“Ҳалолдан келса бойлик-турмуш бўлур чиройлик”
5433
27-08-2021, 11:21
591
Ўқиш режими
+
-
“Ҳалолдан келса бойлик-турмуш бўлур чиройлик”
Албатта, инсон касб кор қилиб, ҳалол меҳнат қилса, унинг турмуши лаззатли бўлади. Яхши касб кор қилиш ҳалол меҳнат қилишнинг энг муҳим жаҳатидир. Инсон ҳалол меҳнат билан халқ орасида обрў ва шараф топади. Уламоларнинг сўзларига кўра: “Ўзини ва оиласини таъмин этадиган миқдорда меҳнат қилиш вожиб, ундан зиёдаси учун меҳнат қилиш мубоҳдир”. Бандалар Аллоҳ таолонинг буйруқларини беками-кўст адо қилиши учун либос ва нафсининг озуқасига муҳтож. Банда бунга фақат меҳнат қилиш билангина этишади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони карим Жума сураси 10-оятида шундай марҳамат қилган: “Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар”. Демак, ризқ талабида саъй-ҳаракат қилишлик, ҳалол меҳнат қилишлик динимизда буюрилган иш экан.
Ҳаким Абул Қосим айтадилар: “Ҳалол меҳнат қилиш иффатли камбағални гўзаллаштиради, заифнинг муҳтожлигини бекитади, пасткаш ғийбатчининг тилини кесади”.
Касбу ҳунарли, меҳнаткаш бўлиш Пайғамбарларнинг одатидир. Ривоят қилинишича Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Довуд (а.с) одамлар танимайдиган суратда чиқиб, мамлакат аҳлидан, ўзлари ҳақида сўрар эдилар. Бир куни у кишига Жаброил фаришта (а.с) одам қиёфасида кўринди. Довуд (а.с) айтдилар: “Эй йигит, Довуд ҳақида нима дейсан?”. “У яхши одам, лекин бир ёмон хислати бор мусулмонлар ҳазинасидан фойдаланади. Бандаларнинг ичида Аллоҳ таолога севимлироғи ўз меҳнати билан ризқ топиб ейдиганидир”, деди Жаброил. Шундан сўнг Довуд (а.с) ўз ўринларига қайтиб, йиғлаб-йиғлаб айтдилар: “Эй Роббим, менга бир ҳунар ўргатгин, мўминларнинг молидан фойдаланмай”. Аллоҳ таоло Довуд (а.с)га темирчилик касбини ўргатди. Темирлар у кишининг қўлида худди хамирдек юмшоқ бўлиб қоларди. Довуд (а.с) ишдан бўш вақтларида совут ясардилар сўнгра уни сотиб ўзи ва оиласининг эҳтиёжларига сарфлар эдилар.
Довуд (а.с) нинг вафотидан кейин у кишининг ўрнига Пайғамбар бўлган ўғли Сулаймон (а.с) инсонлар ва жинларнинг подшоҳи эди. У кишига шамоллар бўйсундирилган, барча ҳайвонотнинг тилини билар эдилар. Мана шу Сулаймон (а.с) одамларга минбарда хутба қилаётганларида, қўлларида палма дарахтининг новдалари бўлар эди, ундан сават ёки шунга ўхшаган бирор нарса ясаб турар эдилар. Агар тўқиб бўлсалар, бир кишига бериб: “Бозорга олиб бориб сот”, дердилар.
Бу икки зотдан ташқари Одам (а.с) деҳқончилик, Нуҳ (а.с) дуродгорлик, Идрис (а.с) хаттотлик, Иброҳим (а.с) газлама савдоси, Закариё (а.с) дурадгорлик билан шуғулланганлар. Бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам савдогарлик касби билан шуғулланганлар. Энг улуғ зотлар бўлмиш Пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари, касблари билан топганлари инсоният учун буюк ибрат бўлмоғи лозим.
Шу пайтгача ўтган улуғларимиз, авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланганлар. Ҳунарли кишининг бировга эҳтиёжи бўлмайди, таъмадан узоқ бўлади. Зеро, халқимизда ҳам “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Ҳунар туганмас бойликдурки, у қанча сарф қилинмасин камайиб қолмайди. Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш зарур. Шунинг учун ёшларимиз вақтидан унумли фойдаланиб, бирор касб ўрганишга ҳаракат қилмоғи, илм ўрганмоғи ва ҳалол меҳнат қилмоғи мақсадга мувофиқдир. Чунки, ёшликда ўрганган илму ҳунар тошга ўйилган нақш кабидир. Улуғларимиз ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, йигитликнинг безаги ва зийнати ҳалол меҳнат ва касб орқасидан дейишган. Фарзандларини илму ҳунарли бўлишларига ота-оналар жиддий эътибор қаратишлари лозим.
Инсон Аллоҳ таоло берган қобилияти ва ақл идроки туфайли орттирган касбидан фақат хайрли мақсадларда фойдаланиши, ўзидан сўнг шогирдлар етиштирмоғи ҳам зарурдир. Аллоҳ таоло ризқларимизни ҳалол меҳнат ва касбу-корларимиздан ато қилсин!
М. ҚораевЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари