Ўзбек тилида “тавозеъ” деган сўз ишлатилади. “Тавозеъ” сўзи аслида арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида камтарлик, ўзини паст тутиш деган маъноларни англатади. Бу сўз “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “Тавозеъ- арабча сўз бўлиб, у ўзини паст тутиш, камтарлик; ўзини хоксор, одоб билан тутиш”, деб изоҳланади.
Инсонга ҳамиша ҳар жойда ўзини камтарликка олиш ярашади. Бир донишманддан: “Тавозеънинг боши нимада?” деб сўрашибди. У шундай жавоб берган экан: “Тавозеънинг боши-учраган кишига ўзини паст олиб биринчи салом беришга ҳаракат қилиш, бирор киши бирор жойга борса, у ерда унга пастроқдан жой кўрсатилса, ўша жойга рози бўлиб ўтириш ва атрофдаги одамлар уни мақтаб эслашларини ёмон кўришдир”.
Луқмони Ҳаким ўз фарзандларига насиҳат қилиб шундай деган эканлар: “Эй фарзанд, зинҳор қадрингга етмайдиганларнинг олдига борма. Ота-она хизматини қил, тавозеълик кишини таҳқирлама, кибрга берилма. Аллоҳ таоло Рофиъ ва Ҳофиз (улуғлагувчи ва пасайтирувчи) дир. Зеро, у камтарни азиз, қулни подшоҳ айлайди. Хоҳласа, кибрли кишини хор, бойни эса фақир қилади”.
Донишмандлар тавозеъли кишиларда қуйидаги хислатларни мужассам бўлади:
1. Инсон одамлар орасида эришган мансаби, даражасига қараб кибрланишдан ўзини тийиб, одамлар олдида ўзини камтарликка олади;
2. Инсон ўзидаги бойлиги туфайли кўтарилишдан тийилиб, ўзини хокисор тутади
3. Инсон кучининг кўплиги билан кибрланишдан тийилиб, ўзини одобли тутади;
4. Инсон ўз илми билан кибрланишдан тийилиб, ўзини одоб юзасидан хокисор тутади;.
5. Инсон ўздаги ҳусн-чирой билан фахрлананишдан тийилиб, ўзини камтар тутади.
Дарҳақиқат, инсон учун тавозеъли бўлишда катта манфаат ётади. Инсондаги тавозеълик хислати жамиятдаги кишилар ўртасида меҳр-оқибатни ортишига, инсонларнинг бир-бирларини яхши кўришлари ва улар ўртасидаги инсоний алоқаларни мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Инсон тавозеълилик хислатлилиги икки дунё саодатига эришади.
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими