргашади, диний таълимотларга гумон ва шубҳа билан муносабатда бўлади.
Кейинги пайтларда интернет билан боғлик бузғунчиликлар, глобал тармокдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда.Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» ёки «ҳидоятга чорловчи» сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йуқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.Диний таълим кишининг эътиқоди билан боғлиқ бўлганлиги учун уни ҳар кимдан ўрганиш нотўғри иш эканлигини англамоқ керак.  Улуғ тобиъинлардан Муҳаммад ибн Сирийн: “Албатта бу илм диндир, бас, динингизни кимдан олаётганларингизга қаранг!” деган, эдилар.
Албатта бу фитна миллатни ичидан парчаловчи, турли фирқа ва гуруҳларга бўлиб ташловчи хатарли иллат экан, бундан огоҳ бўлиш лозим. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деганлар. Ана шунда ҳар қандай салбий кучлар содир этмоқчи бўлган фитналарнинг олди олинади.
 
 
 Ўткир МАҲМУДОВ
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси