1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Исрофда хайр йўқ

28-02-2021, 15:42 204 Ўқиш режими + -
Тарихдан маълумки, тўйлар ва маросимлар ҳақида турли даврларда ҳар хил гаплар айтилган. Чунки ҳар бир даврнинг ўз тошу тарозиси бор. Ҳаётимиз гўзал бўлган ҳозирги давримизда бундай маросимларни тартибли, ихчам ва исрофсиз ўтказиш, миллий қадриятларимизга риоя этиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Ҳар қандай ишда ўртамиёналик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ақлан ва шаръан қораланиб, улардан қайтарилган. Исроф ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда кўплаб оятлар туширган, ундан қаттиқ қайтарган ва исрофгарларни шайтоннинг биродарлари деб айтган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Эй умматларим, енглар, ичинглар, садақа-эҳсон қилинглар, лекин уларга исроф ва такаббурлик аралашмасин”.
Бошқа бир ҳадисда “Ҳар бир исроф ҳаромдир” дейилган. Оятлар ва ҳадисда айтилганидек, еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳ ва ҳаромдир.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) ўғиллари Осимга насиҳат қилиб, шундай деди: “Эй ўғлим! Таомни қорнинг тўйгунича емагин, кийиминг-ни ҳам эскирмагунича ташламагин. Аллоҳ берган ризқни фақат қорнига ва эгнига ишлатадиган қавмлардан бўлмагин”
Аллоҳ таоло неъматларини исроф қилмасдан, уларни ғанимат билиб, қадрига етишлик ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: “Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат бил. Ҳаётингни ўлимингдан, соғлиғингни касал бўлишингдан, бўш вақтингни машғул бўлишингдан, йигитлигингни кекса бўлишингдан ва бойлигингни фақир бўлишингдан аввал ғанимат бил”.
Саҳобаи киромлардан бирлари Расули Акрам (с.а.в.)дан тўйни қандай қилиш ҳақида сўраганларида, Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом: “Битта қўй сўйгин”, деганлар. Мен бир неча қўй сўйишга қодирман, деб қайта-қайта сўраганларида, “Эй молинга Худо барака бергур, битта қўй сўйгин” деганлар.
Донишмандлардан бирининг таъкидлашича, ақлли одам мол-давлат орттириш учун ақл-заковатининг ўндан бир ҳиссасини, уни ўз ўрнида сарфлаш учун эса ўндан тўққиз ҳиссасини сарфлар экан. Бу ҳикмат бирон нарсани қўлга киритишдан кўра уни тежаб-тергаб ишлатиш мушкулроқ эканини англатади.
Исроф ҳақида китобларда жуда кўп ҳаётий ҳикматлар учрайди. “Пешона тери эвазига етиштирилган ҳар қандай неъматни эҳтиёжингизга яраша истеъмол қилинг. Қорнингиз тўйдими, ортиқча еган луқмангиз ҳам исрофдир”.
Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий исроф ҳақида шундай маънода фикр билдиради: “Исроф ўринсиз ва фойдасиз ишларга пул ва мол сарф қилишдир. Қўлда бўлган пул ва молни керакли жойларга сарф эта билиш, яхши идора қилиш учун исрофдан сақланиш лозим”.
Бу байт ҳам бежиз айтилмаган:
Сен агар исроф этишни ташладинг,
Ул замон давлат эшигин ушладинг.
Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”.
Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: “Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади”. Улуғ донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлмайдими?
Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда  исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, олди-кетига қарамай исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани, айниқса ачинарли ҳолат. 
Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак. Ҳукуматимизнинг бу ҳақдаги қарорларига ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса айни савобли иш қилинган бўлади.
Энг ачинарлиси, одамларимиз ҳатто исрофгарликлари билан мақтанадиган бўлиб қолишди. Буни эса болалармизга салбий таъсир қилишини сезмай қолаяпмиз. Болаларимиз катталардан ўрнак олиб, неъматнинг қадрини билмайдиган, нарсаларини бўлар-бўлмасга ташлаб юборадиган ҳолга келишди. Улар китоб-дафтарларини, ўйинчоқларини, кийим-бошини авайламайдиган, ота-оналари машаққат билан топган пул ва мулкини тежамайдиган бўлиб қолаяптилар. 
“Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборади. Аллоҳ таоло бундайларни ўз китобида жуда қаттиқ қоралайди. 
“Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди”, дейишади. Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этайлик. Ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидан эканини бирор сония ҳам унутмайлик. 
Қуръони каримнинг йигирмадан зиёд оятларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифларида исроф ва унинг оқибатлари ҳақида сўз юритилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Хоҳ бойликда, хоҳ фақирликда, хоҳ ибодатда бўлсин, ўртаҳол бўлиш қандай ҳам чиройли”, деганлар.
Дарҳақиқат, исроф фақатгина еб-ичишгагина эмас, балки инсоннинг ҳаётига, унинг бойлигига, ёшлик даврига ва соғлиғига ҳам тааллуқлидир. Шу билан бирга, хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймасдан, мўътадил бўлиш талаб қилинади.
Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Ўтган кун бошқа қайтиб келмайди. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлишмиз лозим.
 
 
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти
 3-курс талабаси Ғайбуллаев Сирожиддин