1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Тил – кўнгил кўзгусидир

25-08-2021, 08:23 465 Ўқиш режими + -
Ахлоқ соҳиби, иффат эгаси қалбини, виждонини поклаб, тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон каби ёмон сўзлардан сақлайди. Бошимизга келадиган кулфат ва заҳматларнинг аксари ёмон тилимиздан, андозадан ортиқ сўйлаганимиздан келади.
Тил – кўнгил кўзгусидир. Киши­нинг гап-сўзи, муомаласи унинг кимлиги ҳақида тасаввур беради. Тил Аллоҳ таоло тарафидан бизларга берилган улуғ неъматлардан биридир. Бизга берилган бу неъматнинг шукронасини қилайлик. Бу тилнинг шукронаси тилни барча ёмон сўзлардан сақлашлик билан бўлади. Мана шу тил билан банда Аллоҳни эслайди, яхшиликка чақиради ва ёмонликдан қайтаради. 
Рост бўлса ҳам аччиқ-тизиқ ва уятсиз гапларни гапириш, сўкиниш ҳам шариатимизда қаттиқ қораланган. Сўкиш қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир. Аччиқ-тизиқ ва кесатиш сўзлари рост бўлса ҳам нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдан бошқа нарса эмас. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ уятсиз бўлмоқни ва уятсиз гапларнинг гапирилишини хуш кўрмайди», дедилар. Абу Довуд яхши иснод ила ривоят қилган.
 Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши таъначи, лаънатчи, фоҳиша ва базий(сўканғич, аччиқ сўзли) бўлмайди»,  дедилар».
Фаҳш ва уятсизлик кўп ҳолларда уят гапларни очиқ-ойдин айтиш билан бўлади. Мусулмон киши зинҳор ва зинҳор бировни сўкмаслиги, шалоқ сўзларни оғзига олмаслиги  керак. Бундай шармандалик ва одобсизликнинг яқинига ҳам йўламаслик зарур.
Тилни ихтиёрига қўйиб юбориш инсонни ёлғон, ғийбат, туҳмат, чақимчилик, риё, ихтилоф, душманлашув, ахлоқсизлик, фаҳш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Шунинг учун «Ким тилини тийса, нажот топади» дейилган. 
Қуръони карим ва ҳадислардан маълумки, вақтида ўзини ўнглаб, тавба қилган кишиларни Аллоҳ таоло гуноҳларини кечиради. Аммо тавба қилмасдан, покиза кишиларни нопок ишларда айблаб юрганларга мағфират йўқдир.
Тилини ёмон сўзлардан парҳез қилмаган ва номақбул сўзларга одатланган киши хайрли оқибат топмайди. Оиласидан, ишидан тинчлик-хотиржамлик ва барака кўтарилади. Қўни-қўшни, маҳалла-кўйда обрўсига путур етади. Одамлар ундан ўзларини тортадиган, уни четлаб ўтадиган бўлишади. Бундан сақланиш эса, кишини, албатта, яхшиликка, офиятга бошлайди. Инсон имкон қадар тилини ёмон сўзлардан тийсангина, ўзининг ўйлаган хайрли мақсадларига албатта етади.
 
Азамат УСМОНОВ