1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Бепарволик – тараққиёт кушандасидир

22-11-2021, 15:33 433 Ўқиш режими + -
Бепарво, лоқайд бўлиш аҳиллик, ҳамжиҳатлик каби фазилатларнинг емирилишига, турли моддий-маънавий жиноятларнинг тарқалишига сабаб бўлади. Уни яна дангасалик, танбаллик, боқимандалик, боқибеғамлик ва бепарволик каби салбий иллатлар билан боғлаб кўрсатиш мумкин. Булар жамиятни тубанлаштирадиган омиллардандир. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай дейилади: “Бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамлардан қўрқиш керак. Чунки уларда на имон ва на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи, Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамлардек қарайди”. Дарҳақиқат, бепарволик тараққиётнинг энг кучли кушандасидир. Лоқайд инсоннинг Ватан, халқ тақдири билан умуман иши бўлмайди. Бундай одамлар жамият тараққиётига болта урадилар. Бир файласуф шундай деган экан: “Душманларингдан қўрқма, нари борса улар сени ўлдириши мумкин, дўстларингдан қўрқма, нари борса улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ, улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”. 
Биз бугун Ўзбекистон ёшлари тинч ва фаровон юртда яшар эканмиз доимо ушбу тинчликнинг қадрига етмоғимиз, бизга берилган имкониятлардан оқилона фойдаланмоғимиз лозим. Чунки биз айни пайтда баҳраманд бўлиб турган неъматлар сон саноқсиздир. Оддий ичимлик сувини олайлик. Кўпчилик ҳар куни арзимаган сабаблар туфайли жўмракдан соатлаб сув оқизиб қўяди. Ана шу исроф қилинаётган сувнинг бир томчиси дунёнинг бошқа жойида яшайдиганлар учун топилмас хазина, тенгсиз неъмат. Демак биз дунёдаги сувсизликдан азобланиб яшаётган икки миллиард одамдан бахтли эканимизни англашимиз ва шукр қилишимиз лозим. 
Аслида, биз буни билиш ва англаш имконига эгамиз. Чунки биз ўқий оламиз. Лекин бу ўқий олиш неъматини ҳам қадрламаймиз. Ҳолбуки мана шу ёзувларни ўқий олишимиз бизнинг ер юзидаги уч ярим миллиард саводсиз инсондан бахтиёрроқ эканимизни кўрсатади. 
Ҳозир қанча-қанча мамлакатлар аҳолиси нотинч вазият туфайли туғилган ерини ташлаб, ўзга юртларда сарсон бўлмоқда. Айни пайтда турли экстремистик оқимлар ёшларни йўлдан уриш, уларни ўз она юртига, оиласига, ватанига қарши қилиш мақсадида ҳаракат қилмоқда. Шу боис, биз дўстларимиз, яқинларимизнинг нима ишлар билан шуғулланиб юрганига эътибор бериб, уларни турли хатарлар гирдобидан огоҳ этиб, тинчлик, бунёдкорлик йўлида бақувват мушт каби бирга бўлмоғимиз керак. 
Амир Темур бобомиз: “Тажрибамдан кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, - деб бежизга айтмаган. 
Шундай экан, жаннатмакон Ватанда яшаётганимиз учун шукроналар айтиб, ҳамиша огоҳ бўлайлик. 
 
Намоз Абдуллаев,  
“Катта масжид” жоме масжиди имом-хатиби