1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Исломда қарз олди-берди масаласи (1-қисм)

14-10-2021, 09:52 572 Ўқиш режими + -
  
 “Қарз” сўзи луғатда “кесиш” деган маънони билдиради. Қарз берган киши молидан бир қисмини кесиб, бошқага бергани сабабли шундай деб аталган. Шариат истилоҳида эса: “Қарз – бир нарсани бошқа кишига уни қайтариб бериш шарти ила мулк қилиб беришдир”.
Демак, қарзга олинган нарса қарз олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берувчига эса унинг эвазини берса бўлди.
Қарз бериш – бандани Аллоҳ таолога яқин қиладиган амаллардандир. Чунки қарз беришда одамларга раҳм-шафқат қилиш, уларнинг ишларига енгиллик бериш, ғамларини аритиш бор. Қарз беришнинг савоби жуда улуғ экани кўплаб ояти карималарда очиқ-ойдин баён қилинган. Албатта, бунда қарз берувчи бирор дунёвий манфаатдан тама қилмаслиги шарт. Ажр умидида берилган қарзнинг савоби бир неча баробар кўпайтирилади ва гуноҳлар мағфират қилинади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
 إنْ تُقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا يُضَاعِفْهُ لَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ شَكُورٌ حَلِيمٌ
яъни: “Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва (гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир” (Тағобун сураси 17-оят).
Ояти каримада “муҳтожларга эҳсон қилиш ва уларга чиройли қарз бериш”ни “Аллоҳ таолога қарз бериш” дейилмоқда. Аллоҳ таоло бандасидан қарздор бўлиб қолмайди, балки бандага янада яхшироғини беради ва улуғ ажр билан мукофотлайди. 
Шунинг учун ҳам баъзи уламолар: “Муҳтож кишига қарз бериш – фақир инсонга садақа беришдан афзалдир”, – дейишган. Чунки қарзни аксар ҳолатда муҳтож одам сўрайди.
Киши қанча қарз берса, ҳар куни ўша миқдорда садақа қилганни савобини олади. Бу ҳақда Бурайда ибн Ҳусайб Ал-Асламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
مَنْ كَانَ لَهُ عَلَى رَجُلٍ حَقٌّ، فَمَنْ أَخَّرَهُ كَانَ لَهُ بِكُلِّ يَوْمٍ صَدَقَةٌ
(رواه الامام أحمد عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ)
яъни: “Ким бирор кишига қарз берган бўлса, сўнг уни бироз муддатга узайтирса, кечиктирган ҳар куни учун унга садақа савоби ёзилади”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Қарздорга муҳлат бериш ёки қарзни кечиш банданинг авф қилиниши ва Қиёматда гуноҳларидан ўтилишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
 كان رجلٌ يدايِنُ الناسَ فكان يقولُ لفتَاهُ: إذا أتيتَ مُعْسِرًا فتجاوزْ عنه لعلَّ اللهَ أنْ يتجاوَزَ عنَّا قال: فلَقِيَ اللهَ  فتجاوَزَ عنْهُ
(رواه الامام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Бир киши одамларга қарз берар эди ва хизматкорига: “Қарзини узишга қийналган кишининг ёнига қарзни сўраб борсанг, ундан қарзини кечгин, шоядки Аллоҳ ҳам биздан гуноҳларимизни кечса”, – дер эди”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У Аллоҳга йўлиқди ва Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечди”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Бошқа ҳадиси шарифда қарздорга муҳлат берган ёки қарзни кечган кишини Аллоҳ таоло соя бўлмайдиган кунда, яъни Қиёматда соялантиради:
مَنْ أَنْظَرَ مُعْسِرًا أَوْ وَضَعَ لَهُ، أَظَلَّهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تَحْتَ ظِلِّ عَرْشِهِ، يَوْمَ لاَ ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ
(رواه الامام مسلم عن أبي اليسر رضي الله عنه)
яъни: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзини кечса, соя бўлмаган Қиёмат кунида Аллоҳ уни Ўз аршини соясида соялантиради” (Имом Муслим ривоятлари).
Киши молиявий фаолиятида бошқаларнинг қилганига эмас, ўзининг билимига ва имкониятига қараб иш тутиши лозим. “Фалончи пистон ишни қилиб, бунча пул топибди, мен ҳам шу ишни қиламан” деб қарзга кириб қолмаслик керак. Ҳозирги қарздорларнинг аксарияти шу қабилда иш тутганлардир.
Қарздор бўлиб қолганлар қарзларини узиш бирламчи вазифаларидан бири эканини бир зум ҳам эсдан чиқармасликлари, қарзнинг узилмай қолиши дунё ва охиратда шармандалик эканини унутмасликлари лозим. Агар банданинг нияти содиқ бўлса, қарзини узишга сидқидилдан уринса, Аллоҳ таоло унга ёрдам бериши ҳақдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ким қарзини адо қилишни ирода қилиб одамлардан мол олса, Аллоҳ таоло унга тўлаш сабабларини муҳайё қилиб қўяди, ким талофат етказишни ирода қилиб олса, Аллоҳ унга талофат етказади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Шуни яхши билиш керакки, одамлардан қарз олиб, уни тўламасдан ёки тўлайдиган мол қолдирмасдан дунёдан ўтиб кетадиганлар Қиёматда бу қарзни савоблари билан тўлаб беради. Чунки у ерда тўлайдиган пул йўқ, савоб эса ҳаммага керак бўлиб турган бўлади. Имкони бўла туриб, қарзни чўзишни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “зулм” деб атаганлар:
مَطْلُ الغَنِيِّ ظُلْمٌ
(رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
Яъни: “Бой зиммасидаги қарзини бермасдан чўзиб юриши – зулмдир”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши –  золимликдир. У бу билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилган бўлади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай, зулмга учрайдилар. Ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади.

ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди