Ростгўйлик яхшиликка етаклайди
5422
24-08-2021, 08:11
239
Ўқиш режими
+
-
Ростгўйлик – эзгу хулқларнинг посбони бўлиб, ўзини ҳақиқий мўмин− мусулмон ҳисоблаган инсон ҳеч қачон ёлғон сўзламайди ва ҳеч кимни алдамайди ҳам. Негаки, ислом динининг муқаддас манбаи бўлган Қуръони каримнинг аксарият оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб ҳадиси шарифларида ростгўйликка тарғиб қилинади, ёлғондан қайтарилади.
Имом Бухорий ҳазратлари “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абдуллоҳ ибн Масъуддан қуйидаги ҳадисни баён қиладилар: Набий (а.с): рост гапиринглар, чунки ростгўйлик яхшиликларга бошлайди ва бу яхшиликлар эса жаннатга йўллайди. Киши рост гапираверса, у Аллоҳ таоло ҳузурида жуда ростгўй (сиддиқ) деб ёзилиб қолади. Ёлғон гапиришдан ўзларингизни сақланг, чунки ёлғон гапириш ҳамма бузуқликларга олиб боради, бузуқлик эса дўзахга йўллайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи бўлиб ёзилиб қолади, деганлар. Ушбу ҳадисдан ростгўйликнинг ҳам даражаларга эга экани келиб чиқади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келмасидан ҳам илгари шу даражада ростгўй эдиларки, қабиладошлари У зотга “амин (ишончли)” деб ном берган эдилар.
Суфён ибн Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Энг катта хиёнат сенга ростгўйлик қилаётган биродарингга ёлғон гапиришингдир», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
“Набий алайҳиссаломдан сўрашди:
- Мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?
- Ҳа, - дедилар.
- Бахил бўлиши мумкинми?
- Ҳа, - дедилар.
- Ёлғончи бўлиши мумкинми?
- Йўқ, асло! – дедилар (Имом Молик ривояти).
Донишманд дейди: “Ёлғончилик дард, ростгўйлик эса даводир. Ёлғончилик хорлик, ростгўйлик эса азизликдир”.
Луқмон Ҳаким ўғлига айтди: “Эй ўғилчам, ёлғондан сақлан! Чунки, ёлғон динингни бузади, одамлар олдида муруватингни йўққа чиқаради, мартабангни туширади ва обрўнгни зое қилади, гапирсанг, сени эшитишмайди, сўз айтсанг, сени тасдиқлашмайди. Модомики, шундай экансан, ҳаётда сен учун яхшилик қолмайди. Ишингдаги бу ҳолдан огоҳ бўлишар экан, энди тўғри гапирсанг ҳам, сени муттаҳамга чиқаришади, шаънингни ерга уришади, сен билан ўтиришдан нафратланишади, сирларини сендан махфий тутишади, сени кўрган заҳоти сўздан тўхтайдилар, гапини яширишади, дин ишларида сендан эҳтиёт бўлишади, шахсий ҳолатлари билан боғлиқ ишларда сенга ишонишмайди. Бу дунёда инсонлар олдида шу ҳолатга тушасан, лекин охиратда Аллоҳ таолонинг азоби ва уқубати бундан каттароқдир”.
Ибн Саммок айтади: “Ёлғонни тарк қилганим учун ўзимни савоб топган деб ҳисобламайман. Чунки мен ёлғондан нафратланганим учун уни тарк қиляпман”.
Шаъбий дейди: “Ростгўйлик сенга зарар етказишини билган ўринда ҳам уни лозим тут. (Негаки, зарар бўлиб кўринаётган) ростлик, аслида сенга фойда келтиради. Сенга нафи тегадиган ўринда ҳам ёлғондан сақлан. Чунки (манфаатли бўлиб туюлаётган) ёлғон, аслида сенга зарар беради”.
Али розияллоҳу анҳу деди: “Аллоҳ таоло тилни шунчалик мустаҳкам қўрғон билан ўрадики, бирорта аъзо бунчалик мустаҳкам ҳибс қилинмаган. Тилнинг олдида (ўттиз иккита) тиш саф тортган, тишлар ортида иккита лаб ёпилган, ичкарида тилнинг усти кичик тилча билан қопланган, ундан ичкарида қалб турибди. Бас, Аллоҳдан қўрқ, бу маҳбусни қамоқхонасидан бўшатиб юборма. Магар қачонки, тилнинг ёмонлигидан сақланишга ишонч ҳосил қилсанг, ана ўша пайтда уни эркин қўйишинг мумкин”.
Яна шундай дейди: “Эр киши тилининг ўрами остига яшириндир, дўпписи остига эмас” (яъни, дўппи иссиқ ёки совуқдан сақлаши мумкин, аммо ундан ҳам каттароқ балолардан тилнинг ечилиб кетмасдан ўралиб туриши сақлайди). Тили шириннинг оғайнилари кўп. Қадрини таниган ҳалокатга юз тутмайди. Ҳар бир инсоннинг қиймати чиройли адо қилган иши билан белгиланади. Ким ўзини таниса, Яратувчисини танийди. Ким гапираётганига эмас, нимани гапираётганига қара. Маслаҳатсиз тўғрилик йўқ, ёлғончи учун одамийлик йўқ. Оғайниларингга ёмонлик етказадиган нарсани тилингга келтирма.
Адиблардан бири айтди: “Ким сирини яширса, сири уни хурсанд қилади ва одамларни сирининг ёмонлигидан (яъни сири очилиши оқибатида пайдо бўладиган ёмонликдан) сақлаган бўлади. Ким тилини ҳоким қилса, уни шармандали ҳолга солади, шаънини булғайди. Тинчликни олиб қўядиган гапдан пушаймонни эргаштириб келадиган жимлик яхшироқ”. (Унвон ул-баёндан)
“Учта ўринда ёлғонга рухсат берилгани ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, - дейди Умму Кулсум, - Орани ислоҳ қилиш мақсадида айтилган сўз, жангда (душманга ҳийла учун) айтилган сўз; (муроса учун) эрнинг хотинга, хотиннинг эрга айтган сўзи” (Муслим ривояти).
Ушбу истисно тариқасида рухсат берилган уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мумкин эмас.
Ҳар биримиз қалбимизни поклаб, руҳиятимизни ҳар томонлама камол топиши ва маънавиятимизни юксалишига эътибор берар эканмиз, ростгўйлик-барча инсоний олий фазилатларнинг калити эканини ҳар доим ёдда тутишимиз керак.
Азамат УСМОНОВ