1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲУСНИ ХУЛҚ ВА ЧИРОЙЛИ МУОМАЛА – ДИНИМИЗ ТАЛАБИ! (1-қисм)

16-09-2021, 13:31 379 Ўқиш режими + -
ҲУСНИ ХУЛҚ ВА ЧИРОЙЛИ МУОМАЛА – ДИНИМИЗ ТАЛАБИ!
(1-қисм)

Маълумки, динимиз  ҳусни хулқли, хуш муомалали, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлиш, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқларга чақиради. Гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади.  Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламда мукаммал ва бенуқсон ҳолда ўз аксини топган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мақтаб бундай деган:
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
яъни: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! (Қалам сураси 4-оят). Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон ва барча яхши хулқларни ўзларида жамлаган Зот эканларига асло шубҳа йўқ.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга қуйидагича насиҳат қилганлар:
"يا أبا هريرة! عليك بحسن الخلق" قال أبو هريرة رضي اللّه عنه: وما حسن الخلق يا رسول الله؟ قال: "تصل مَنْ قطعك، وتعفو عمن ظلمك، وتُعطي من حرمك"
(رواه الإمام البيهقي عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Эй Абу Ҳурайра! Ўзингизга ҳусни хулқни лозим тутинг!”. Шунда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: Ё Расулаллоҳ! Ҳусни хулқ нима? – деб, сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Сиздан силаи раҳмни узган билан уни боғлашингиз, сизга зулм қилган кишини кечиришингиз ва сизни маҳрум қилган кишига инъом қилишингиз ҳусни хулқдир”, - дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).
Шунингдек, ҳусни хулқли киши деб – очиқ юзли, чиройли муомалали, кечиримли, оғир-босиқ, ўзгаларга фойдаси тегадиган, беозор, ҳаёли, ғазабини жиловлай олган, ростгўй ва шу каби яхши хислатларни ўзида мужассам қилган кишига айтилади.
Динимизда гўзал хулқ соҳибларига катта ажру савоблар ва юксак мақом ва мартабалар ваъда қилинган. Улардан баъзиларини қуйида баён қиламиз:
  1. Гўзал хулқ – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
أناَ زَعِيْمٌ بِبَيْتٍ فِي رَبَضِ الْجَنَّةِ لمَن تَرَكَ الْمِرَاءَ وَإِنْ كَانَ مُحِقًّا ، وَبِبَيْتٍ فِي وَسَطِ الْجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الكَذِبَ وَإِنْ كَانَ مَازِحًا ، وَبِبَيْتٍ فِي أَعْلَى الْجَنَّةِ لِمَنْ حَسُنَ خُلُقُهُ
(رواه الإمام أبو داود عن أبي أمامة الباهلي رضي الله عنه)
яъни: “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишмаган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
  1. Гўзал хулқ – Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг яхши кўрган инсон бўлишга сабабдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар:
إِنَّ مِنْ أَحَبِّكُمْ إِلَيَّ وَأَقْرَبِكُمْ مِنِّي مَجْلِسًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَحَاسِنَكُمْ أَخْلَاقًا، وَإِنَّ أَبْغَضَكُمْ إِلَيَّ وَأَبْعَدَكُمْ مِنِّي مَجْلِسًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ الثَّرْثَارُونَ ، وَالْمُتَشَدِّقُونَ ، وَالْمُتَفَيْهِقُونَ قالوا: يا رسولَ اللَّهِ، قد علِمنا الثَّرثارينَ والمتشدِّقينَ فما المتفَيهقونَ؟ قالَ: المتَكَبِّرونَ
(رواه الإمام الترمذي عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه)
яъни: “Қиёмат куни менга маҳбуброғингиз ва яқинроғингиз хулқлари чиройлироғингиздир. Қиёмат куни мен учун ёқимсизроғингиз ва мендан узоқроғингиз сергап, кўп вайсайдиган ва “мутафайҳиқлардир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, биз сергап ва кўп вайсайдиганларни биламиз. “Мутафайҳиқлар” кимлар?” деб сўралди. У зот: “Мутакаббирлардир”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривоятлари).
  1. Гўзал хулқ – Қиёмат куни мезонни оғир бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар:
مَا شَيءٌ أثقلُ فِي مِيْزَانِ الْمُؤْمِنِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِن خُلُقٍ حَسَنٍ، فَإِنَّ اللَّهَ تَعَالَى لَيُبغِضُ الْفَاحِشَ الْبَذيءَ
(رواه الإمام الترمذي عن أبي الدرداء رضي الله عنه)
яъни: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур”, (Имом Термизий ривоятлари).
Қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозусида яхши амаллари оғир келиб жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши керак. Ҳусни хулқли бўлмай, фаҳш гап ва ишларни қиладиган, тилида чиркин сўзларни айтадиган кишини эса Аллоҳ таоло ёмон кўради. Шунинг учун ҳусни хулқли бўлиш ва фаҳшдан ҳамда чиркин гап-сўзлардан йироқ бўлишимиз керак.
Хусусан, ҳозирги пайтда ҳусни хулқ мавзусига ижтимоий тармоқлардаги мулоқотларимизда ҳам жуда муҳтожмиз. Айниқса, айрим ёшлар ҳаётда ўзларини одобли тутсаларда, ижтимоий тармоқларда мутлақо ўзгача хулқда бўлишлари ачинарли ҳол. Ўзаро ёзишма ва мулоқотларда бировларни ҳақорат қилиш, камситиш, инсонларни ғийбат қилиб, обрўсизлантириш оддий ҳолга айланмоқда. Аслида, шариатимизга кўра “Ал-мактуб – кал-махтуб” яъни, “Ёзилган сўз – айтилган гап билан баробар” деган қоида бор. Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир гап-сўзини ўйлаб ёзиши,  ғийбат ва бўҳтон ҳамда ўзгаларга қўполлик ва зулмдан жуда эҳтиёт бўлиши зарур.
(давоми бор)


ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди