1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Нафс” нима ва унинг қандай даражалари бор?

19-10-2021, 10:22 9 413 Ўқиш режими + -
 
 
         Нафс инсоннинг ўзлигини, жони, қалби маъноларини англатади. Бу ҳақда  Имом Ғаззолий шундай ёзади: “Билғилким, сени ким халқ қилибдур? Икки нимарсадин  бири зоҳир бадандурки, ани тан атабдурлар, муни зоҳир кўз бирла кўргали бўлур. Яна бири маънии ботиндурки, ани нафс дерлар, жон атарлар ва дил ҳам дерлар”.  
      Шундай бўлсада, нафс сўзи инсоннинг тана эҳтиёжи бўлган ейиш-ичишга ва шаҳвоний ҳирсга нисбатан ҳам ишлатилади. Бу маънода халқимиз нафс сўзини тамоқ, жиғилдон, виждон каби сўзлар маъноларда ҳам ишлатади. Буни халқимизнинг қуйидаги мақол ва ҳикматли учратиш мумкин. “Менинг нафсим балодир, ёнган ўтга солодур”, “Нафс учун кабоб бўлган балиқ”, “Кўп ейиш нафс роҳати, оз ейиш тана роҳати”. 
     Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “Нафс (арабча нафс-қалб, кўнгил; инсон; мақсад, интилиш; ғурур, мағрурлик) 
  1. Ейиш-ичишга, мол-дунёга бўлган эҳтирос. Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга соладир. Мақол.  
Нафс бандаси нафсидан бошқани ўйламайдиган.
...Нафси бузуқ (ёки ёмон) Овқатдан сира қайтмайдиган, нафсини тия олмайдиган; ҳирсли. Нафси бузуқ ҳайитда ўлар. Мақол. 
Нафси ўлик (ёки тийиқ) Нафсини тия оладиган, ҳар нарсага  суқ билан қарайвермайдиган.
Нафсига ўт тушмоқ Нафси ҳаддан ташқари  авж олмоқ; нафси ҳакалак отмоқ.
Нафсини тиймоқ Нафсига эрк бермаслик, ўзини сақламоқ. Кўзинг оғриса. Қўлингни тий, ичинг оғриса, нафсингни тий. Мақол. 
  1. "Шаҳвоний ҳирс”. 
(Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Т.2007 йил.  Ўзбекистон миллий энциклопедияси.  3-жилд. 26-бет).
      Донишмандлар инсон нафсини бир неча даражага бўлишади. Нафснинг биринчи даражасини “Нафсул-аммора” дейишади. Нафсул-аммора инсоннинг хилқатидаги нафсдир. Бу нафс ейиш, ичиш, ухлашдан иборат бўлиб, унга  дунё ва охиратни қайғу қилмайдиган болалик даври мисол қилинади. Аммо инсоннинг бу нафсий  ҳолати шундай ташлаб қўйилса, у ҳар хил ёмонликларга ундайди. Бу ҳақда “ Қуръони карим”да Юсуф алайҳиссалом номидан шундай дейилади:
“Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмли зотдир”. ( Юсуф сураси, 53-оят).
        Нафснинг иккинчи даражаси эса нафсул-лаввома дейилади. Нафснинг бу даражаси инсоннинг ақли кириб, яхши-ёмонни ажратадиган, ёмон ишларидан пушаймон қиладиган ҳолдаги нафсидир. Нафснинг бу даражасини инсонда виждон ҳакамлик қиладиган ҳолатини қиёслаш мумкин. Чунки, нафсида виждони бор одам ўзини тергайди ва ўзидан пушаймон бўлади. Ичида виждони ғулу, маломат қилувчи нафс ўзини ёмонликлардан тортади, яхшиликларда бардавом бўлади. Нафсул-лавома ҳақида “Қуръони карим”да“ Ва мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, ҳеч шак-шубҳасиз қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар). (Қиёмат сураси 2- оят.)
    Нафснинг учинчи даражаси нафсул-мутмаиннадир. Инсон нафсининг бу даражаси ўзлигини англаган ва нафсий хотиржамликка эришган давридир. Нафснинг бу даражасида инсон вужудида иймон ҳакамлик қилади. Бу ҳақда “Қуръони карим”да: “Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Оллоҳни зикр қилган билан қалблар ором олур. (Раъд сураси, 28- оят.)
        Айрим уламолар нафснинг яна нафсул-мулҳама, нафсур-розия, нафсул-марзия, нафсус-софия каби яна тўртта даражалари борлигини таъкидлашган. Инсон нафси ўз даражасига кўра фаолият олиб боради. Нафсул-аммора инсонни ҳар куни нафсоний ишларга йўллайди. Инсон эрта тонгда уйғонганидан у: “Қани бугун нима ейсан, қаерга борасан, нима киясан? “деб саволларга тутади. Шу пайтда инсоннинг нафси тарбия топиб, у нафсул-лавома даражасига етган бўлса, нафсини тергайди, уни хотиржам  қилади 
       Ўз нафсини таниб уни жиловлаган инсонлар кўпроқ бошқа инсонларга манфаат етказадилар. Ўз нафсини тияолмаган одамлар ҳар хил номақбул ишларга қўл урадилар. Шу сабабли инсон ўз нафсини англаши ва уни тарбиялаши натижасида юксак инсоний фазилатларни ўзида шакллантиради. Ва жамиятда кишилар ўртасида бир-бирини кўраолмаслик, ҳасад, худбинлик  каби салбий  одатлар барҳам топиб, уларнинг ўрнига бир-бировларига инсоф ва адолат қилиш,  меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашлик каби юксак инсоний фазилатлар мустаҳкамланади. 
 
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими