Абдуллоҳ Зуфарнинг нохолис даъвосига раддия (1-қисм)
5597
21-09-2021, 17:29
281
Ўқиш режими
+
-
Оламлар Робби Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.
Охир замон пайғамбари Муҳаммад мустафога мукаммал саловат ва саломлар бўлсин.
Сўнги вақтларда асли Ўзбекистонлик ҳозирги вақтда чет элларда яшириниб юрган, айрим ўзига дин хизматчилари унвонини бериб олган “даъватчилар” ғимирлаб қолгани сир эмас. Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Маҳмуд Абдулмўмин ва Абу Салоҳ сингари радикал руҳдаги кишилар шулар жумласидандир.
Мен “YouTube” тармоғида Абдуллоҳ Зуфарнинг биздаги имом домлалар ва бошқа диний соҳа вакилларининг унинг қилмишларига нисбатан билдирган муносабатига аталган ва унинг жавоби, бошқача қилиб айтганда раддияси жойлаштирилган аудиосини эшитиб қолдим.
Абдуллоҳ Зуфар сўзни қуйидагича бошлайди. “Куфр давлатида хизмат қилаётган киши ҳақиқий хизмат қилиши керак. Фақат чапак чалиб ўтирмаслиги керак. Бундай киши “муҳтарам...” деб (Ўзбекистонда давлат раҳбарига мурожаат қилишдан олдин ушбу сўзни қўллаш одат тусига кирган) ҳамма ишини олқишлаб ўтирмаслиги керак. Майли “муҳтарам” денг лекин давомидан “...бундай қилманг” деб ҳам айта олинг. Масалан, “муҳтарам президент ундай қилманг, бундай қилманг, одамларнинг дардини, муаммоларини эшитинг...” деб насиҳат қила олиш керак. Ана шунда ҳеч ким уларни ёмонламайди.
Булар (имомларни назарда тутмоқда) чиқадида: “сизлар ҳикматсизлик қилдинглар. Меҳробдан чаён чиқди...” дейди. Хўп! Биз ҳикматсиз иш қилибмиз, майли унда сиз чиқинг! Подшоҳни ҳикмат билан даъват қилинг! Ҳикмат ўзи нима!? Индамай ўтираверишми ёки чиройли қилиб етказишми!? Улар ўйлайдики, ҳикмат индамай ўтиравериш. Аслида ундай эмас. Мана Фиръавн қиссасида келган. Унга (Фиръавнга) “муҳтарам” деб бўлса ҳам, ўзини унга тобе қилиб кўрсатиб бўлса ҳам, даъват қилган, насиҳат қилган. Биз уларга (имомларга) таклиф қиламиз, биз ари инига чўп тиқиб “провакатция” қилаяпмиз экан, ҳикматсизлик қилмоқда эканмиз. Марҳамат, сиз ҳикмат билан амалга оширинг-чи! Биз бир кўрайлик-чи! Бунга ҳам чидамайди, унга ҳам чидамайди. Нимага чидайди булар ўзи!? Буларнинг мақсади фақат ботилга чапак чалишми!? Улар “секин – секин бўляпти мана...”, дейишади. Бир авлод кофир бўлиб ўлиб кетди. Сизлар кофир демасанглар ҳам бенамоз бўлиб ўлиб кетди. Барибир у ҳам дўзахий бўлади. Бутун бир бошли авлод на дини, на дунёси тузалмай ўлиб кетди. Мана айт-чи, нимаси тузалди? Мисол келтир-чи? Ўзгарган бўлса ҳам, жуда тор доирада, у ҳам бўлса баъзи шахсларда ўзгарган бўлиши мумкин. Бу туришда қачон ҳамма ўзгаради. Қиёмат бўлиб кетади-ку! Биргина масала ўзгариши учун ўттиз йил керакми энди!? Мана Умар ибн Абдулазиз замони икки йилда ҳаёт тамоман ўзгариб исломий тус олди. Биз уларни Умар ибн Абдулазиз бўлсин демаймиз, ўзимиз ҳам у кишидек бўла олмаймиз. Лекин ҳаётга қараганда катта ислоҳотлар учун диний ёки дунёвийми беш йил, ўн йил етиш керак-ку! Лекин бир дона ҳам ислоҳат юзага чиқмаса! Буни бир қадам олдинга, икки қадам орқага қадам ташлаш дейилади.”
Мана шу жойга етганда Абдуллоҳ Зуфар Фиръавн ва Мусо алайҳиссалом билан боғлиқ Қуръоний қиссани айтиб, унга хулоса ясайди. Кейин яна сўзида давом этиб, “...бугунги кунда хам худди ана шундай. Эшитма. Қамайди. Олиб кириш тақиқланган, дейди. Ўзингни йўлинга ҳақ бўлсанг, нега бунчалар..., масалан, шулар бир инсоф билан айтсин-чи, биз бирор марта сарой мулласини эшитма дедикми!? Мана шу одамни эшитма, дедикми!? Бизга тарафдор бўладими ёки мухолиф бўладими айтсин. Биз нимага ундай демаймиз. Чунки бизга ахлатга қўнган пашшани кераги йўқ. Бизга ахлатга қўнмайдиган одам керак. Бизнинг йўлимиз ҳақ эканига имонимиз комил. Шунинг учун ботилга кетган одамга ҳеч ҳам куюнмаймиз. Йўлларинг ҳақ бўлса, нимага бунча куюнасизлар. Ҳамма жойда – мактаб, масжид, телевидения, радиода бир хил – экстремистлар, экстремистлар деган гап. Ўзи йўлларинг ҳақ эканига ишонасизларми!? Йўқ! Ишонмайди. Одамлар ҳақиқатни билиб қолишидан қўрқишади”.
Энди Абдуллоҳ Зуфар томонидан айтилган гапларни бир таҳлил қилиб кўрайлик. Унинг “...куфр давлатида хизмат қилаётган киши ҳақиқий хизмат қилиши керак. Фақат чапак чалиб ўтирмаслиги керак.” – деган гапидан у Ўзбекистон куфр давлати, исломий давлат эмас демоқчилиги шундоқ кўриниб турибди. Хўш! Ҳақиқатда ҳам Ўзбекистон куфр давлатими ёки аксинчами? Ушбу саволга жавоб излаб фиқҳий манбаларга мурожаат қиладиган бўлсак, қуйидагича жавоб оламиз.
“Бу масалада аниқ бир ояти карима ёхуд ҳадиси шариф ворид бўлмаганлиги туфайли мазкур атамаларга нисбатан уламоларнинг ёндашувлари ҳам турлича бўлган.
Жумладан, Имом Сарахсий нақл қилишича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига кўра бирор юрт қуйидаги уч хил ҳолатнинг бирида дору-л-ҳарб ҳисобланади:
1) Ўша юрт арзу-т-турк (турк ерлари)га чегарадош бўлса, ва мазкур юрт билан арзул ҳарб (мусулмонларга қарши уруш ҳолатидаги жой) ўртасида бирорта мусулмоннинг уйи бўлмаса (бу сўз арзу-т-турк ёки арозий ат-турк деб аталувчи ҳудудлар Исломга мушарраф бўлишидан олдин айтилган.
Ҳозир эса бизнинг юртларни ҳам ўз ичига олган бу минтақалар мусулмон мамлакатлари ҳисобланади);
2) У юртда ўз иймонига хотиржам бўлган бирорта мўмин қолмаса ва ўз омонатига хотиржам бўлган бирорта зиммий қолмаса;
3) У юрт одамлари ширк аҳкомларини зоҳирона ва ошкора бажаришса;
Аммо, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг икки яқин шогирди ва издоши Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (р.ҳ.)ларга кўра эса, қачон бир юртнинг одамлари ширк аҳкомларини устун қилишса, ва бу уларнинг кўриниб турган зоҳир ҳолати бўлса, у юрт дору-л-ҳарб ҳисобланади. Аммо, зоҳир ва ғолиб бўлган ҳолат Ислом арконлари бўлса, у юрт дору-л-Ислом саналади. Бу борада яна бошқа кўплаб фикрлар ҳам бор.
Юқорида айтиб ўтилганидек, дору-л-ҳарб ва дору-л-ислом тушунчалари Ислом тарихининг муайян марҳаласига хос бўлган фиқҳий атамалар ва фуқаҳоларнинг фиқҳий қарашлари холос. Боз устига мазкур атамаларнинг аниқ таърифи борасида ҳам уламолар ҳар-хил фикрларни билдирганлар.
Ҳозирги замон уламолари илгари сураётган фикрга кўра барча давлатлар БМТга аъзо бўлиб, мазкур ташкилот хартиясини имзолагандан сўнг мусулмон давлатлар учун бирорта давлат дору-л-ҳарб ҳисобланмайди, балки, ҳатто мусулмонлар юрти бўлмаган диёрлар ҳам дору-л-аҳд (ўртада тинчлик ва сулҳ аҳди бўлган диёр) ҳисобланади, бинобарин, у юртларга ҳужум қилиш ёки ўша юртга борганда уларнинг қонунларини бузиш шаръан ҳаром бўлади.
Шунингдек, фуқаҳолардан бир тоифаси ҳозирги кунда аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган ҳар қандай мамлакатни дору-л-ислом ҳисобланишини илгари сурадилар.
Замонамиз уламоларидан Юсуф Қаразовийга кўра бугунги кунда ер юзида бирорта ҳам дору-л-ҳарб йўқ. Балки, мусулмонлар учун дунёнинг барча мамлакати, жумладан аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлмаган диёрлар ҳам дору-д-даъва (яъни даъватни етказиш диёри) ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунга келиб «дорул ҳарб» ёки «дорул куфр» каби тушунчалар ўз аҳамиятини йўқотган. Чунки, улар маълум марҳала ва даврга хос бўлган тушунчалар эди”.
Энди унинг “Майли “муҳтарам” денг лекин давомидан “...бундай қилманг” деб ҳам айта олинг. Масалан “муҳтарам президент ундай қилманг, бундай қилманг, одамларнинг дардини, муаммоларини эшитинг...” деб насиҳат қила олиш керак. Ана шунда ҳеч ким уларни ёмонламайди.” – деган сўзларига тўхталсак. Абдуллоҳ Зуфар бу гапи билан ҳеч ким давлат раҳбарига ҳақиқатларни айтмайди ҳатто айта олмайди демоқчи назаримда. Аслида ундай эмас, билакс бугун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси бевосита ёки билвосита ўзини қийнаб келаётган масала бўйича шахсан президентга ёки унинг номидан иш юритувчи ваколатли шахсларга мурожаат қилиши мумкин. Қолаверса, давлат раҳбарининг ўзи ўтган йиллар давомида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бутун халқ олдида тан олиб, уни ислоҳ қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берди. Ҳозирга қадар у айтган сўзининг устидан чиқишга қайсидир маънода эришди ҳам.
Давоми бор...
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом биим юрти
ўқитувчиси Қодиров Омон