1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Терроризм-инсоният душмани

26-08-2021, 08:22 358 Ўқиш режими + -
Жиноят инсоният пайдо бўлгандан бошлаб мавжуд бўлган ва турли кўринишлар касб этган иллатдир. Ушбу жиноятлар орасида айниқса тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган жиноятлар оғирлиги ва давлат ва жамият манфаатларига зарар етказиши билан ажралиб туради. Терроризм жинояти ушбу туркумдаги жиноятлар орасида энг оғирларидан бири бўлиб, давлат тузуми, инсон ва жамият хавфсизлигига зиён етказиши билан ажралиб туриши баробарида инсонлар орасида вахима уйғотишни мақсад қилиб олади.
Бугунги даврда қўлланаётган «фундаментализм», «ақидапарастлик», «мутаассиблик», «экстремизм», «терроризм» каби атамалар деярли барчага тушунарли бўлса-да, ҳар киши уларни ўзича талқин этади. Кенг маънода бу атамалар қонуний ҳокимиятга қарши курашувчи ижтимоий-сиёсий гуруҳ ва оқимларга тегишлидир.
 Террор, террорчилик фаолияти, террорчи биргаликда бир бутун ҳодиса сифатида терроризмни ташкил этади. Ҳозирги даврда у глобал миқёс касб этиб, халқаро терроризм шаклини олди. Диний экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосий сабаби мутаассиб, радикал фикр ва ақидапараст қарашларнинг пайдо бўлиши билан амалга ошади. Мутаассиблик, ақидапарастлик орқали диний экстремизм келиб чиқса, экстремизм орқали терроризмга замин тайёрланади. Ислом ниқоби остида пайдо бўлган экстремистик ҳаракатлар тарихига эътибор берадиган бўлсак, уларнинг илдизлари узоқ мозийга бориб тақалишини кўриш мумкин.
Бузғунчилик ва зўравонликка асосланган, эътиқодий бирликка таҳдид солган бундай оқимлар фаолияти ўз даври уламолари томонидан қаттиқ қораланиб, султонлар томонидан таъқиб қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Исломнинг моҳиятига бутунлай зид бўлган бундай оқимларнинг барчаси охир оқибатда таназзулга дучор бўлган. 
Ушбу жиноятларнинг нақадар  хавфли эканлигини ва оғир оқибатларга олиб келишини инобатга олиб, биринчи Президентимиз И.А. Каримов мустақилликнинг илк йиллариданоқ жаҳоннинг нуфузли минбарларидан туриб, терроризм халқаро миқёс касб этиб бораётганлиги, инсоният ва тинчликка раҳна солаётганлиги ва унга қарши жаҳон ҳамжамияти биргаликда курашиши лозимлигини таъкидлаганлар. Жумладан,  БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясидаги нутқида шундай деган эдилар "...Бу қурол-яроғлар қаердан келаяпти ва улар экстремистлар билан террорчиларнинг қўлига қандай тушиб қолаяпти? Биродаркушлик урушлари бўлаётган жойларга қуролларнинг бундай оқимини тўхтатиш учун жаҳон ҳамжамияти нима қилаяпти ва нималар қилиши лозим? Халқларнинг манфаатларига, миллатларнинг тақдирига ва миллионлаб кишиларнинг ҳаётига дахлдор бўлган бу саволлар ўз жавобини кутаяпти. 
Шуни эътироф этишга тўғри келадики, кўп ҳолларда нуфузли халқаро ташкилотлар можароли вазиятларга, ифодали айтганда, ёнғин ҳиди эндигина чиқаётган пайтда эмас, балки батамом ловуллаб кетганда, бартараф этиш қийин бўлиб қолгандан кейингина эътибор бера бошлайдилар. Жаҳон ҳамжамияти можаролар кучайишининг олдини олиш мақсадида кўп ҳоллардаги бефарқ кузатувчи ролидан фаол тинчликпарвар нуқтаи назарига ўта бориши керак”.  1993 йил 28 сентябрь, Нью-Йорк. 
Ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда Ислом таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайдилар. Террорчиларнинг диний тушунчалар ва диний таълимотдан фойдаланишлари ҳеч кимни чалғитмаслиги керак. «Дин хизматчилари» рутбасидаги террорчилар эса гуноҳи кабирани қилган бўладилар, улар Аллоҳ таоло йўл қўйган ҳад-чегараларни бузган ҳисобланадилар, Парвардигор номини ниқоб қилиб, зулм ва қон тўкилишига сабаб бўладилар.
 
Абдуғани  БОЗОРОВ, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси