Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Бу дин кишиларни тинчликни асраб-авайлаш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.
Тарихдан маълумки, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари).
Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд бўлаётгани йўқ. Дунёнинг турли бурчакларида террорчилар ноҳақ қонлар тўкаяпти. Бундай мудҳиш воқеаларнинг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори халқимизнинг қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади.
Қуръон каримнинг элликдан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда сулҳ-муроса, тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Аллоҳ ўз каломида “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир!” деб мархамат қилади (Моида, 2-оят). Мазкур оятда Аллоҳ таоло одамларга яхшилик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга, солиҳ амалларда бир-бирига ёрдамлашишга, бадниятлик ва жанжал-ғавғолардан чекинишга буюрмоқда. Бошқа оятда эса: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят). Мусулмонлар учун энг афзал амал ҳақида келган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ алайҳиссаломдан сўрадилар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мусулмонларнинг афзали қайси киши?”. У зот алайҳиссалом: “Қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Ер қанчалик кенг бўлиши билан шунчалар тор ва зиқ кўринишга мубтало бўлади. Демак, хотиржамлик, осойишталик неъматини сўрашда доно халқимиз нечоғлик тўғри ва гўзал йўл танлаган. Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.
Бугунги мураккаб бир даврда инсоният тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғи даркор. Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террор ва қўпорувчилик содир этаётган, инсониятга ҳар томонлама зарар етказаётган ҳаракатлар дунёда ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига, миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда.
Бир вақтлар гуллаб-яшнаган яқин шарқ мамлакатларида юз минглаб одамнинг ҳалок бўлиши охир-оқибатда зўравон кучларнинг асл қиёфасини, манфур мақсадларини фош этди. Замонавий қуроллар воситасида минг-минглаб одамлар қони тўкилиб, ҳаётдан кўз юмаётгани, ёвуз кучлар орқали дунёда янги-янги уруш ўчоқлари пайдо қилинаётгани кўпни кўрган, оқ билан қорани ажрата оладиган кишиларни ниҳоятда ҳушёр бўлишга ундайди.
Шуни унутмайликки, муқаддас ислом динимиз тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган. Уни пок сақлаш, турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш долзарб вазифаларимиздан бирига айланиб бормоқда.
Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насиб қилсин.
Сайфиддин Мўминов
Китоб туманидаги “Шайх Собир” жоме масжиди имом - хатиби