1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Шукр қилишлик билан неъматлар зиёда бўлади

23-10-2021, 10:09 274 Ўқиш режими + -
Инсоннинг берилган неъматларга шукр қилиш билан неъмат зиёда ва бардавом бўлади.  Аллоҳ таоло шундай дейди “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” ("Иброҳим" сураси, 7-оят).
“Тафсири ирфон”да бу оят ҳақида шундай дейилади: “Шукр” сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани-буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган.  Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани-Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос[1]”
Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Албатта,  неъмат шукр ила улангандир. Шукр эса зиёдага боғлангандир.   Уларнинг иккиси бир жойга жойлаштирилгандир. Бандадан шукр узилмаганча Аллоҳ таолодан зиёда қилиш узилмайди”(Имом Байҳақий ривояти). 
Аллоҳ таолога кўп шукр қилишлик фазилатдир. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, қиёмат куни Аллоҳ таборака ва таолонинг энг афзал бандалари кўп ҳамд айтувчилардир” (Ибн Ҳиббон, Ибн Можа ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло берган неъматларга шукрона қилиш неъматнинг баракасини зиёда қилади.  Шу сабабли барчаларимизни неъматларга шукр қиладиганлардан бўлишимизга муваффақ қилсин. 

М. Қораев.
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” масжиди имоми  

 
 
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “Тафсири ирфон”. Шарқ НМАК. Т. 2019. 518-519-бетлар.