1445 йил 10 Шаввол | 2024 йил 18 апрель, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:35
Sunrise
05:56
Dhuhr
12:36
Asr
17:20
Maghrib
19:17
Isha
20:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳар ишда адолатли бўлайлик

6-09-2021, 11:33 252 Ўқиш режими + -
Ҳар ишда адолатли бўлайлик
 
    Адолат ҳақида гапиришдан илгари адолат нима деган саволга жавоб  бериб ўтсак, яхши бўлади. 
“Адолат сўзи «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» да: «Адолат-одиллик, одилано иш тутишлик, одиллик[1]» дейилади. 
     Истилоҳда эса адолат бу-ўртача йўл тутишлик, меъйорни сақлашлик, инсоф қилиш деган маъноларни англатади. 
Уламоларнинг фикрича, адолат икки хил бўлади. Булардан бири инсон ва яратган орасидаги  адолат бўлса, иккинчиси эса инсоннинг бошқа инсонлар билан бўлган адолатидир. Инсоннинг яратган билан адолати  шуки, инсон ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилади ва унга бошқани шерик қилмайди. Инсоннинг бошқа инсонлар билан адолати шундайки, инсон бошқа инсонларни эшитади, уларга зулм қилмайди, уларнинг манфаатларини юзага чиқаришда ёрдам беради. 
Аллоҳ таоло инсонларни барча ишларида адолатли бўлишга чақирган.       « Қуръони Карим» да: « Албатта, Аллоҳ адолат ва яхшиликка буюради. Қариндошларга (садақа) беришга буюради. Фаҳш, мункар ва тажаввуздан қайтаради. Сизларга ваъз-насиҳат қилур. Шоядки насиҳат   олсангиз» дейилади.            ( Наҳл сураси, 90-оят).    
Инсон бошқа бир инсоннинг қайғусини кеткарса, уни ҳам қайғуси кетади, бировга ёрдам берса, унга ҳам ёрдам берилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.)  шундай марҳамат қиладилар « Кимки бир мусулмоннинг дунё қайғуларидан бир қайғусини енгиллаштирса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини енгиллаштиради. Кимки дунёда бир қийналган мусулмоннинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Кимки бу дунёда бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охиратда айбини яширади. Мадомики, бир банда бошқа бир бандага ёрдам қилса, Аллоҳ таолодан унга мадад етади” ( Имом Термизий ривояти). 
Қадимда ҳам пайғамбарлар, халқ раҳбарлари халқнинг муаммоларини эшитганлар ва уларга тўғри ечим бериб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилганлар. Қадимда Довуд (а. с.) халқ билан мулоқот қилишга вақт ажратиб, уларнинг ўзаро муаммоларини ечганлар. Бу ҳақда « Қуръони Карим»да: « Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм кезларини (эсланг). Ўшанда унга қавмининг қўйлари тунда кирган ( ва уни пайҳон қилган) эди. Биз уларнинг (чиқарган) ҳукмига шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат (пайғамбарлик) ва илм ато этдик… » дейилади. ( Анбиё сураси, 78-79-оятлар).   
Кунлардан бир куни Довуд (а.с.) ҳузурига бир киши қўшнисидан шикоят қилиб келади ва у:                                                                                                                                                           - Мен деҳқончилик билан шуғулланаман. Бу йил деҳқончилик қилиб экинзоримда анча ҳосил етиштирган эдим. Қўшним қўйларини қаровсиз қолдириб, қўйлари бу йилги  етиштирилган деҳқончилигимни пайҳон қилди- деди.                                                                                         
Довуд (а.с.) унинг қўшнисини топдириб келдилар ва ундан:                                                             - Сенинг қўйларинг қўшнингни экинларини пайҳон қилибди, шу ростми?- деб сўрадилар.      У:  - Ҳа, шундай бўлди -деб жавоб берди.                                                                                                                                 Довуд (а.с.):                                                                                                                                           -- Қўйларини қаровсиз қолдириб, деҳқоннинг экинига зарар бергани учун қўйларнинг эгасидан қўйлар деҳқонга олиб берилсин!–деб қарор чиқардилар. Шунда Довуд (а.с.)нинг ёнларида турган фарзандлари Сулаймон (а.с.) ўринларидан туриб:                                                                                            - Бу ҳукм адолат юзасидан бўлмади-дедилар. Довуд (а.с. ) фарзандлари Сулаймон( а.с.)дан:                                                                                 
  - Бу иш юзасидан адолатли ҳукм қандай бўлади? – деб сўрадилар.                                         Сулаймон  (а.с.):                                                                                                                                      - Пайҳон этилган экинзор қўй эгасига, экиннни пайҳон қилган қўйлар экинзор эгасига берилсин!  Қўй эгаси экинзорни ишлаб, унга экин экиб, экинлар то ҳосил қилиб пишгунича парваришласин, ҳосил тайёр бўлгач экинзорни эгасига қайтариб,  қўйларини қайтариб олади. Шу муддатда экинзор эгаси қўйларнинг сути ва шу даврда туғилган қўзичоқлардан фойдаланади » деб ҳукм чиқарадилар. 
Инсон ҳар хил ҳолатда ҳам  у хоҳ хурсанд бўлсин, хоҳ қайғуда бўлсин ўзгаларга нисбатан адолат қилиши лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) « Кимда уч хислат бўлса, унга Довуд ( а.с.)га берилган яхшилик ато этилибди: ғазаб ва розилик вақтида адолатли бўлиш; камбағаллик вақтида ҳам ва бойлик вақтида ҳам ўртача бўлиш, пинҳон ва ошкора пайтида ҳам бирдек Аллоҳдан қўрқиш» дедилар. ( Ҳаким Термизий ривояти). 
Ҳар бир ишда адолат қилаолмаган киши кўп адашади. Адолатсизлиги   туфайли тинчлик ва хотиржамлигини йўқотади. У ўзгаларнинг меҳри муҳаббатини қозониш ўрнига, уларнинг нафрат ва ғазабига дучор бўлади. Шу сабабли барча ишларида адолатли бўлиш, адолатли ҳукм чиқариш инсонга тинчлик ва хотиржамлик бахш этади ва инсонлар орасида меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлайди.
 
Р. Акбаров, 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллик ходими
 

 
[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Т. Ўзбекистон миллий энциклопедияси нашриёти. 2006. 1-жилд. 41-бет.