1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ноёб фазилат

23-10-2021, 20:01 651 Ўқиш режими + -
Халимлик инсоннинг жуда ноёб фазилатларидан бири ҳисобланади. Халимлик хислатига эга бўлган кишининг даражаси юқори, ҳурмати баланд, қадр-қиммати олий, Аллоҳ ҳузурида ва одамлар орасида иззат ва даражаси етук ва мукаммал булади. Ибн Аббосдан (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. Аъша Абдулқайсга: «Сенда икки хислат бордир. Аллоҳ ўша хислатингни яхши кўради. Улар ҳалимлик ва босиқликдир», деганлар. (Имом Муслим ривояти)
Ҳалимлик – жазолаш учун ғазабни қўзғатувчи сабаб пайдо бўлганда вазминлик, салобат ва виқор билан туришдир. Ҳалим одам дарҳол ўч ва интиқом олишга шошилмайди. У вазмин ва босиқлик билан тили ва аъзоларини озорга яраша жавоб беришдан тияди.
Ҳалимлик ўз эгасини нафсни ҳаддан ошиш, эркига қўйиш ёки ғазабга йўл очишдан жиловлашга ундайдиган ажойиб ахлоқий фазилатдир. Мазкур сифат инсон шахсияти кучлилиги, иродаси бақувватлигидан дарак беради. Шунингдек, нодон, ақли кам, кўнгли тор кишиларда учрайдиган ноқисликлардан юқори туришни кўрсатади. Ҳалимликнинг оқибати хайрли ва натижалари кафолатлангандир. Энг муҳими, унинг бошқалар қалбига таъсири катта. Ҳатто бу ҳақда кўплаб зарбулмасаллар тўқилган. Ҳалимлик Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган улуғ неъматидир. Ҳалимлик бор жойда пушаймонлик, қўполлик, беҳаёлик, ҳақоратлаш ва таҳқирлаш оқибатида юзага чиқадиган нохуш ҳолатлар бўлмайди.
Аллоҳ таоло ғазаб қилмаслик, мулойим бўлиш ва сабр қилиш ҳақида Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади. «У (тақводор зотлар) ғазабларини ичга ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади» (Оли Имрон сураси, 34-оят). «(Эй Муҳаммад), марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг» (Аъроф сураси, 199-оят). «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан даф қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» (Фуссилот сураси, 35-36-оятлар). «Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро сураси, 43-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Луқмони Ҳакимнинг ўғлига тарбия бериб айтган насиҳатини келтириб, шундай марҳамат қилади: “Эй ўғилчам, намозингни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусийбатга сабр қил. Албатта бу ишлар азму-қарор билан адо этиладиган ишлардандир. Одамлардан (кибрланиб) юзингни бурмагин ва ерда кибру-хаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ таоло кибру-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни севмас. Юришингда муътадил бўл ва овозингни пасайтир, чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир” (Луқмон, 17-18).
Жарир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум бўлибди”, деганлар. (Имом Муслим ривояти)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашаж Абдулқайсга: «Сенда икки хислат бордир. Аллоҳ ўша икки хислатингни яхши кўради: Ҳалимлик. 2. Босиқлик», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Ҳалимлилик ҳақида Абдулла Авлоний шундай дейди: “Нафснинг роҳати, қалбнинг матонати, фикрнинг саломати, виждонинг ҳаловати ҳалим табиат бўлмоқ ила ҳосил бўлур. Зероки, вужудимиздан пайдо бўладирган афъол ва ҳаракотимизни манбаи ҳавас ва орзудур. Бу ҳавас ва орзуга фақат ҳилм ила ғолиб келурмиз ва бу васила тўғри йўлга кируб, яхши хулқ соҳиби, дину миллат ходимларидан бўлурмиз. Дунёда чин инсон бўлмак учун ҳаваснинг қўлига нафснинг жиловини бермайдурган, бўлар-бўлмас нарсалардан аччиғланмайдурган, юмшоқ табиатли, мулойим сўзли, ҳалим ва сабрли бўлмак лозимдур”.
Инсоннинг мулойим, камтар бўлиши гўзал фазилат, қўполлик, дағаллик, манманлик эса катта айбдир. Демак, яхши ишларга шошилганимиз каби гўзал хулқли, чиройли муомалали, камтар ва ҳалим инсон бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.
 
Сайфиддин МЎМИНОВ, 
Китоб туманидаги “Шайх Собир” 
жоме масжиди имом - хатиби