Мустақилликка эришганимиздан сўнг қадриятларимиз, урф-одатларимиз, дину диёнатимиз, ўзимизга хос маданиятимиз тикланди. Афсуски, бизнинг муқаддас динимизга бўлган муносабатимиздан нопок мақсадларда фойдаланиш, динимизни сиёсатга айлантириш каби ғаразли ниятларни кўзлаган “Акромийлик” “Ваҳҳобийлик”, «Ҳизбут-таҳрир» каби турли мутаассиб ва ақидапараст оқимлар юртимизга кириб кела бошлади.
Тарихига назар ташласак айнан мутаассиблик ва ақидапарастлик каби иллатлар оқибатида кўплаб хунрезлик ва нотинчликлар келиб чиққанини гувоҳи бўламиз.
Хорижийлар, қадарийлар, муржиийлар, рофизийлар, жаҳмийлар ва мўътазила каби фирқа ва оқимлар Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХI асрларда ҳизбут таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилиб, турли жанжаллар, низолар чиқишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур ва шунга ўхшаш бошқа фирқаларнинг залолатга кетиши асосан, Аллоҳ кўрсатган тўғри йўлдан адашишлик билан бўлади. Ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бир чизиқ чизиб кўрсатиб: «Бу Аллоҳнинг йўлидир»-дедилар. Сўнгра унинг ўнг томонидан, чап томонидан чизиқлар чиздиларда: Булар-турли йўллар. Ҳар бир йўлда унга чақириб турувчи Шайтон бор», дедилар.
Залолатдаги бузғунчи тоифа ва гуруҳлар манфур мақсадлари йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини ҳам бузиб, ўз ғояларига мослашдан ҳам тап тортишмайди. Шунингдек, улар солиҳ аждодларимиз ва ўтган азиз уламоларимиз айтган сўзларни ҳам бутунлай нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади. Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган жиноятларни қилаётиб, муқаддас сўзлар – «Аллоҳу акбар!», «Ла илаҳа иллаллоҳ!»ни айтишлари энг ачинарли ҳолдир. Аслида эса бу муқаддас сўзлар ибодатларни бошлашда ишлатилади. Бу ҳолат Ислом динидан бехабарлар онгида гўё мазкур калималар манфур жиноятларни амалга оширишда ишлатиладиган сўзлар, деган тушунчани келтириб чиқаради. Мана шунинг ўзи дин душманларининг қора мақсадини амалга ошириши учун етарли бўлади.
Бузғунчи кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилмоқда.
Адашган оқимлардан бири бўлган «Ҳизбут таҳрир» жамоасини ватан хиёнатчиларидан иборат десак янглишмаган бўламиз. Чунки улар ўз юртига нисбатан муҳаббатсиз кишилардир. Улар Ватанга муҳаббатли бўлишни, Ватанни ҳимоя қилишни “Энг кучсиз ва тубан робита (алоқа) дир”, дейди ва шуни ислом мафкураси дея,-нотўғри эътиқод қилади.
Асл ислом мафкурасида эса Пайғамбаримиз (с.а.в) Ватанни севганлар, тупроғини кўзларига суртганлар. Қалблари ватандан узоқлашган маҳал титраб, қақшаганлар. Мадинага кўчганларидан сўнг соғинч ҳисси у кишини ҳеч ҳам тарк этмаган.
Ғаззолий айтади: “Инсон ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқ қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, ундан йироқда бўлганида соғинадиган, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди.”
Бугунги кунда «Ҳизбут таҳрир» каби оқимларнинг нияти — бизнинг юртимизда асрлар, давомида шаклланган асл мусулмончилик қоидалари ва қадриятларини топташ, азалдан ислом ривож топиб келган маконни вайрон этишдан иборат эканлиги яққол намоён бўлди.
Шундай экан ҳар биримиз лоқайдлик, бепарволик ва беғамлик иллатидан халос бўлиб, мамлакатимизда содир бўлаётган ҳар қандай воқеа менга, менинг тақдиримга бевосита дахлдор, деб ҳисоблаши бу ишни муқаддас фуқаролик бурчи деб билиши зарур.
Азамат УСМОНОВ, Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имом хатиби