Сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик
5570
18-09-2021, 10:30
428
Ўқиш режими
+
-
Сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик
Муқаддас динимизнинг илоҳий таълимотида инсон учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш, зарурлиги алоҳида таъкидлаган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар: Ибн Аббос р.а. ривоят қилиб айтадилар, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Икки неъмат бор, кўпчилик кишилар бу иккисининг қадрига етмайдилар: сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, сиҳат-саломатлик шунчалик улуғ неъмат бўлишига қарамасдан, унинг қадрига кўпроқ уни йўқотган кишилар етади. Шунинг учун араб мақолларининг бирида айтилади: “Саломатлик соғлом кишиларнинг бошидаги тождир, уни эса фақат беморларгина кўради”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар:
Абдуллоҳ бин Усмон р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Аллоҳдан офиятни сўранглар, зеро, бандага офиятдан афзал нарса берилмаган” (Имом Аҳмад ривояти). Офият, бу саломатлик ва омонлик демакдир. Шунга биноан, ота-боболаримиз қачон ва қаерда бўлмасинлар Аллоҳ таолодан биринчи навбатда тинчлик ва саломатликни сўрайдилар.
Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар келтирадиган гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан сақланмоқлиги лозим. Ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини Ғарб ва Шарқ табиб-докторлари бир овоздан тасдиқлаганлар.
Инсон ҳаёти, айниқса, ёшлар келажагига раҳна солиши мумкин бўлган, гиёҳвандлик, ичкиликбозликга қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқароси, қолаверса ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд зарарли иллатларни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг шарафли бурчидир.
Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ, деган нақлга мувофиқ динимизда саломатликни асрашга катта эътибор қаратилган ва унинг олдини оладиган барча омиллар кўрсатиб берилган. Масалан, динимизнинг поклик ва озодаликка барпо қилингани, мудом моддий ва маънавий покликка буюрганининг ўзи ҳам шунга далолат қилади. Шунингдек, қайси амаллардан қайтарган ва нима нарсаларни ҳаром қилган бўлса албатта, унинг замирида ҳам инсоннинг соғлигини асраш, умуман ҳаётини ҳимоя қилиш мақсади ётади. Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Қайси қавмда фаҳш ишлар пайдо бўлиб, ҳатто уни ошкора қилишга ўтсалар, у қавмда вабо ва ўтган ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқалади” (Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳозирги кунда ОИТС деган касалликнинг асл пайдо бўлиш ва тарқалиш сабаби айнан фаҳшу мункар ишларга ружу қўйиш, ор-номус, ибо-ҳаё, иффат каби фазилатларни унутиб, разолат йўлига ўтиш эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, аждодларимиз ҳатто эшитмаган бундай офатдан сақланишимиз учун миллий ва диний қадриятларимизга риоя қилишимиз ҳам муҳим ўрин тутади.
Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлмиш соғлигимизни асрайлик, саломатлик вақтимизни ғанимат билиб, эл-юртимиз манфаати ва равнақи йўлида ҳалол ва савобли амаллар қилиш билан бу неъматнинг қадрига етиб, шукрини бажо келтирайлик. Зеро, шукронаси адо этилган неъмат бардавом ва безавол бўлади.
Саид Худойқулов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси