1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мустақиллик неъматига шукрона қилиш ва унинг мустаҳкамлигини сақлаш

2-09-2021, 12:08 306 Ўқиш режими + -
Шу кунларда бутун Ўзбекистон аҳли мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш учун қизғин ҳозирлик кўрганлиги, бу шонли байрам олдидан мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилганлиги,жойларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари шиддат билан олиб борилганлигини гувоҳи бўлдик. Жумладан, пойтахтимизга туташ 100 гектардан ортиқ улкан ҳудудда “Янги Ўзбекистон” боғи ҳамда бетакрор Мустақиллик мажмуаси жадал суръатлар билан бунёд этилган эди. Мамлакатимиз мустақиллик байрами мана шу янги майдонда ўтказилганлиги жудаям қувонарли бўлди. 
Зеро, бу айём халқимизнинг ҳур ва озод яшаши, бахтли ҳаёти, фаровон турмушига асос бўлувчи энг муҳим сана сифатида тарих зарварақларига битилган. Ўтмишда аждодларимиз мана шу ҳур ва озод кунларга етишиш учун жон олиб, жон бериб курашганлар. Минг шукрона билан айтишимиз мумкинки, бугун аждодларимизнинг эзгу ниятлари, орзулари ижобат бўлди. Ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилди, мард ва олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марралар забт этилди. Тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси – Асосий қонунимиз ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Ватанимиз суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Ўзбекистонда замонавий давлатчилик асослари яратилиб, конституциявий тузумга асос солинди. Давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоғи – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қарор топди. Том маънодаги конституциявий давлат барпо этилди.
Истиқлол юртимизга ҳар соҳада юксалиш имконини берди. Миллатимиз озодлиги, ҳуррият учун жон олиб, жон берганлар миллат тақдири ва юрт келажаги учун курашганлар.Шукурки, бугун ўзимиз ўзимизга хонмиз.Ўз бойлигимизга ўзимиз эгамиз. Юртимизнинг ер ости ва ер усти бойликларига фақат ўзимиз эгалик қилмоқдамиз. Дунё давлатлари олдида ёруғ юз билан спорт, маданият, таълим соҳаларида илғор ёшлар ғалабалари билан бормоқдамиз. Бу имконият, бундай тинч ва фаровон кунларга ҳар қанча шукрона айтсак кам.
Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Бугунги кунда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз.
Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради. Бундай ижтимоий ноёб ҳодиса“Ренессанс” – уйғониш, қайта тикланиш, юксалиш деб аталиши барчамизга аён. 
Маълумки, бугунги Ўзбекистон замини қадимда икки буюк уйғониш даврига – Биринчи (маърифий – IX-XII асрлар) ва Иккинчи (Темурийлар – XIV-XV асрлар) Ренессансга бешик бўлган. Бу – жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон”ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.
Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимизнинг барча ҳудудлари тобора обод ва гўзал бўлиб бормоқда.
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз — эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз. Истардимки, истиқлол нашидаси, байрам сурури ҳар бирингизни яхши ниятлар, эзгуликлар сари ундайверсин. Доимо хонадонингиздан қут-барака, қалбингиздан қувонч, юзингиздан табассум аримасин. Халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи йўлида олиб бораётган ишларингизда зафар ёр бўлсин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
 
 Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти