1443 йил 19 Рабиъул аввал | 2021 йил 25 октябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:42
Sunrise
06:56
Dhuhr
12:21
Asr
16:04
Maghrib
17:45
Isha
18:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ким тилини тийса, нажот топади

7-10-2021, 21:03 37 Ўқиш режими + -
Ахлоқ соҳиби, иффат эгаси қалбини, виждонини поклаб, тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон каби ёмон сўзлардан сақлайди. Бошимизга келадиган кулфат ва заҳматларнинг аксари ёмон тилимиздан, андозадан ортиқ сўйлаганимиздан келади. 
Расулуллоҳ (с.а.в) Маозга айтдилар: “Қачонки, сукут сақласанг, саломатсан, гапирсанг, гапинг ё сенинг фойдангга ёки зарарингга бўлади”.
Луқмони ҳаким ўғлига насиҳат қилиб айтди:
-Азиз ўғлим, бир одам сенга тили бурро экани билан мақтанса, сен кам сўзли эканинг ва керак бўлган жойда сукут қилишинг билан мақтан. Ақли комил бўлган киши қисқа ва маъноли сўзлайди. Ўғлим, сен ҳам сўзлаш пайти ва шароитини айтиб, оз ва керакли сўзларни сўзла, маҳмадоналик қилма,-деб уқтирадилар. Яна “Эй ўғилчам! Шундай сўзлар борки, тошдан қаттиқ, игнадан ўткир, сабир(алое ўсимлиги)дан аччиқ, чўғдан куйдирувчироқдир”-дейдилар.
Али (р.а) айтади: “Аллоҳ таоло тилни шунчалик мустаҳкам қўрғон билан ўрадики, бирорта аъзо бунчалик мустаҳкам ҳибс қилинмаган. Тилнинг олдида (ўттиз иккита) тиш саф тортган, тишлар ортида иккита лаб ёпилган, ичкарида тилнинг усти кичик тилча билан қопланган, ундан ичкарида қалб турибди. Бас, Аллоҳдан қўрқ, бу маҳбусни қамоқхонасидан бўшатиб юборма. Магар қачонки, тилнинг ёмонлигидан сақланишга ишонч ҳосил қилсанг, ана ўша пайтда уни эркин қўйишинг мумкин”.
Ҳикоя қилинишича, бурга билан чивин учрашиб қолибди ва чивин бургага дебди: “Ўзимнинг ва сенинг ҳолингга қараб ажабланаман: овозим сеникидан чиройли, баёним аниқ, равшан, вазним оғир, ҳурматим ҳам сеникидан улуғ, учишда ҳам сендан афзалроқман. Лекин шундай бўлса-да, очлик мени қийнайди, уйқудан маҳрум қилади, мудом хастаҳолу қийноқдаман, йўлдан чеккага ҳайдаб солишади. Сен эса доимо тўйиб ейсан, ҳамиша юмшоқ баданларда яйрайсан?!”
Шунда бурга чивинга жавобан: “Сен оламга ғавғо солиб визиллайсан, одамларнинг бошлари узра ғинғиллайсан, мен эса жим туриб озиғимга етаман”–деган экан. 
    Жим туриш – фазилат белгиси, ақл самараси, илм зийнати ва айни ҳалимликдир. жимликни маҳкам тутган кишини саломатлик маҳкам тутади, унга ҳамроҳ бўлган кишига, ҳурмат-эътибор ҳамроҳ бўлади.
Қуйида тил орқали содир бўладиган оғир гуноҳлардан баъзиларини келтириб ўтамиз.
- Ғийбат. Ғийбат деб бир кишининг камчилик ва қусурини орқасидан гапиришга айтилади. Ғийбат қилиш ҳам уни эшитиш ҳам оғир гуноҳдир. Инсон бошқа гуноҳларни нафсининг лаззати учун қилиши мумкин аммо ғийбатчи лаззат ўрнига ўз бошига ёки бошқа кишининг бошига бир бало ҳозирлайди. Чунки ғийбатчининг сўзи ғийбат қилинмишнинг қулоғига етса, ғазаб қони ҳаракатга келиб, ғийбатчидан ўч олиш фурсатини пойлайди. Алал оқибат ғийбат соясида икки инсон орасига душманлик тушади. Зеро, Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ғийбатдан сақланингиз, ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдир», – деганлар.
  • Ёлғон. Ёлғон ёғончининг ўзига маънавий зарар келтириши билан бирга ҳаётнинг барча соҳаларида фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин.
    Шу сабабли Исломда ёлғонга жиддий эътибор берилади. Унга қарши курашилади.
Аллоҳ таоло ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни тўғри йўлга бошламаслигини айтиб, бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас” (Ғофир сураси, 28-оят). 
Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) бундай дедилар: "Мусулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмайди, уни ҳалокатга ташламайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмоннинг бир ғамини аритса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунидаги ғамларнинг биридан халос этади. Ким бир мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло унинг айбини ёпади» (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, мўмин дўстининг хато ё қинғир иш қилаётганини кўрса, тўғрилаб қўя­ди, хатоларини тузатишда ёрдамлашади. Агар насиҳатлар фойда бермаса, яхши ниятда бошқаларга билдириб, биргаликда ҳал қилади. Анас ибн Молик (р.а) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Биродаринг золим бўлса ҳам, зулм кўрган бўлса ҳам ёрдам бер", дедилар. Саҳобалар сўрашди: "Эй Аллоҳнинг расули, зулм кўрган кишига-ку, ёрдам берамиз, аммо золимга қандай ёрдам берайлик?" Шунда у зот: "Ёмон йўлдан тўхтатсанг, ўша ёрдам бўлади", дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Ёлғон фақат ёлғончининг ўзига эмас, ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун ҳам Исломда бу разолатга нисбатан ўта муросасиз муносабатда бўлинган ва унга ҳеч йўл қўймасликка ҳаракат қилинган.
Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўралди.
«Ҳа», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди.
«Ҳа», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралди.
«Йўқ», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар ўлароқ танқид қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда ёлғонга нисбатан бу икки салбий сифат арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон нақадар катта гуноҳ эканлигини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини таъкидламоқдалар.
  • Туҳмат. Туҳмат қилиш энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Чунки туҳмат орқасида жуда катта фожиа туради. Арзимаган бир гап учун одамнинг тақдири ёмон тарафга ўзгариши мумкин. Бу борада жуда кўп ҳадислар, кўрсатмалар бор. Туҳматчилик ахлоққа, эътиқодга зид амал экани исботланган.
Аллоҳ таолонинг каломида бундай кимсаларга бу дунёда қилиниши керак бўлган муомала ва уларни охиратдаги хатарли холатлари батафсил баён қилинган.
Аллоҳ таоло “Нур” сураси айтади: «Албатта, (бузуқ  ниятлардан) бехабар, поқиза, мўъмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл-оёклари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (23-24оят).
  • Чақимчилик. Чақимчилик деганда бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказиш тушунилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй, Муҳаммад!) Ҳар қандай тубан қасамхўрга (Валид ибн Муғирага) итоат этманг! (У) ғийбатчи, гап ташувчи, яхшиликни ман этувчи (бахил), тажовузкор, гуноҳкор, қўпол ва булардан ташқари бенасабдир”.(Қалам, 10-13).
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Энг ёмон инсонлар – уларга бир юз билан, буларга бир юз билан борадиган иккиюзламачи кимсалар эканини кўрасиз”, дейилган (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). 
 Мусулмонлар бошқа бир инсонда кўрган нарсаларини гапираверишлари чақимчиликдир, улар бундан тийилишлари лозим. Ҳасан Басрий раҳматиллоҳ алайҳнинг бундай сўзлари бор: “Ким сенга бир гапни етказса, билки, у сенинг гапингни ҳам бошқаларга етказади”.
Айтишларича, чақимчининг иши шайтон ишидан ҳам зарарлироқдир, чунки,  шайтоннинг амали васваса билан бўлса, чақимчининг амали бевосита бўлади.
  • Сўкиш ва аччиқ-тизиқ гапириш. Рост бўлса ҳам аччиқ-тизиқ ва уятсиз гапларни гапириш, сўкиниш ҳам шариатимизда қаттиқ қораланган. Сўкиш қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир. Аччиқ-тизиқ ва кесатиш сўзлари рост бўлса ҳам нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдан бошқа нарса эмас. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ уятсиз бўлмоқни ва уятсиз гапларнинг гапирилишини хуш кўрмайди», дедилар. Абу Довуд яхши иснод ила ривоят қилган.
 Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши таъначи, лаънатчи, фоҳиша ва базий(сўканғич, аччиқ сўзли) бўлмайди»,  дедилар».
Фаҳш ва уятсизлик кўп ҳолларда уят гапларни очиқ-ойдин айтиш билан бўлади. Одатда, бу нарсалар жинсий алоқага оид гапларни бешармлик ила гапириш орқали юзага чиқади. 
Шунинг учун ҳам мусулмон киши зинҳор ва зинҳор бировни сўкмаслиги, шалоқ сўзларни оғзига олмаслиги  керак. Бундай шармандалик ва одобсизликнинг яқинига ҳам йўламаслик зарур.
Тилни ихтиёрига қўйиб юбориш инсонни ёлғон, ғийбат, туҳмат, чақимчилик, риё, ихтилоф, душманлашув, ахлоқсизлик, фаҳш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Шунинг учун «Ким тилини тийса, нажот топади» дейилган. 
Қуръони карим ва ҳадислардан маълумки, вақтида ўзини ўнглаб, тавба қилган кишиларни Аллоҳ таоло гуноҳларини кечиради. Аммо тавба қилмасдан, покиза кишиларни нопок ишларда айблаб юрганларга мағфират йўқдир.
 
 
Азамат УСМОНОВ