1443 йил 19 Рабиъул аввал | 2021 йил 25 октябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:42
Sunrise
06:56
Dhuhr
12:21
Asr
16:04
Maghrib
17:45
Isha
18:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Тасаввуфнинг мақсади нима?

7-10-2021, 20:17 36 Ўқиш режими + -
Тарихда юртимизда тасаввуфнинг илм сифатида шаклланишига улкан ҳисса қўшган кўплаб уламолар етишиб чиққан ва уларнинг асарлари халқимизнинг маънавий мероси ҳисобланади.
Тасаввуфнинг яна бир номи тариқат бўлиб, инсонни руҳий камолотга етиштирувчидир. Тасаввуф ҳақида турлича гап-сўзлар бўлиб, баъзилар тасаввуф мусулмон кимсанинг руҳий камолоти учун зарур ва шартдир дейдилар. Баъзилар эса тасаввуф асри саодатда бўлмаган, демак бу бидъат, дейишади. Яна баъзилар эса инсоф юзасидан сукут сақлашади.  
Энг кўп тарқалган тасаввуф тариқатларидан бири нақшбандийликдир. Баҳоуддин Нақшбанд «Аз-зоҳир лил-халқ ал-ботин лил Ҳақ», яъни зоҳирда халқ, ботинда Ҳақ билан бўлиб, тасаввуфий ҳаёт кечиришга чақирган. Нақшбандийлик тариқатининг ижтимоий, дунёвийлик жиҳати унинг илоҳийлик жиҳатидан устун бўлиб, Баҳоуддин Нақшбанд ва унинг издошлари фақат яхшиликни ўйлаб, яхшилик қилишдан чарчамаслик, эзгу хулқ-атворга эга бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, устозлар суҳбатидан баҳраманд бўлишга чақирганлар.
Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да Хожа Али Ромитаний ҳақида «Ва аларға олия мақомот ва зоҳир каромат кўп эркандур, ва тўқимоқ санъатиға машғул бўлур эрмиш», деб унинг тариқатда юксак мақомга эришиб, кашф-кароматлар содир этганлиги ҳамда тўқувчилик касби билан шуғулланганлигини қайд этган.
Муҳаммад Порсо нақшбандийлик тариқатининг йирик назариётчиси, кучли каромат соҳиби бўлган. Бу ҳақда Алишер Навоий «ҳар не десалар ул бўлғай ва ҳар не ул деса Ҳақ таоло қилур,  ҳадиси саҳиҳ билаки, «Аллоҳнинг бандалари ичида шундайлари борки, агар Аллоҳга қасам ичсалар, Ҳақ қасамларини рост келтиради» деб, Муҳаммад Порсо валийлик даражасига етишганлиги сабабли унинг ҳар қандай тилак-истаклари Аллоҳ ҳузурида ижобат бўлганини қайд этган.
Юртимизда кенг тарқалган «нақшбандия» тариқатининг соф таълимотида устоз ва шогирдлар учун илм фарзлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш зарурлиги, оилани унутмаслик ва ислом аҳкомларини мутаассибона талқин қилмаслик борасида ўта жиддий ва масъулиятли талаблар қўйилган. 
Айни вақтда мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида турли тасаввуфий тариқатлар вакиллари фаолият юритаётганини кўриш мумкин. 
Шу билан бирга, уларнинг кўпчилиги тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетган. Шайхлик мақоми маблағ тўплаш манбаи бўлиб қолган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Баъзи мамлакатлардаги кўплаб тариқат вакиллари томонидан шайхларини ўта муболаға билан улуғланиши, уларнинг тавоф қилиниши, шайхларнинг ўз тарафдорлари ва муассасалари мавжудлиги фикримиз исботи бўла олади.
Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатларида, Баҳоуддин Нақшбанд ва Нақшбандия тариқатини билишади ва ҳурмат қилишади. Нима учун шундай? Чунки Баҳоуддин Нақшбанд, аввало, ислом дини шариати мезонларини маҳкам ушлаган ва уларнинг бузилишига йўл қўймаган. Иккинчидан, у чин инсоний ғоялар ва фазилатларни илгари сурган, жамиятнинг турли вакиллари ўртасида футувват - жавонмардлик ришталари пайдо бўлишига туртки бўлган. Бунинг ортида одамлар бир-бирларига моддий ва маънавий ёрдам бера бошлаганлар, ҳаётдаги қийинчиликни ҳамжиҳатликда енгиб ўтиб, шодликларни ҳам бирга баҳам кўрганлар.
Буларнинг барчаси Баҳоуддин Нақшбанд жамиятда барпо қилмоқчи бўлган биродарлик, бирдамликнинг айнан ўзи эди. Унинг «қалбинг Аллоҳда бўлсин, қўлинг меҳнатда», деган ўгитлари деҳқондарда динга, диндор ва тариқатчи сўфийларга эса меҳнатга нисбатан эътиборда айтилган. Бу ўз навбатида, одамлар турмуш тарзининг кўтарилишига ҳам хизмат қилган.
Бугунги кундаги тариқатчиларчи? Уларнинг «пир»га эргашган  «тариқатчилар»нинг гўёки мазкур шахсга мурид бўлганларнинг қазо бўлган намози ва рўзаси соқит бўлиши ҳақидаги даъвоси ислом қонун-қоидаларига умуман тўғри келмайди. Бундай даъвони аҳли илм уламоларидан ҳеч ким айтмаган.
Тариқат - Аллоҳ ва расулини севиш, ота – онага, устозга, барча    мўъмин – мусулмонларга меҳр – муҳаббат кўрсатишдир. Тариқат - Нажмиддин Кубро каби она Ватан учун жон фидо қилиш, Хожа Ахрор Валий каби юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун бор куч ва имкониятини бахшида этишдир. Тариқатда тарки дунёчилик, оила ва фарзандлар нафақаси ва тарбиясига бепарволик йўқ. Мавлоно Жалолиддин Румий ишсизлик, дангасалик, бепарволикка, таркидунёчиликка қарши қаттиқ курашганлар. У киши инсонларни ҳаракат ва жидду - жаҳд қилишга, ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишга қаттиқ чақирганлар. Тариқат халқ билан бирга бўлишга, халқнинг оғирини енгил қилишга буюради. Ташқи кўриниш сўфийнамо бўлиб, бадхулқ бўлишни қаттиқ қоралайди. Зеро, тариқатда сўз билан амал бир бўлмаса мунофиқлик ҳисобланади. 
Аҳмад Яссавий тариқат ва шариатнинг ўзаро боғлиқлигини баён қилиб: 
 Ҳар ким қилса тариқатни даъвосини 
 Аввал қадам шариатга қўймоқ керак
 Шариатнинг ишларини адо қилиб
 Андин сўнгра бу даъвони қилмоқ керак;  деган эдилар.
Бандалар Аллоҳнинг ризосига эришмоқлик учун тақво қиладилар. Бироқ ўзини «пир» сановчи ҳамда уларга кўр-кўрона эргашувчи «мурид»лар Аллоҳ ризосини эмас, балки қаҳрини келтирадиган амаллар билан машғул. 
Шундай экан, билиб-билмай пирга қўл бериб, унинг ақидаларига қулоқ тутишнинг оқибати савоб учун эмас, аксинча, имон бутунлигининг бузилиши учун асос бўлади. Зеро, ислом инсонларни бидъатга эмас, ҳидоятга бошловчи йўлдир!
 
Сирожиддин  ЖАҲОНОВ
Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси