1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУСТАҚИЛЛИК – НЕЪМАТИГА ШУКР ҚИЛАЙЛИК...

26-08-2021, 09:17 720 Ўқиш режими + -
Маълумки, шу кунларда катта хурсандчилик –давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида турибмиз. Аллоҳ таоло Ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин! Ватанимиз равнақи йўлида астойдил, фидокорона меҳнат қилаётган раҳбару ходимларнинг хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин! Аллоҳ таоло Қуръони каримда:   “Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”, – деб марҳамат қилган.  (Зуҳо сураси, 11-оят). 
Маълумки, юртимизда ҳар соҳада янгиликлар, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шахсан муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳар соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқларини ҳам оқилона тарзда кўрсатиб бермоқдалар. Жумладан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар қаторида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган кишиларни ҳам алоҳида имтиёз асосида уй-жойлар билан таъминлаб берилаётгани таҳсинга сазовордир. 
Бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг тараққий этиши, юксалиши, давлат ва ҳукуматларнинг бардавом бўлиши адолатга боғлиқдир”. Ушбу фикрнинг исботи кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди – мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб, юртдошларимизнинг ижтимоий аҳволи яхшиланиб, энг муҳими – халқимизда давлатга бўлган ишонч туйғуси мустаҳкамланиб бормоқда. 
Албатта, бу эришилаётган ютуқлар ва амалга оширилаётган хайрли ишларнинг замирида юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган: “Қайси бирингиз оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик ризқи бор ҳолда тонг оттирса, гўёки бутун дунёни қўлга киритибди” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган).
Бу неъматларнинг давомли ва зиёда бўлиши эса шукронага боғлиқдир. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: 

مَنْ عَرَفَ نِعْمَةَ اللّهِ بِقَلْبِهِ، وَحَمِدَهُ بِلِسَانِهِ، لَمْ يَسْتَتِمَّ ذَلِكَ حَتَّى يَرَى الزّيَادَةَ

яъни: “Ким Аллоҳнинг неъматини қалбан ҳис қилиб, тилида эътироф этса, эътирофи охирига етмасдан неъматнинг зиёдалигини кўради”. 
Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир! Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам ўзлари туғилиб ўсган шаҳар Маккаи мукаррама ҳақида шундай деганлар: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Менга қандай ҳам севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, сендан бошқа жойда яшамаган бўлардим!” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир! Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. 
Мана шу севимли Ватанда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, авваламбор – ўзи, аҳли-аёли, яқинлари ва жамиятга фойдали бир инсон бўлишга ҳаракат қилиши керак. Бунинг учун ўзига юклатилган вазифани чиройли адо қилиши даркор. Биз бир пайтнинг ўзида ҳам фарзанд, ҳам ота, ҳам фуқаро, ҳам турли идора ва ташкилотларда ходиммиз. Мана шу мажбуриятларимизни масъулият билан бажариб, ўзаро бир-биримизни қўллаб-қуватлаб, атрофимиздагиларга имкон қадар ёрдам беришимиз керак. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Одамларнинг Аллоҳга энг севимлиси – бошқаларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир” (Имом Табароний ривояти).
Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин! юртимиз мустақиллигини бундан ҳам мустаҳкам айлаб, мустақил юртда униб-ўсаётган фарзандларимизни  буюк аждодларимизга муносиб, ўз ватани ва халқига фидоий, юрт корига ярайдиган авлодлар бўлиб етишишларини насиб айласин..... 
Музаффар Қосимов
“Хожа    Бухорий”     ўрта     махсус ислом  
билим   юрти маънавий -маърифий 
ишлар бўйича мудир ўринбосари