Кашандалик - ёмон иллат
5568
17-09-2021, 10:12
440
Ўқиш режими
+
-
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ва зотнинг оиласи, сахобалари ҳамда уларга яхшилик билан эргашган кишиларга салавот ва саломлар бўлсин.
Ислом шариатида инсон жони ва ақлини сақлаш ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шунга биноан шариатда жон ва ақл ўз вазифасини мукаммал равишда адо этишида риоя қилиши лозим бўлган илоҳий кўрсатмалар батафсил баён этилган. Агар мусулмон киши Аллоҳ таолонинг бу ҳаётий тавсияларига риоя қилса, унинг икки дунёда ҳаёти намунали кечади ва жамият олдида инсон деган улуғ номни эъзозлаган бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни бошқа мавжудодлардан кўра ақлли ва мукаррам қилиб яратиб, уни денгиз-у қуруқликларга молик этиб, унга чиройли ризқ-рўзи берганини эслатиб айтади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).
Минг афсуслар бўлсинки, бугун Ислом уммати, хусусан, унинг ёш авлоди маст килувчи ичимликларни ичиш ва сигаретларни чекиш каби оғу ва ёмон одатларга мубтало бўлди. Сигарет таркибида огир захарли кўргошин оксиди, саратон (рак) касаллигига сабаб бўладиган бензобурин моддаси, никотин, хашаротларни ўлдиришда кўлланиладиган спирт ва захарли бўлган бошка моддалар бор.
Чекишнинг инсонга катта зарарлари бўлиб, у турли касалликларни келтириб чиқаради. Саратон (рак), сил, огиз, лаб, тил, кичик тил, ҳазм ва нафас олиш аъзоларининг яллиғланиши ҳамда сийдик йўллари касалликлари шулар жумласидандир.
Чекишнинг наслга, бундан ташқари ишлаб чикаришга таъсири, иқтисодий зарарлари бўлиб, ёнғин ва йўл ҳаракати ҳодисалари, атроф-муҳитнинг кирланиши ва бундан бошқа жамият учун кўп зарарлари бор. Бу балодан қутулишда Аллоҳ ўзи куч-қувват берсин.
Чекишнинг ҳаром эканига Қуръон ва суннатдан далиллар:
Сигарет Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаган даврда йўқ эди. Шундай бўлсада, бизниг муаззам динимиз, остида кўплаб жузъий нарсалар ётган умумий асосларни олиб келди. Ислом уламолари ушбу умумий асослар билан чекишнинг ҳаром эканига далиллар келтирдилар:
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “У пайғамбар пок нарсаларни улар учун ҳалол ва ифлос нарсаларни уларга ҳаром килади”. (Аъроф сураси, 157-оят) Заррача ақли бўлган одам чекишниг ифлос-жирканч нарсалардан бири эканига шубҳа қилмайди. Чунки «ифлос» сўзи таъми ва ҳиди ёқимсиз бўлган нарсаларга ишлатилади. Қолаверса, дин ва тиббиёт олимлари сигаретнинг ифлос нарса эканига иттифоқ килганлар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ҳеч ҳам исроф қилманг! Чунки исроф қилувчилар шайтонларнинг дўстларидир”. (Исро сураси, 27-оят)
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Исроф қилманглар! Аллоҳ исроф қилувчи кимсаларни ёқтирмайди”. (Анъом сураси, 141-оят)
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни бериб қўймангиз”. (Нисо сураси, 5-оят)
Оятдаги “аклсиз”дан мурод бойликларини ўринли тасарруф қила олмайдиган кимсадир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Аллоҳ сизлар учун миш-миш, кўп савол бериш ва молни зое қилишни ҳаром қилди”, дедилар. (Муттафақун алайҳи).
Шубҳасиз, чекиш молни зое килишдир. Чунки у Аллоҳ таоло айтганидек: “На семиртиради ва на оч қоринни тўйдиради”. (Ғошия сураси, 7-оят)
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманглар! Аллоҳ сизлар учун раҳмлидир”. (Нисо сураси, 29-оят)
Кашанда шаръий далилсиз ҳалокатли нарсаларни истеъмол қилади ва ўз жонини хилма-хил касалликларга мубтало қилади. Уламолар захар, тупроқ, шиша, тош ва зарарли бўлган барча нарсаларни истеъмол қилишни соғликни ҳимоя қилиш учун ҳаром қилдилар.
Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Захар ичиб ўз жонини қатл этган кимса жаҳаннам оловида захарларни мангу ичади”,дедилар. (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти)
Чекиш — ўз жонини аста-секин қатл этишдир. Табиблар ўлимининг сабаби чекиш бўлган кимсаларни ўз жонларига қасд қилган деб ҳисоблайдилар. Бир жонни ўлдириш эса, у бевосита ёки билвосита, секин ёки тез бўлсин, ҳаромдир. Чунки натижа бир хилдир. Чекиш баъзида ўлимга олиб бормасада, лекин, кашанда ўз қувватини йўқотади. Балки, чекиш инсон вужуди ва қувватини парчалаб ташлайдиган хатарли касалликларга олиб боради.
Илоҳим, бизларни чекиш балоси ва жаҳаннам азобидан сақла. Соғлигимиз ва жасадимизни бизлар учун сақла. Оғизларимиз ва қалбларимзни пок ҳамда фикр ва тушунчаларимизни тўғри қил. Бизларни гўзал хулк ва одатларга ҳидоят қил. Бизларга имонни, ширин бўлган ҳид ва амалларни севимли қил.
Қодиров Омон
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси