1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ким ёвузлик уруғини сепса – пушаймонлик йиғар

19-10-2021, 17:40 358 Ўқиш режими + -
Тинчлик – инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланади. Тинчлик қарор топган заминда хотиржамлик ва фаровонлик ҳукм суради. Мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, осуда ҳаётни асраш барча фуқароларнинг асосий бурчларидан биридир. Зеро, Бош қомусимиз бўлган Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир”, деб белгилаб қўйилган (52-модда).
Бугунги кун кишиси олдида кўндаланг бўлиб турган ва долзарб муаммолар орасида моҳият-эътибори билан энг аҳамиятлиси бу тинчлик-осойишталикни асрашдир. Тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлиб, уни бутун дунёда сақлаш ҳар бир кишининг олий даражадаги вазифаси бўлмоғи лозим. Маълумки, инсон дунёнинг азизу мукаррам хилқати, мавжудотлар ичра сарваридир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азизу мукаррам қилиб, уларни қуруқлик ва денгизда юрадиган қилиб қўйдик ҳамда ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Уларни, Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик»,дейди (Ал-Исро сураси, 70-оят).
Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Тинчлик бебаҳо неъмат деб баҳоланади. Шунинг учун ҳам Қуръони Карим оятлари ва ҳадислар тинчликни сақлашга даъват қилади.
“Ислом” ва “террор” сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби нафақат Ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам.
Ислом оламида таниқли бўлган олим Юсуф Қарзовий шундай дейди: Ислом бегуноҳ кишиларнинг жони, мулки ва номусига нисбатан зулм ишлатишни ман этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам видошлашув ҳажида қилган ваъзларида одамларнинг жони, мулки ва номуси қиёматгача дахлсиз, деб эълон қилганлар. Бу нафақат мусулмонларга, балки бошқа инсонларга ҳам тегишлидир. Исломда “мақсад воситани оқлайди” деган тамойил йўқ.
Машҳур “Бўстон” ва “Гулистон” асарлари муаллифи Саъдий Шерозийнинг шундай сўзлари бор: “Дунёдаги барча неъматлардан фақат яхши ном қолади, ҳатто шуни ҳам қолдиролмаган одам бахтсиздир”, “Ким ёвузлик уруғини сепса – пушаймонлик йиғар”.
Ўзларини ислом либосига буркаб, қилаётган ишларини дин номида деб даъво қилаётган экстремистлар муқаддас динимизга қора доғ чаплаяптилар холос. Диний экстремистик оқимлар таъсири кучаймаслиги учун ёшларда ғоявий бўшлиқнинг олдини олиш зарур. Бу борада юртимизда етарлича шарт-шароитлар мавжуд. Диний билим олиш хоҳловчиларга, бу соҳа бўйича   олий ва ўрта махсус таълим масканлари, динимизнинг барча шартларини адо қилиш учун эса тўлақонли шароитлар яратилган. 
Муқаддас ислом дини софлигини сақлаб қолиш, халқимизга, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш бугуннинг энг долзарб, ҳар бир ота-онанинг кундалик, биринчи масаласи бўлиши лозим. Чунки,  бугун ўзга юртларга ватангадо  бўлиб, ўз юртига, халқига, ота-онасига қарши чиқиб турганлар, кеча тарбиясига эътибор берилмаган ёшлардир. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида агар фарзанд яхши ва савобли ишларни қилса, унга берилган савобдан ота-онасига ҳам ёзилиши, аксинча, гуноҳ ишларни қилганда   ҳам ота-онасига гуноҳ ёзилиши таъкидланган. 
Ота-онанинг “тарбияни мактабдан олади, ҳали ёш гўдак” деган эътиборсизликлари мутлақо ноўрин. Боланинг тарбияси мактабгача шаклланиб бориши керак. Мактаб том маънода таълим берадиган маскан ҳисобланади. Ҳукамолардан бири: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, - деган.  

 Бугун турли хил муаммолар қаршисида чорасиздек  туриб   қолмаслигимиз  ёки  воқеликдан   кўз  юмиб  олмаслигимиз керак. Уйимиз, кўча-кўй, яшаб турган жамиятимиздаги муҳит, таълим-тарбия масалалари-буларнинг барчаси тарбия омилларидир. Аммо ҳозир дунёнинг  ҳар  томонидан ёшларга махсус йўналтирилган, мақсадли «тарбия услублар» ҳам борлигини унутмайлик.
Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаб айтганларидек, “Бугун “Ўз болангни ўзинг асра!”” деган шиор, ҳар бир ота-онанинг кундалик шиори бўлиши керак. 
       Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугун турли “мақсадлар”га эришишни рукач қилиб, ўзларининг манфур ниятларига етишиш йўлида муқаддас ислом динини сабаб  қилиб кўсатаётганлар, ислом динига, ўз халқига, ватанига хиёнат қилаётган кимсалардир. 
 
Ў. Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси