1443 йил 19 Рабиъул аввал | 2021 йил 25 октябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:42
Sunrise
06:56
Dhuhr
12:21
Asr
16:04
Maghrib
17:45
Isha
18:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ақиқа қандай маросим?

11-10-2021, 11:26 15 Ўқиш режими + -
        “Ақиқа” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилидаги “кесиш” деган сўзнинг маъносини англатади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “Ақиқа-чақалоқ сочини олиш; қурбонлик қилиш. Оилада “янги меҳмон”, яъни чақалоқ дунёга келганлиги муносабати билан туғилганига 7 ёки 14 ёхуд 21 кун бўлганда ўтказиладиган зиёфат, маросим” дейилади. Шаръий истилоҳийда ҳам чақалоқ туғилган кунлари  ёки  кейинроқ   фарзанд шукронаси ва унинг  жони гарови сифатида жонлиқнинг бошини кесиш маросимига “ақиқа” дейилади. 
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳар бир бола ақиқаси билан гаровланган. Унинг (номи)дан еттинчи куни (жонлиқ) сўйилади, сочи олинади ва исм қўйилади” (Имом Аҳмад, Доримий, Байҳақий ва Табароний ривояти).
Бу ҳадисда айтилишича, боланинг келгусида бахтли бўлиши унинг ақиқасига боғлиқ. Агар инсон фарзанди учун ақиқа қилса, чақалоққа  нисбатан яхшиликни юзага чиқарган бўлади. Чақалоқ туғилганининг еттинчи куни унинг номидан ақиқа қилинади, сочи олинади ва исм қўйилади. Сочи олинганидан кейин сочнинг вазни миқдорида камбағалларга садақа қилинади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан номидан бир қўй сўйдилар ва: “Эй Фотима, унинг сочини ол ва сочининг оғирлиги миқдорида кумуш садақа қил”, дедилар. Мен уни тортиб кўргандим, оғирлиги бир дирҳам ёки ундан камроқ чиқди” (Термизий ва Ҳоким ривояти).
Жоҳилият давридаги турли маъбуд ва маъбудаларга атаб қилинадиган курбонликлар ўрнига мусулмон оиласида фарзанд туғилганлигининг шукронаси сифатида бир жонлиқ сўйиб ақиқа маросимини ўтказишлик жорий этилди. Кўп ҳолларда ақиқа маросимини чақалоқ туғилган куннинг 7 ёки 14, ёхуд 21 кунлари ўтказиш фазилат ҳисобланади. Бу кунларда ақиқа маросими ўтказилмай қолинса, сўнг бошқа кунларда, қачон бўлса ҳам ақиқа маросимини  ўтказса бўлаверади.  
            Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўмин-мусулмонлар учун ақиқа сўзининг маъносини билиш, у англатган маросимни тўғри тушуниш муҳим ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни фазилатли амалларни қилишга муваффақ қилсин!
 
Р.Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими