Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда ҳижрат қилиш лозим деган тарғиботларга дуч келамиз. Аслида, ўзи яшаб турган жойдан бошқа жойга ҳижрат қилишлик ғаразли мақсадда қилинаётган фитналардан биридир.
Ватанимиздан етишиб чиқган барча олимлар, жумладан, Имом Бухорий, Имом Исо ат-Термизий, Имом Ҳаким ат-Термизий, Имом Абу Лайс Самарқандий, Имом Аз-Замаҳшарий, Имом Мотурудий, Имом ан-Насафий, Имом Бурҳониддин Марғилоний каби буюк ватандошларимизнинг ҳаётлари ва илмий ва маърифий меросларини ўқир эканмиз, уларнинг ҳар бирларида ўз Ватанига нисбатан муҳаббатлик бўлганлиги, мусофирчиликда таълим олиб, таҳсил бериб юрган вақтларида ҳам ўз Юртларига қайтишни орзу қилиб, ўшанинг қайғусида, ўшанинг муҳаббатида юрганликларини ўқишимиз мумкин. Мисол учун Имом Бухорий ҳазратлари Макка шаҳрида таълим олиб юрганларида Бухорои Шарифда Ҳаж зиёратига борганлар у кишига устозларидан салом етказганларида Имом Бухорий ўринларидан туриб, салом етқазган кишини бағриларига босиб, Бухорои Шарифга қараб таъзим қилиб қўйганликларига тарих гувоҳдир. Шунингдек, икки ярим йил ичида Масжидул Ҳаромда Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, унинг соясида тафсир илмида маълум ва машҳур бўлган “Ал-Кашшоф” асарини ёзган, “Жоруллоҳ” унвонига сазовор бўлган Имом Махмуд ибн Умар Муҳаммад аз-Замаҳшарий ҳазратларини бу борадаги сўзларини эслаб ўтиш айни муддао бўлади деб биламан. Жумладан, “Ватанига, оиласига, инсонларга нисбатан муҳаббати бўлмаган кишида яхшилик йўқдир” деб ўз она Юртларига, оилаларига, қавму қариндошларига нисбатан муҳаббатларини изҳор қилганликлари ҳам айни ҳақиқатдир. Юқорида биз номларини санаб ўтган олимларимизнинг барчалари ўз қўнимларини ўз она ватанларида топганликларини, бу борада барча ибрат бўлганликларини ўзи ўзини Яратганнинг ердаги мукаллаф бандасиман деб биладиган кишига кифоядир.
Ҳозирги кундаги ижтимоий тармоқдан фойдаланадиган барча инсонларга фитналарга берилмасликлари, ғаламиз кимсаларнинг ёвуз ниятларини амалга оширишда қўшилиб қолмасликлари учун муқаддас динимизда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак сўзлари ила қуйидаги тавсия берилган. Бу ҳадисни Имом Термизий Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилганлар. Набиу (с.а.в.) марҳамат қилдилар: “Олим бўлган, олим бўлолмасанг ўқувчи бўлгин, ўқувчи бўлолмасанг, эшитувчи бўлгин, эшитиувчи бўлолмасанг, уларга (олимларга, илм аҳилларига, ота-онага, иш бошлиқ раҳбарларга) муҳаббатли бўлгин. Бешинчиси бўлмагин ҳалок бўласан” деб барча инсонларни ўз ҳаётларида адашмасликка чорлаганлар. Юртимиздан етишиб чиқган буюк мутасаввуф олимлардан бўлган Сўйфи Аллоёр ҳазратларининг бу борада қуйидаги мисраларини эслаб ўтиш фойдаликдир.
Ҳар киши ишқ аҳлига ишқолур,
Ишқолур ила кўнгилда ишқ олур.
Иш қолур деб ишқ аҳлига ишқолмаса,
Ул муҳимроқ ишидан ҳам иш қолур.
Яъни, бугун куннинг кишиси кимнинг изидан бормоқда, кимнинг авлодлари эканлигига тафаккур, тадаббур ила қарамоғи, ўзи учун яхши ёмонни ажратиб олмоғи учун ҳам яхши инсонлар, аҳли илмлилар билан суҳбатлашиб турмоғи, насиҳатлар тингламоғи даркордир. Анашунда ҳар бир банда муқаддас динимизнинг асл мақсади ва ғоясини, шунингдек давримизнинг талабларига амал қилган бўлади.
Хулоса қилиб айтамизки, ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган турли хил фитналардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин!
Б. Холмуродов,Қарши туман бош имом хатиби