1443 йил 19 Рабиъул аввал | 2021 йил 25 октябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:42
Sunrise
06:56
Dhuhr
12:21
Asr
16:04
Maghrib
17:45
Isha
18:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АҲЛИ СУННА ВА ЖАМОА УЛАМОЛАРИНИНГ МУТАШОБИҲ ОЯТЛАР БОРАСИДАГИ ЭЪТИҚОДИ

29-09-2021, 19:19 98 Ўқиш режими + -
Луғат илми мутахассислари “Қуръон” лафзининг “ўқимоқ”, “қироат қилмоқ”дан бошқа, “жамлаш” маъноси ҳам борлигини таъкидлайдилар. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маъно, ҳикмат ва аҳкомларини ўзида жамлаганига ишорат бордир.
Мана ўн беш асрдан буён кўпчилик “Қуръон” лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, унинг мусулмонларнинг муқаддас китоби эканлигини билиб келмоқда.
Лекин Қуръони Каримни таниш номининг луғавий маъносини ёки кимларнинг муқаддас китоби эканини билиш билангина бўлмайди. Фақатгина у  муқаддас китобни қандоқ китоб эканлигини билиш учун ҳам, махсус илм эгалари таърифига мурожаат қилишга тўғри келади.
Қуръони Карим оятлари муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши Оли Имрон сурасининг 7-оятида баён қилинган:

هُوَ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبَ مِنۡهُ ءَايَٰتٞ مُّحۡكَمَٰتٌ هُنَّ أُمُّ ٱلۡكِتَٰبِ وَأُخَرُ مُتَشَٰبِهَٰتٞۖ فَأَمَّا ٱلَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمۡ زَيۡغٞ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَٰبَهَ مِنۡهُ ٱبۡتِغَآءَ ٱلۡفِتۡنَةِ وَٱبۡتِغَآءَ تَأۡوِيلِهِۦۖ وَمَا يَعۡلَمُ تَأۡوِيلَهُۥٓ إِلَّا ٱللَّهُۗ وَٱلرَّسِخُونَ فِي ٱلۡعِلۡمِ يَقُولُونَ ءَامَنَّا بِهِۦ كُلّٞ مِّنۡ عِندِ رَبِّنَاۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّآ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ

“У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига ергашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар. 
“Муҳкам” сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади. “Муташобиҳ” сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади.
Мутошобиҳ оятлар борасида аҳли сунна ва жамоа олимларининг икки хил қарашлари мавжуд:
1.   Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади.
2.  Муташобиҳ оятларнинг таъвилини илимда собит бўлганлар ҳам билишлари мумкин.
Икки тоифа ҳам ўз қарашларига Оли Имрон сурасининг еттинчи оятини далил қилиб келтиришган. 
Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади деганлар оятдаги “Аллоҳ” лафзи жалоладан сўнг вақф қилиш вожиб деганлар ва ояти каримага қуйидагича маъно берганлар:
وَمَا يَعۡلَمُ تَأۡوِيلَهُۥٓ إِلَّا ٱللَّهُۗ وَٱلرَّسِخُونَ فِي ٱلۡعِلۡمِ يَقُولُونَ ءَامَنَّا بِهِۦ كُلّٞ مِّنۡ عِندِ رَبِّنَاۗ
“Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса: унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар.”
Ўзларининг бу қарашларига қуйидаги ривоятларни ҳам далил қилиб келтирганлар:
Оиша онамиз бу оят борасида шундай деганлари ривоят қилинган:
“Уларнинг илмда пухталиги муҳкам оятларга ҳам муташобиҳ оятларга ҳам иймон келтиришларидир. Улар муташобиҳ оятларнинг таъвилини билмайдилар.”
Ҳишом ибн Урва бу оят борасида шундай деганлар:
“Отам бу оят борасисда шундай деганлар: “Илмда пухта бўлганлар муташобиҳ оятларнинг таъвилини билмайдилар. Лекин улар “унга иймон келтирдик, барчаси Роббимизнинг ҳузуридандир, дейдилар.”
Муташобиҳ оятларнинг таъвилини бандалар ҳам билиши мумкин деган уламолар оятдаги “Аллоҳ” лафзи жалоладан сўнг вақф қилмаганлар ва ояти каримани қуйидагича тушунганлар:
وَمَا يَعۡلَمُ تَأۡوِيلَهُۥٓ إِلَّا ٱللَّهُ وَٱلرَّسِخُونَ فِي ٱلۡعِلۡمِ يَقُولُونَ ءَامَنَّا بِهِۦ كُلّٞ مِّنۡ عِندِ رَبِّنَا
“Унинг таъвилини Аллоҳ ва илмда пухта бўлганлар билади. (Илмда пухта бўлганлар) унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар.”
Ўзларининг бу қарашларига қуйидаги ривоятларни далил қилиб келтиришган:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: “Мен муташобиҳ оятларнинг таъвилини биладиган кишиларданман”, деганлари ривоят қилинган.
 Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Илмда пухта бўлганлар муташобиҳ оятларнинг таъвилини биладилар ва “унга иймон келтирдик”, деб айтадилар”.
Муҳаммад ибн Жафар ибн Зубайрдан ривоят қилинади: “муташобиҳ оятлардан ирода қилинган таъвилни Аллоҳ ва илмда пухта бўлганлар биладилар. Улар “унга иймон келтирдик, барчаси Роббимизни ҳузуридандир”, дерлар. 
Хулоса қилиб айтганда, муташобиҳ оятларнинг таъвили борлигида ихтилоф йўқ. Ихтилоф ўша таъвилни бандалар билишлари мумкинми ёки мумкин эмаслигидадир. Бугунги кунда баъзи тоифалар даъво қилганидек, салафи солиҳлар муташобиҳ оятларнинг зоҳирига эргашганлар деган даъволар ботилдир. Чунки салафи солиҳлар муташобиҳ оятларнинг таъвили борлигига иттифоқ қилганлар. Валлоҳу аълам. 

Муҳаммад Мирмаҳaматов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси