1443 йил 13 Сафар | 2021 йил 20 сентябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:08
Sunrise
06:23
Dhuhr
12:30
Asr
16:51
Maghrib
18:37
Isha
19:52


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Кичкина “қути” нинг зарарли оқибатлари

2-09-2021, 17:32 38 Ўқиш режими + -
Бугун компьютер одамларнинг ҳақиқий дастёрига айланган — ёзув-чизув, ҳисоб-китоб, дунёдаги воқеа-ҳодисалардан ха­бар­­­дор бўлиш, яқинларимиз билан мулоқот, хат-хабар, ҳаммаси унинг ёрдами билан амалга оширилаяпти. Фар­зандларимиз учун эса ҳақиқий мўъжиза: мультик ҳам, ўйинлар ҳам, қўшиғу клиплар ҳам шу кичкина «қути» ичида. 
Интернет ва компьютер ўйинлари асирига айланиш касаллигига чалинган ўсмирлар ҳаётдан, маънавий қадриятлардан тамоман узилиб, бутунлай ўйинларга берилиши ёки бал йиғишга, қиморга ва ютуқ-совға олиш каби ўткинчи, қадрсиз ишларга муккасидан кетиши мумкин. 
Миясида ўйинлардан завқланиш ҳиссини туяётган бола учун бундай “севимли” машғулотидан бўлак ҳамма нарса аста секин аҳамиятсиз бўлиб қолади. Катталарга қараганда болаларга бирор нарсага боғланиб қолиш кучли, уларнинг соғлигига етадиган зарар ҳам бир неча баробар кўп. 
Мутахассисларнинг таъкидлашича, компьютердан 45 дақиқа фойдалангач, 10-15 дақиқа очиқ ҳавода сайр қилиш тавсия этилади, Чунки ундаги микротесл магнити ошиб бораверади, натижада монитор ва тармоқ блокидаги электромагнит тўлқини инсон организмига, айниқса болаларга кучли таъсир ўтказиб, унда лейкемия (оқ қон) касаллигини ҳосил қилади. Компьютер олдида 50-60 см оралиқ масофада бўлиш лозим, негаки, экранидаги ранг­ли тасвирлар, матндаги тўлқинланишлар кўз нурининг хиралашишига, қадни ростламасдан бир маромда мунтазам ўтириш эса умурт­қа поғонаси касаллиги — катталарда остеохондрозга, болаларда сколиоз (умуртқа суягининг қийшайиши)га олиб келади. Суякларни ўраб турувчи мушаклар фаоллиги ҳам бора-бора суст­лашади. Меъёридан ортиқ компьютердан фойдаланиш бош оғриғи, ҳолсизланиш, уйқусизлик ва асабийлашишга сабаб бўлади.
Интернет клубларда ёшлар ўйнайдиган электрон ўйинларнинг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса ўйин қаҳрамони ўз мақсадига етишиш учун зўравонлик ва ёвузликлардан фойдаланади. (Очилдиев А. Глобаллашув ва маънавий – ғоявий таҳдидлар. – Т.: 2008. 149-бет.). 
Олимларнинг тадқиқ этишича, жангари ўйинлар болаларда қизиққон ва муросасиз бўлиб қолиш, атрофидагиларга нисбатан бефарқ, шафқатсиз муносабатда бў­лиш, ўз ҳиссиётларини устун қўйиш каби салбий ҳолатларнинг шаклланишига олиб келади. Натижада иродасизлик, енгил табиатлилик хусусиятлари болани алкоголь ва тамакига берилиш орқали жиноят кўчасига етаклаб боради.
Давлатимиз сиёсатининг устивор мақсадларидан бири ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, ақлан баркамол қилиб вояга етказиш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялашга кўмаклашишдан иборат экан, бу борада барчамиз ғафлатда қолмасдан, фарзандларимиз тарбияси учун бирдек масъул бўлишимиз лозим.
 Шокир Мусахонов,
 Китоб туманидаги “Сарой” жоме масжиди имом-хатиби