1443 йил 19 Рабиъул аввал | 2021 йил 25 октябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:42
Sunrise
06:56
Dhuhr
12:21
Asr
16:04
Maghrib
17:45
Isha
18:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Беморлардан ҳолидан хабар олайлик

5-10-2021, 10:53 63 Ўқиш режими + -
Беморлардан ҳолидан хабар олайлик

Инсон ҳаётда яшар экан, доимо тўй ва аза, иссиқ ва   cовуқ, очлик ва тўқлик, соғлик ва касал   каби синовлар қуршовида бўлади. Шундай синовлардан бири инсоннинг касал бўлишидир. Касаллик инсон учун синовдир. Албатта, инсон  касаллик Аллоҳ таолонинг имтиҳони эканлигини билиб, унга сабр қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва албатта сизларни хавфу хатар,очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат етганда: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг”. (Бақара сураси,155-156 оятлар). 
Албатта, касал бўлган киши касалликка сабр қилса, катта ажру савобларни қўлга киритади. Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасига дард беради. Босқон темирнинг зангини тўккандек,  дард ҳам инсоннинг гуноҳини тўкади. Аллоҳ таоло Айюб (а.с.)ни касаллик билан имтиҳон қилган. У зот берилган касалликка сабр қилдилар ва ажру-савобга эришдилар. Мана шундай имтиҳонда бўлган кишиларни бориб кўриш ва улардан хабар олиш дунёда энг катта савоб ишлардандир. Ҳадисда: “ Бир киши касал кўргани борса ёки йўқласа, Аллоҳ таоло унга: “Сен яхши қилдинг, бу келишинг яхши бўлди, жаннатдан бир жойни эгалладинг”, дейди”. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло қиёмат куни бандаларига: “ Эй бандам, Мен касал бўлдим, бориб кўрмадинг”, дер экан. Шунда банда: “ Эй Аллоҳ, сен бутун оламлар парвардигори бўлсанг, сени қандай қилиб кўргани борар эдим?”, дейди. Аллоҳ таоло: “ Агар сен фалон  касални кўргани борганингда гўёки мени касал ҳолда топган бўлар эдинг”, деб жавоб берар экан. Биз касал ётган кишининг миллати, динидан қатъий назар уни аҳволини сўрасак, Аллоҳ таолонинг хурсандчилигини топган бўламиз. Ва       касал бўлган кишини кўргани бориш билан ўзимизнинг инсоний бурчимизни ҳам бажараган бўламиз. Зеро, инсоннинг инсондаги олтита бурчидан бири инсон касал бўлса, уни бориб кўришдир.   Ҳадисда: “ Бирор киши касал ётган кишини бориб кўрса, то у қайтиб келгунча жаннат боғлари ичра  сайр қилиб юрган бўлади”.  
Дарҳақиқат, касал ётган кишини ҳолидан хабар олиб, унинг дуосини олиш ҳар бир инсон учун шарафдир . Яқинда бир киши: “Дўстларимдан бири оғир касал бўлиб ётиб қолди. Иш билан бўлиб,  касал кўргани бориш эсдан чиқиб кетибди. Бир куни кун ботар пайти касал кўргани бораман десам, шомдан кейин касал кўргани борилмайди, касалга ўлим тилаган бўлади, деб уйимдагилар боргани қўйишмади. Эртаси яна иш билан машғул бўлиб кетибман. Дўстимнинг вафот этганини хабари келиб қолди. Уни касал ётган пайтида бориб кўролмаганим бир умрга армон бўлиб қолди”, деди. Касал кўргани бориш кечиктириб бўлмайдиган савоб ишлардан ҳисобланади. Аслида, кун ботгандан кейин касал кўргани борилмайди, дейилгани нотўғри  ва мана шу нотўғри гап туфайли бир умрлик армон юзага келди. Аксинча, кун ботишдан кейин ёки эрталаб касал кўргани бориш ҳақида ҳадисда шундай дейилади: “ Ким кун ботгандан кейин касал кўргани борса, у билан бирга етмиш минг фаришта бирга боради ва улар тонг отгунча қадар касал кўргани келган киши учун истиғфор айтишади. Ва касал кўргани келган киши жаннат меваларини танаввул қилиш бахтига эришади. Ким эрталаб касал кўргани борса, у билан бирга ҳам етмиш минг фаришта бирга боради ва улар кун ботгунга қадар касал кўргани келган киши учун истиғфор айтишади. Ва жаннат мевалари билан мукофотланади”.  Касални кўришни ҳам ўз одоблари бор. Беморлар ҳолидан олишнинг қуйидаги одоблари бор:
-касал кўргани борган киши бемор ҳузурига очиқ юз, меҳр-муҳаббат билан киради;
- касал кўргани борган киши бемор ҳузурига салом  ва имкони борича бирон нима олиб борса яхши бўлади;
-касал кўргани келган киши беморга тасалли гапларни гапиради;
- касал кўргани борган одам жуда башанг ёки кир кийимлари билан бормаслиги керак. Тоза-озода, оддий кийимлар билан борса яхши ҳисобланади;
-касал кўргани борган одам бемор ҳузурида бўлар-бўлмасга кулмасин ёки йиғламасин;
-касал кўргани борган киши бемор ҳузурида узоқ туриб қолмаслиги керак;
-касал кўргани борган киши бемор ҳузурида паст овозда гапириши лозим;
-касал кўргани борган бемор билан хайрлашар экан, унга “ Тез кунларда худо хоҳласа, тузалиб кетасиз”, деган гапларни айтади. 
-қайтишда, агар касалнинг имкони бўлса, ундан дуо олиш яхшилик ҳисобланади.
 
Касал кўриш инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат алоқаларини мустаҳкамлайди. У инсонда меҳр-эътиборга муҳтож кишиларга нисбатан шафқатни ва бошқалар дардини ҳис қилиш каби фазилатларни юзага чиқаради. Касал кишиларни бориб кўриш жамият кишилари ўртасида оқибатли бўлиш, ҳар хил кунларда инсонларнинг бир-бирлари билан ҳамдард бўлишлари каби инсоний фазилатларини шакллантиради.                                                                                                      
Р. АКбаров,
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими