1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Исломда биродарлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик (1-қисм)

25-08-2021, 14:24 424 Ўқиш режими + -
  ИСЛОМДА БИРОДАРЛИК ВА ЎЗАРО ҲАМЖИҲАТЛИК (1-қисм) 


Муқаддас Ислом динимиз бизни тинч-тотув, ўзаро аҳл-иноқ, ҳамжиҳат, кечиримли, бир-биримизга дўст ва биродар бўлиб ҳаёт кечиришга буюради. Тарихдан маълумки, динимизни мана шу кўрсатмасига амал қилиб яшаган мусулмонлар доимо бахт ва саодатда яшаганлар, тинч-тотув ҳаёт кечирганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида шундай марҳамат қилган:
                                                    إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ
яъни:  “Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот сураси 10-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадиси шарифларида мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида бундай деганлар:
 المُسْلِمُ أخُو المُسْلِمِ 
(رواه الإمام البخاري عن عبد الله بن عمر رضي الله عنه)
яъни: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, мўмин-мусулмонлар бир-бирларига ака-ука ва биродар бўлганларидан кейин, улар ўрталарида ўзаро риоя қилиниши керак бўлган ҳақ-ҳуқуқлар ва вазифалар мавжуд. Қуйида улардан энг долзарбларини баён қиламиз:
Биринчидан, мўмин мўминга кўзгу бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
المؤمنُ مرآةُ المؤمنِ
 (رواه الإمام أبو داود عن أبي هريرة  رضي الله عنه)
яъни:  “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”  (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Демак, мўмин киши биродари учун кўзгу вазифасини бажариб, уни билиб-билмасдан қилган саҳву хатоларини чиройли йўллар билан кўрсатиб, унга насиҳат қилади ва тўғри йўлга бошлайди.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
 وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ
 
 
яъни: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба сураси 71-оят).
 
Шунингдек, мўмин киши ҳадиси шарифларда айтилганидек, энг аввало кечиримли, ширин сўз, очиқ чеҳрали, ҳусни хулқли бўлади.
Иккинчидан, мўмин киши тилини ўзгаларни ғийбати ва обрўсини тўкишдан тийиши лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
 إِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ رِضْوَانِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَرْفَعُهُ اللَّهُ بِهَا دَرَجَاتٍ، وَإِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ سَخَطِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَهْوِي بِهَا فِي جَهَنَّمَ
 (رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳ рози бўладиган сўзни айтиши мумкин. Бу билан Аллоҳ унинг жаннатдаги даражасини кўтаради. Шунингдек, киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳни ғазаби келадиган сўзни гапириб қўйиши мумкин. Бу билан  Аллоҳ уни жаҳаннамга тушуради” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, киши нима гапираётганига эътибор қилиши ҳамда ўзгалар ҳақида сўзлаш ва фикр билдиришда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак. Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар тилларига эрк бериб, ёлғон ва бўҳтонларни тарқатмоқда. Бундай ҳолатлар ижтимоий тармоқларда жуда авж олган. Натижада, киши ўзини мусулмон биродарини ғийбат қилади, обрўсини тўкади ва ояту ҳадисларда айтилган азобу уқубатга гирифтор бўлади. Энг ачинарлиси, баъзилар аҳли илм ва олим кишиларни ғийбат қилиб, обрўсини тўкади. Ҳофиз Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:
... أن من أطلق لسانه في العلماء بالثلب بلاه الله قبل موته بموت القلب
яъни:  “Ким уламоларнинг обрўсини тўкиш борасида тилига эрк берса, Аллоҳ таоло уни ўлимидан олдин қалбини ўлдириб қўйиш билан жазолайди”.

 
(давоми бор)
 
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди