1443 йил 13 Сафар | 2021 йил 20 сентябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:08
Sunrise
06:23
Dhuhr
12:30
Asr
16:51
Maghrib
18:37
Isha
19:52


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳасадчи руҳий азобда яшайди

7-09-2021, 16:26 33 Ўқиш режими + -
Ҳасад – бировдаги неъматнинг ундан кетиб, ўзига келишини хоҳлашдир. Бу неъмат хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ диний бўлсин, фарқи йўқ. Бошқача қилиб айтганда, ҳасад бировнинг ютуғини, муваффақиятини кўролмаслик, ичиқораликдир. Ҳасад динни бузадиган, мўминга азият берадиган салбий иллатдир. 
 Қуръони каримда ҳасадгўйларни ёмонлаб бир неча оятлар нозил қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар: “Ҳасаддан сақланинглар! Чунки, олов ўтинни еганидек, ҳасад ҳам яхшиликларни еб битиради”. 
Ҳасад Аллоҳ таолонинг берган тақсимотига рози бўлмаслик аломатидир. Чунки, ҳасадгўй “Оҳ, қанийди фалончининг молу давлати, обрў иззати унда эмас, менда бўлганда, роҳат-фароғатда яшар эдим” қабилидаги хомхаёлларни қилади. Албатта, бу каби сўзлар Аллоҳнинг берган ризқига қаноатсизлик белгиси ҳисобланади. Ҳолбуки, Аллоҳ бир неъматни бировга бекордан-бекорга бермайди. Бунинг сир ва ҳикмати Ўзигагина аёндир. 
Банда ҳасад қилгани билан ўша неъматни йўқ ҳам, ёрдам қилгани билан бор ҳам қила олмайди. Шунинг учун ҳам ҳасадгўй доимо умидсизлик ва ҳасрат доғида эзилиб юради. Қанча мол-дунёга эга бўлмасин, қалбидаги ҳасад иллати борлиги учун ўша молидан фойдаланиб, роҳат фароғатда яшай олмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин одам ҳавас қилади, мунофиқ одам эса ҳасад қилади” деганлар. 
Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу шундай деганлар: “Ҳасад ҳасадгўйнинг адоватидан, кибр ва бадбахтлигидан келиб чиқадиган ёмон иллатдир. Шунинг учун ҳасад қилувчи доимо руҳий азобда яшайди. Бир кишининг муваффақиятини кўргани ҳамон ҳасад оловида ёнади. Ҳасадгўйга бундан ҳам қаттиқ жазо бўладими?!” 
Биз юқорида айтдикки, агар бировдаги неъмат ундан кетиб, ўзига келишини истаса, бу ҳасад бўлади. Ушбу ҳасад ҳар қандай ҳолатда ҳам қаттиқ қораланган, қайтарилган иллат, уни қилиш эса оғир гуноҳдир. 
Агар бировдаги неъмат ундан кетишини истамай, ўзида ҳам ўшандай неъмат бўлишини хоҳлаш ҳавас дейилади. Бу нарсадан эса қайтарилмаган, аксинча, мақталган. 
Баъзи донишмандлар айтишган: “Ҳасадгўй ҳеч қачон мақталмайди, балки, фақат ёмонланади, пасткаш деб билинади, фаришталар томонидан уларга фақат лаънат ва ғазаб бўлади, ёлғиз ўзи ўтирганда доим безовта ва ғамгин бўлади, бошига қийинчилик тушганда уни қаттиқ қўрқув қамраб олади, дўзахда эса даҳшатли азоблар, қайноқ ҳарорат ва ёнишга мубтало бўлади”. 
Ҳaсaдгўйлaр ўлaди-ю, ҳaсaд ҳeч қaчoн ўлмaйди, деган эди файласуфлардан бири. Ҳақиқатдан ҳам, одамларга ҳасад қилиб, ҳам ўзини ҳам бошқаларни қийнаб юрганлар вафот этгани билан, барибир ҳасад ўлмайди. Энг ачинарлиси, у ҳамма қалбда ҳам бўлар экан. Фақат, иродалилар, ўзини ҳурмат қилган, ҳалоллик ва самимиятга ошуфта қалб соҳиблари ичидаги ҳасадни ҳавас ёрдамида ўлдиришга эришишар экан. Бадбинлик, манманлик, кекчи, жиззакиликка мойил кишиларда эса ҳасад кучли ривожланиши ҳақида мутахассислар эътироф этишяпти. 
Демак, ҳасад деган бедаво «дард»га йўлиқмаслигимиз учун, аввало, кўнгилни кенг тутишимиз, феълимиздаги аразчилик, жиззакилик, урушқоқлик каби ҳам соғлигимизга, ҳам турмушимизга соя ташлайдиган хусусиятлардан чекинишимиз ва албатта, бирор муваффақият ё омадга эришганларни кўрганимизда, эшитганимизда, «Аллоҳ зиёда қилсин, буюрсин, илоҳим, менга ҳам шундай бахт насиб этсин» деган ниятни астойдил кўнгиллашимиз даркор экан.

А. Асқаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси