1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Исломда Устоз ва уламоларга эҳтиром (2-қисм)

1-10-2021, 16:26 426 Ўқиш режими + -
Исломда Устоз ва уламоларга эҳтиром
(2-қисм)

Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, шундай деган: “Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.
Яъни, илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, улар йўқликларида ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалбини кўр қилиб қўяди.
Аллома ибн Нажжорнинг “Тарих”ида Қози имом Абу Тоййибдан қилинган саҳиҳ ривоятда шундай воқеъни келтирилади “Биз Бағдоддаги жомеъ масжидда ўтирган эдик. Бир хуросонлик ёш йигит келиб, олимлардан бир масала ҳақида сўраб далилини талаб қилди. Шунда унга сўраган масаласини жавобини айтиб Абу Ҳурайа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ушбу масаланинг далили экани айтилди. Йигит: “Абу Ҳурайра ҳадиси ҳужжат бўладиган одам эмас” деди. У гапини тугатиб бўлмасдан “жомеъ” шифтидан катта бир қора илон тушди. Бу ҳолатни кўрган одамлар қўрқиб кетиб, ҳар томонга қоча бошлашди. Илон айни ўша йигитни таъқиб қиларди. Шунда йигитга қарата “ҳозир айтган гапингдан тавба қил” дейилди. У шошганича “тавба қилдим” деган эди илон ҳеч қандай из қолдирмай ортига қайтиб кетди”. Ушбу ҳикояни келтирган машҳур муҳаддис олим Ибн Салоҳ “ушбу ривоят ишончли санад билан собит бўлган бўлиб, ривоят қилганларни барчаси ишончли кишилардир” деган.
Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, устозлар ва илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насиҳатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳар бир инсон қўлидан келганича уларга нисбатан самимий бўлишга, ўзаро меҳр-муҳаббат асосида муомалада бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдандир”.
Дарҳақиқат, агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга бўлган муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида ўзгартиришимиз лозим. Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
الكَلِمَةُ الْحِكْمَةُ ضَالَّةُ الْمُؤْمِنِ فَحَيْثُ وَجَدَهَا فَهُوَ أَحَقُّ بِهَا
(رواه الامام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса ҳам олишга ҳақлидир” (Имом Термизий ривоятлари). 
Ушбу ҳадисда ҳар қандай фойдали илм, гарчи бир калима бўлса ҳам мўмин-мусулмон киши учун худди йўқотиб қўйиб, излаб юрган қадрли буюмига ўхшатилмоқда. Уни қаерда топсак ҳам бошқалардан кўра ўзимиз ҳақли эканимизни билишимиз керак.
Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъю-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
...إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ ... 
  (سورة الرّعد/11)
яъни: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)
Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилганига қарамай баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишмаяпти. Ваҳолангки, ёшлик даврида вақтнинг қадрига ётиш, ундан унумли фойдаланиш лозим. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ:
الْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ، كالنَّقشِ فِي الْحَجَرِ
яъни: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар.
Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: “Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан”. Яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни қоғоздан ўқигандек айтишим мумкин, дер эканлар.
Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар бир ота-она фарзандига биринчи устоз ҳисобланади. Бу устозлик фарзанд хоҳ боғчада, хоҳ мактабда ё хоҳ олийгоҳларда таълим олаётган бўлса ҳам давом этиши керак. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, қачон мактабдаги фарзандимизнинг ўқишлари, кундаликларидаги баҳолари, дарсликларининг аҳволи билан қизиқиб кўрдик. Қачон олийгоҳда ўқиётган фарзандимизнинг дарсга қатнаши, мутахассислигини ўзлаштириши, диплом ишлари билан шуғулландик. Агар фарзандларимизга ҳушёр ва эътиборли бўлсак, ҳозирги кунда қулоққа чалиниб турган пичоқбозлик, муштумзўрлик, маст қилувчи ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, турли адашган оқимларга эргашиш анча барҳам топган бўлар эди.
Шундай экан, ҳар биримиз устоз ва мураббийларни доимо ҳурмат ва эҳтиром қилиб, фарзандлар тарбиясида уларга ёрдамчи бўладиган бўлсак, ёшларимиз биз ўйлагандан-да илм-маърифатли, таълим-тарбияли, эл-юртига хизмат қиладиган етук шахслар бўлиб вояга етадилар, иншааллоҳ.

ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди