Ғийбат –ёмон иллат
5478
6-09-2021, 13:09
354
Ўқиш режими
+
-
ҒИЙБАТ –ЁМОН ИЛЛАТ
Ислом динида ғийбат қилиш одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборат ёмон иллатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажидаги хутбаларида ҳам буни алоҳида таъкидлаб, шундай деганлар:
«Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда ушбу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар!» (Муттафақун алайҳ).
Демак, бировнинг молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шундай манфур амаллардандир.
Ғийбатнинг таърифи ҳақида шундай ҳадис ривоят қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғийбат нима эканлигини биласизларми?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир», дедилар. Шунда улардан бири: «Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўхтон қилган бўласан», деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён этиб, инсонларга шундай хитоб қилади:
«...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир» (Ҳужурот сураси,12-оят).
Қуръони каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон ташбеҳ билан зикр қилинмаган. Биламизки, инсон ҳеч қачон ўлимтик ҳайвон гўштини емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, ундан янада жирканади. Ўз туғишган биродарининг ўлган ҳолатида гўштини ейиш эса мутлақо инсониятга номуносиб ва ақлдан узоқ ишдир. Ғийбат шундай қабиҳ ҳолатга қиёсланмоқда. Бу эса виждони бор, ақли соғлом ва иймонли ҳар қандай кишининг қалбини ларзага келтиради.
Бундай мудҳиш гуноҳнинг жазоси ҳам, шубҳасиз, даҳшатлидир. Бунга Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам мисол бўла олади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб, ўзларининг юзларини ва куракларини тирнаётган эдилар. Буни кўриб, ажабланган Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жаброил алайҳиссалом, булар ким?» деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: «Булар одамларнинг гўштини ейдиган ва уларнинг обрўларини тўкадиган кишилар», деб жавоб бердилар» (Абу Довуд ривояти).
Ғийбат сўзларга қулоқ солиб турган киши ҳам ғийбатчининг гуноҳига шерик бўлади. Зеро, ҳадисларда ғийбат эшитувчи ҳам ғийбатчиларнинг бири эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бошқа мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан: Абу Дардо разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади» (Имом Термизий ривояти).
Демак, ғийбатчининг ғийбатини тўхтатиб, мусулмон биродарини ҳимоя қилишнинг мукофоти жаннат бўлса, суҳбатга қўшилиб, ғийбатга шерик бўлишнинг оқибати аламли азобдир.
Дарҳақиқат, ғийбат деган бу иллат шундай нарсаки, у кишининг оғзидан чиқиши биланоқ, атрофга ёйилиб кетади. У шундайин ёмон нарсаки, тиллардан чиқиб, дилларни хуфтон қиладиган иллатдир.
М. Қораев
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби