Ҳизбут таҳрир вакилларининг яна бир бузуқ эътиқод ва қарашларидан бири Дажжолнинг чиқишининг инкор қилинишидир.
Қиёмат кунининг борлигига келтириладиган далиллар иккига бўлинади.
1. Нақлий далиллар (бошқаларнинг хабари).
2. Ақлий далиллар.
Нақлий далиллар, қисқа қилиб айтганда, инсоният тарихидаги барча динлар иттифоқ қилишганки, инсон ўлгандан сўнг, қайта тирилади ва бу дунёда қилган ишларининг ҳисоб-китоби бўлади.
Ақлий далилларга келсак, барча-барча одамлар қадимгилар ҳам, ҳозиргилар ҳам, саҳродагилар ҳам, шаҳардагилар ҳам, ҳатто энг чекка жойларда яшайдиганлар ҳам, илмлилар ҳам, илмсизлар ҳам ўзида бир илҳомга ўхшаш махфий сезги борлигини биладилар. Бу сезги айтадики, бу дунёдаги ҳаётдан сўнг яна бошқа ҳаёт бўлади. Унда ҳозирги ҳаётда топилмаган адолат ҳақиқатга айланади, ҳар бир инсон ўзининг қилган ишига яраша мукофот ёки жазо олади.
Қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Албатта, бу маълумотлар асосан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан зикр қилинган.
Дажжолнинг чиқиши қиёматнинг энг катта аломатларидан биридир. Дажжол аслида унинг лақаби. Кўп алдамчилик қилиши учун шу лақабни олган. Шунингдек, у ҳақни ботил ила кўмиб ташлаш қобилиятига ҳам эга. У асли яҳудий одамдир. Мадинаи Мунавварага нисбатан машриқ тарафдан чиқади. У одамлар орасида аҳли салоҳликни ва тақводорликни даъво қилади. Кейинроқ худолик даъвосини қилади. Унга жуда кўп одамлар, хусусан, яҳудийлар эргашади. Унинг тана тузилишида ўзига хос аломатлари бўлади. Бир кўзи теп-текис бўлади. Боласи бўлмайди. Макка ва Мадинага кира олмайди. Пешонасига кофир деб ёзилган бўлади.
Дажжол ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида туриб Аллоҳга лойиқ ҳамду сано айтдилар ва Дажжолни зикр қилиб: “Албатта, мен сизларни ундан огоҳлантирурман. Ҳар бир набий ҳам, албатта, ўз қавмини ундан огоҳлантирган. Лекин мен сизларга унинг ҳақида ҳеч бир набий ўз қавмига айтмаган гапни айтурман. Шубҳасиз, у ғилайдир. Албатта, Аллоҳ ғилаймасдир”, дедилар”.
Аллоҳ таоло кишиларни синаш учун Дажжолга турли нарсаларни бериб қўяди. Жумладан, у ўликни тирилтириш, ёмғир ёғдириш, ерни ҳосилдор қилиш ва шунга ўхшаш ишларга Аллоҳ таолонинг изни ила имкон топади. Сўнгра ўзидан кетиб худолик даъвосини қилади. Ана шунда Аллоҳ таоло унинг ожизлик тарафларини зоҳир қилиб қўйгани иш беради. Унинг ғилайлиги, пешонасига кофир деб ёзиб қўйилганлиги ва у ўша нарсаларни ўзидан кетказа олмаслиги уни фош қилади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дажжолнинг чап кўзи ғилай, серсоч. У билан жаннат ва дўзах бор. Унинг дўзахи жаннатдир, жаннати дўзахдир”, дейилган.
Шу сифатларидан уни таниб олиш осон. Дажжолнинг чап кўзи қалин эт билан қопланган бўлиб у теп-текис ҳолда туради. Шунинг учун у “Масийҳ”, яъни, текисланган деб ҳам аталади.
Дажжолга берилган сеҳр, баъзи одамларни ўлдириб бошқаларини тирилтириш каби нарсалар одамларни алдаб қўйиш хавфи бор. Шунинг учун унинг чиққанини эшитиш билан унга йўлиқмасликка ҳаракат қилмоқ керак. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Макка ва Мадинадан бошқа ҳар бир юртни, албатта, Дажжол оёқ ости қилади. Иккисининг ҳар бир йўлини фаришталар саф бўлган ҳолларида қўриқлайдилар. Шунда у тузли ерга тушади. Кейин Мадина уч марта титрайди ва ундан барча кофир ва мунофиқ у (Дажжол) томон чиқади”, дедилар”. Дажжол Мадинаи Мунавварани қўриқлаб турган фаришталарни кўриб тузли ерда тўхтайди. Унинг келганини эшитиб Мадинадаги барча кофир ва мунофиқлар чиқиб олдига боришади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжолнинг таги паст, ҳеч нарсага арзимаслигини ҳам айтдилар ва шу билан бирга унинг фитнаси энг катта фитналигини ҳам таъкидладилар. “Сизлардан ким унга эришса, унга қарши “Каҳф” сурасининг бошланишини ўқисин”.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким “Каҳф” сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади”, дедилар”.
Аллоҳ таоло башариятни, унинг ёмонлик ва мусибатларидан қутқариш учун Исо алайҳис-саломни ер юзига туширгунча, у мавжуд ва тирик бўлади. Дажжолнинг бундай узоқ умр кўришининг сири, қуйидагича бўлиши мумкин. Дажжол, ёмонлик, фитна, залолат ва макр-ҳийла жиҳатидан Иблисга ўхшайди. Аллоҳ таоло Иблис ва унинг ёрдамчиларига қиёматга қадар яшамоқ учун муҳлат берганидек, Дажжолга ҳам қиёматга қадар тирик қолишга рухсат берган. Зеро Дажжол бутпараслар пушту-паноҳи, йўлбошчисидир.
Эътиборли жойи шундаки, Дажжолнинг номи Қуръонда очиқ-ойдин келмаган. Ҳақиқатда, нима учун у зикр қилинмаган? Албатта бу мулоҳазада жон бор. Лекин Аллоҳ, Дажжолни эътиборга олмагани, унинг ишини назар-писанд қилмагани учун, бу пасткашнинг номини Қуръони Каримда зикр қилмаслиги, эҳтимол, мўминларнинг қалбига хотиржамлик бахш этар. Чунки, у ҳақиқатда заиф, ҳақир ва алдоқчи. У “Мен, ибодатга лойиқ илоҳман”, деб одамларни алдайди.
Ибн Касир айтади: “Дажжол, ўзи даъво қилаётган рубубият мақомига нисбатан нуқсони аниқ ва равшандар. Дажжолнинг Қуръонда зикр қилинмаслиги, мўмин бандаларга имонни, Аллоҳ ва расулига таслим бўлишни зиёда қилишини билгани учун, Аллоҳ уни зикр қилмади, каломида номини айтмади.
Яна биз набий (с.а.в) ўз ҳадиси шарифларида, Дажжолнинг чиқишини таъкидлаганларига, унинг фитнасидан огоҳлантирганларига ишора қилиб ўтмоқчимиз. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в) намозларининг охирида, ташаҳуддан кейин, Дажжолнинг ёмонлигидан паноҳ тилашни доимий одат қилганларининг ўзи бизга кифоя қилади.
Оиша (р. а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деб дуо қилар эдилар:
“Аллоҳим! Мен Сендан, дангасаликдан, қариб қартайишдан, гуноҳдан, қарздор бўлишдан қабр фитнаси ва қабр азобидан, дўзах фитнаси ва дўзах азобидан ва бойлик фитнасининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан яна фақирлик фитнасидан паноҳ беришингни, Масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим! Менинг хатоларимни сув, қор ва дўл билан ювгин. Оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбимни ҳам хатолардан тозалагин. Машриқ билан Мағрибни узоқлаштирганинг каби, мен билан хатоларим орасини ҳам узоқлаштиргин.”
Дажжол тўсатдан, бирон-бир белгисиз чиқиб келмайди. Чунки унинг чиқиши жуда хатарли бўлиб, қиёматнинг яқинлашганини ва ернинг умри тугаганини билдиради. Унинг чиқиши катта фитна бўлади. Жуда кўп инсонлар Дажжол макрининг қурбонлари бўладилар. Ҳақ билан ноҳақ аралашиб кетади. Инсонларнинг динлари ҳам бузилиб кетади. Шунингдек, бу лаънати илоҳликни даъво қилиб одамларга, “Мен сизларнинг раббингизман “-дейди. Шунинг учун, унинг чиқиши тасодиф бўлмайди. Балки ундан олдин аломат ва белгилар бўлади. Хузайфа ибн Яман (р.а)дан ривоят қилинади: “Мадинада, девор соясида ўтирган эдик. Расулуллоҳ (с.а.в) хоналарида эдилар. Бизни олдимизга чиқиб дедилар: “Нима қилиб ўтирибсизлар?” Биз айтдик: “гаплашиб ўтирибмиз”. - Нима ҳақида гаплашяпсизлар? - Қиёмат ҳақида. - Сизлар, ундан олдин ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат бўлмайди. Аввалгиси қуёш мағрибдан чиқиши, сўнгра тутун, сўнгра Дажжол, сўнгра ер ҳайвони, сўнгра уч марта ер ютиши, машриқда бир марта, Араб жазирасида бир марта (учинчиси айтилмаган), Исонинг чиқиши, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши, охирги аломат Ямандаги, Аданнинг чуқур қаъридан чиқадиган олов. У биронта одамни қолдирмай маҳшарга ҳайдаб боради”.
Аллоҳдан, Масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришини сўраймиз. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби:
Муҳаммади ҚОРАЕВ