Дунёни ҳам охиратни ҳам унутмайлик!
5502
6-09-2021, 15:55
340
Ўқиш режими
+
-
Динимизнинг аҳамият билан қарайдиган масалалардан бири меҳнатсеварликдир. Аллоҳ меҳнатсеварликни ҳам ибодатдан санаган ва фарз қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюради:
"Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни унутмагин". ("Қасос" сураси, 77-оят).
Бу дунёси учун меҳнат қилмаган киши қашшоқ бўлиб қолади, бошқа кишига муҳтож бўлади, Аллоҳ олдидаги ибодатларини тўла-тўкис адо этолмайди, боласини ўқита олмайди, нодон бўлиб, оғир аҳволга тушиб қолади.
Шунингдек, дунёга ортиқча берилиб, охиратни унутган кишиларда ҳам мана шунга ўхшаган ҳолатлар юз беради. Дин, имон заифлашади, масжидларда намоз ўқувчилар камаяди, кишилар ўртасидаги яқинлик ва муҳаббат тугайди, одамларнинг даражаси пул билан ўлчанади.Такаббурлик ортиб, дўстлик ва қардошлик камаяди. Буларнинг иккаласи ҳам зарарлидир.
Шунинг учун мусулмон киши бу дунёни ҳам, охиратни ҳам унутмаслиги керак. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай деганлар: "Чинакам мусулмон охиратдан ҳам, бу дунёдан ҳам воз кечмайди. Дунёсини қолдириб, ёлғиз охирати учун қайғурувчи киши хайрли, яхши мусулмон эмас. Охиратни унутиб, ёлғиз бу дунёси учун киришувчи ҳам хайрли мусулмон эмас. Одамларнинг хайрлиси, яхшиси бу дунёси учун охиратдан кечмайди, охирати учун бу дунёсидан кечмайди, иккаласини бирга олиб боради ва бошқаларга оғирлик туширмайди".
Демак, ҳақиқий мусулмон дунё ва охират ишларини бирга олиб борган кишидир. Бошқа бир ҳадисларида ҳам пайғамбаримиз: "Бу дунё учун ҳеч ўлмайдигандек бўлиб меҳнат қил, охират учун эса худди эртага ўлаётгандек бўлиб меҳнат қил", - деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таоло жума сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки, зафар топсангиз”.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин мусулмонларнинг Ўзининг иботадидан кейин ер юзида тарқалиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга чақириш билан бир қаторда, ризқ Аллоҳнинг фазлу марҳамати эканига ҳам урғу берилган. Зоҳиридан инсон ўз ҳаракати билан эришгандек кўринадиган ризқ аслида бандасига Аллоҳнинг фазлу марҳаматидир.
Хулоса ўрнида Абу Лайс Самарқандийнинг қуйидаги ўгитларини келтирамиз: “Ким касби ҳалол бўлишини истаса беш нарсани маҳкам тутсин: Касби туфайли Аллоҳ таолонинг фарзларидан бирортасини ортга сурмасин ва уларда нуқсонга йўл қўймасин; Касб туфайли Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бирортасига озор бермасин; Касбига мол жамлаш ва кўпайтиришни эмас, ўзи ва аҳли-аёлининг иффатини сақлашни ният қилсин; Касб қиламан деб, ўзини ортиқча қийнаб юбормасин;Ризқни Аллоҳ таолодан деб билсин, касбдан деб эмас, касб сабаб холос”.
Азамат УСМОНОВ