1443 йил 19 Рабиъул аввал | 2021 йил 25 октябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:42
Sunrise
06:56
Dhuhr
12:21
Asr
16:04
Maghrib
17:45
Isha
18:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Комил инсон

7-10-2021, 08:57 11 Ўқиш режими + -

      Комил инсон ким дейилса, ҳеч адашмасдан комил инсон - Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) десак адашмаган бўламиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг  ҳаётлари ва фаолиятлари биз мўъмин-мусулмонларга қандай яшаш кераклигини кўрсатувчи намунадир. Маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.  милодий 571 йилда Мавлуд ойининг 12 душанба куни туғилганлар. У зот таваллуд топадиган кечалари бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлгани у китобларда зикр қилинади. Жумладан, у зот туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборади.  Форс юртида мажусийлар сиғинадиган олов  ўчади. Бутхонадаги санамлар қулаб тушади. Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ, оналаринг исми эса Амина эди. Пайғамбаримиз туғилганларида оталари вафот этган бўлиб,  олти ёшларида оналари Амина ҳам вафот этади. Бу ҳақда Хожа Аҳмад Яссавий “Ҳикматлар” китобида шундай ёзади: 
Муҳаммадни сифат қилсам камина,
Оносининг оти билгил Амина.
Отоси оти Абдуллоҳ экандур,
Онодин туғмайин ўлган экандур.
Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) боболарининг тарбиясида етти ёшгача бўладилар, сўнгра боболари вафот этиб у зот амакилари  Абу Толиб қўлида қоладилар. 
Бобоси етти ёшда ўлибдир,
Расулни аммасига ҳам берибди.
Абу Толиб Алининг отасидур,
Қамуғ арабларни каттасидур.
 Пайғамбаримиз етимликда катта бўладилар. Бу ҳақда ҳам “Ҳикматлар” китобида: 
Расул айди анга, ен ҳам етиммен,
Етимликда, ғарибликда ётиб мен.
Муҳаммад айдилар ҳар ким етимдур,
Билингиз ул мени хос умматимдур, деб берилади.
       Пайғамбаримиз с.а.в жуда сабрли,  борига қаноат қиладиган одам эдилар.  Бир неча кунларни баъзан овқатсиз ўтказар эдилар. У кунларда пайғамбаримизга   хурмо ва сувнинг ўзи кифоя қилар эди. Пайғамбаримиз содда ҳаёт кечирар ва бировга ўз аҳволларидан шикоят қилмас эдилар.   У зот оддийгина кийиниб, ғоятда оддий таом ер эдилар. Кийимларига ўзлари ямоқ солар. қўл тегирмонида ун тортар эдилар. Кийимларининг тозалигига ниҳоятда катта аҳамият берар эдилар. Пайғамбаримиз оғизни бадбўй қиладиган нарсаларни хушламас эдилар. Овқатдан олдин ҳам. кейин ҳам қўлларини ювар, оғизларини чаяр эдилар. Тиш тозалаётганда доимо мисвок ишлатар эдилар. Таналарини тоза тутар, хуш бўй нарсалардан фойдалар эдилар. Хулқлари жуда мулойим эди. Ҳеч кимга ёмон гапирмас, қўпол муомила қилмаганлар. Бутун ҳаракатларида ўрта ҳолликни танлар эдилар. Бирор жойга бормоқчи бўлсалар, ўнг-сўлга алангламасдан, тўғри юриб борар эдилар. Юрганларида ёнларидагилар орқада қолиб кетар, ҳатто  у кишига етиб олиш учун югуришга мажбур бўлишар эди.  Пайғамбаримиз ҳазил-мутойиба қилсалар одоб доирасида, ҳақ ва рост сўз билан ҳазиллашар эдилар. Бировни ёмонлаб гапирмас, ҳеч кимни ғийббат қилмас эдилар. Бировни ҳақоратламас, бошлиқларнинг сирларини билишга ҳаракат қилмас эдилар. Биров билан тортишишни, баҳслашишни ёмон кўрар эдир. Ҳеч қачон тўғриликдан, ростгўйликдан ажралмаганлар ва ёлғон гапирмаган эдилар. У зот ёлғондан, ёлғончилардан афратланар эдилар.
Бу ҳақда ҳам  “Ҳикматлари”да:
Ал-каззобу ло умматий” деди, билинг Муҳаммад,
Ёлғончилар қавмини уммат демас Муҳаммад.
У зот мусибатларга ҳам бардошли эдилар. Дўстларига ҳурмат ва эҳтиромлари чексиз эди. Инсонлар йиғилиб турган жойга келсалар жой танламас. Қаер бўш бўлса дарҳол ўтириб олар эдилар. Уйларига келган меҳмонларга ўзлари хизмат қилар эдилар.
      Болаларни жуда яхши кўрар эдилар. Ҳаёти давомида бирор боланинг қалбини ўкситмаган эдилар. Ҳадисларнинг бирида: “ Сизларнинг яхшиларингиз хотин, бола-чақасига яхшилик қилувчиларингиздир” деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиз фақир ва мискинларга, бечора инсонларга жуда шавқатли эдилар. Ўзлари муҳтож бўлиб турганларида ҳам бировларга таомларини берар эдилар. Аммо у зот инсонларнинг тиланчилик қилишларини хуш кўрмас эдилар. Инсон ўз тирикчилиги учун ҳамиша меҳнат қилишга буюрар эдилар. Ўзлари ҳам чўпонлик қилган, савдо иши билан шуғулланган эдилар. Уй ишларида ҳам аёлларига  ёрдам берар эдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) доимо инсонларга меҳнат билан умр кечиришни тавсия қилганлар. 
        Пайғамбаримиз одамларга биринчи бўлиб салом берар, ўзларини баланд олмас эдилар.  Одамлардан хато камчиликларни кечирар эдилар.  Бировни айби –нуқсонни юзига солмас эдилар. 
Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаётларидан ибратланиб, У зотнинг шафоатларига етишимизга муяссар қилсин!
 
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими