1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Илми кўзларга тўтиё зот

3-12-2019, 16:09 671 Ўқиш режими + -

Улуғ олим Абул Муин Маймун ибн Муҳаммад ибн Мўътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафий милодий 1027 йили Насафда туғилган. Абдулкарим Самъоний Абул Муин исмига “Ибсоний”ни ҳам қўшиб айтади ва Ибсон қишлоғи Қарши шаҳридан бир миқдор узоқликда жойлашганини таъкидлайди. Абул Муин Насафий шу қишлоқда туғилган. Унинг катта бобоси Макҳул Насафий (вафоти 930 й.) Имом Мотуридийнинг шогирдларидан эди. Бобоси Мўътамад ибн Муҳаммад Насафий эса ҳанафий олимлар орасида машҳур эди. Абул Муин бошланғич билимларни бобоси ва отасидан олади. Кейинчалик Абул Юср Паздавийга шогирд бўлади.

Абул Муин Насафий Бухоро ва Самар­қандда яшаб, самарали ижод қилган. Унинг шогирдлари орасидан Алоуддин Самарқандий, Иброҳим Саффор Бухорий каби олимлар етишиб чиққан.

Абул Муин Насафий асарларининг кўпи калом илмининг турли масалаларига бағишланган. “Ал-умда фи усулил фиқҳ”, “Баҳрул калом фи илмил калом”, “Табсиратул адилла фи илмил калом”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид фи илмил калом”, “Ал-олим вал мутаъллим”, “Изоҳул маҳажати ли кавни ақли ҳужжатан”, “Шарҳул жомеъул кабир лиш-Шайбоний фил фуруъ” ва “Муътақадот” каби асарлари шулар жумласидандир.

Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафларнинг фикрларини мустаҳкамлади, мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Абул Муин Насафий милодий 1114 йили вафот этди. Қабри Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида.

Абул Муин Насафийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб номлар берилган:

Фақиҳул ҳанафий, сайфул ҳақ (Ҳанафий фақиҳи, ҳақнинг қиличи);

Қомеул мулҳидийн (даҳрийларнинг шубҳаларини бостирувчи);

Издуд дин (Ислом ҳимоячиси);

Жомеул усул (Аслларни жамловчи);

Раису аҳлис сунна вал жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи).

Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан - Насафийнинг “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд”  номли асарида Абул Муин Насафий ҳақида шундай дейилади:  “Шарқу ғарбнинг олиму уламолари Абу ал-Муъийн ан-Насафий илмининг денгизидин баҳра топиб, ул таратғон зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртғонлар”.

 “Ат-Тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” (“Тавҳид қоидаларига муқаддима”) номи билан аталган асар дин асослари ҳақида фикр юритади. У “Табсира” китобининг мухтасар, мўъжаз шакли, ёки бошқача айтганда, унинг муфассал фиҳристи кабидир. Чунки бу асарда “Табсира”нинг боблари ва фасллари айнан такрорланган. 

Насафий ҳар бир масалани кўриб чиққандан кейин ўша масалани ўзининг “Тамҳид”ида мухтасар ҳолда баён қилганини сезиб, шундай дейди: “Мана бу масала бўйича гап ва далиллар кўп. Уларнинг баъзилари “Табсирату-л-адилла”да зикр қилинган. Бинобарин, ушбу “Тамҳид” номли китобимизда фақат унинг зикрини мухтасар қилганмиз”. Шунга қарамасдан, “Тамҳид”нинг қиммати “Табсира”дан кам эмас. Чунки бу китоб ақидавий масалаларга чуқур киришмасдан, фақат аҳли сунна вал - жамоанинг қарашлари ҳақида тез ва қулай маълумот олишни хоҳлаган кишилар учун муҳим манба ҳисобланади. “Тамҳид” асарини илк бор 1986 йил араб олими Жибуллоҳ Ҳасан Аҳмад Мисрнинг “Дору-л-табиъати-л-Муҳаммадия” нашриётида чоп эттирди. Умумий ҳажми 33 бобдан иборат асарнинг дунёдаги турли мамлакатлари қўлёзмалар фондида 15 дан ортиқ нодир нусхаси сақланаётгани маълум. Уларнинг аксарияти Туркия кутубхоналаридадир.  Шунингдек, “Тамҳид”нинг тўртта нусхаси ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида мавжуд. 

“Тамҳид” ҳажм жиҳатидан “Табсира”дан кичик, шунинг билан бирга, фаслларини айнан такрорлагани боис, мазкур асар “Табсира”нинг “Чўнтакбоп шакли” номини олган. Асарнинг кўплаб нусхаларига эгалиги, шунингдек, Ҳусаний ибн Али Сифноқий (ваф. 710/1310) каби олимлар томонидан ёзилган бир қанча шарҳларга ҳам эгалиги унинг калом илми тарихи, ривожланиш босқичларини ўрганиш ҳамда аксар адашган фирқаларга ўринли раддиялар бериш борасида қимматли манба эканлигини кўрсатади.

 “Баҳрул   калом” асари аллома ижодининг гултожи ҳисобланиб, ислом дини асосларини ташкил қилган калом илми бўйича энг қимматли манбалардандир. Абу ал-Муъийн ан-Насафий ўз китобини яратишда асосий манба сифатида Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Ат-Тавҳид”, Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг “Ал-Ламъа”, “Мақолот ал-Исломиййин”, Имом ал-Ҳарамайн, Имом Абул - Маолий Абдулмалий ал-Жувайнийнинг “ал-Иршод” асарларидан фойдаланган. Ушбу асар калом илми бўйича ал-мотуридиййа мактабининг асосийларидан бири ҳисобланади. Чунончи бу асар аш-шайх Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган исломий ақиданинг энг бош манбаларидан саналади. 

Бу китобнинг бир қанча қўлёзма ва китобий нашрларининг мавжудлиги ҳам унинг муҳим манбалардан эканлигидан далолат беради ва унинг қимматли қўлёзма нусхалари Дубайдаги Жумъа ал-Можид номли маданият ва мерос марказида, (1167 ҳижрий йилда кўчирилган), Дамашқдаги аз-Зоҳирия кутубхонасининг қўлёзмалар бўлимида, Бағдоддаги “Мактабат ал-Авқоф”да, Қоҳирадаги машҳур “Дорул – кутуб”нинг қўлёзмалар бўлимида сақланади. Асар муҳим манба сифатида икки марта нашр ҳам этилган. Жумладан, 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада чоп этилган.

“Баҳрул – калом”га айрим шарҳлар ҳам битилган. Жумладан, Олим Бадруддин Ҳасан Ибн Абу Бакр Аҳмад ал-Макдиси (1415 йили вафот этган) асарга бағишлаган шарҳини “Ғоят ал-маром фи шарҳи “Баҳрул-калом” деб атаган. Таниқли араб олими Ҳожи Халифа ҳам ўзининг машҳур “Кашфуз – зунун” асарида “Баҳрул – калом”га ёзилган фақат шу шарҳ ҳақида зикр қилган, холос.

Олимнинг “Баҳрул калом фи илмил калом” асари мотуридия мактабининг калом бўйича асосий манбаларидан биридир. У ўрта асрларда катта шуҳрат қозонган. Олимнинг ушбу асари учта катта асари орасида (“Табсиратул адилла”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид”, “Баҳрул калом”) биринчи бўлиб нашр этилган.

“Табсиротул адиллату фи усулид дин” (“Усулуд дин”даги далилларни тушунтириш). Ушбу асар Абул Муин Насафийнинг энг салмоқли асари ҳисобланади. Зеро бу асар муаллифнинг ақида илмига оид асарлари орасида энг аҳамиятлиси, энг  ҳажми каттаси ва уламолар ўртасида энг машҳури ҳисобланади. Кўплаб уламоларнинг Абул Муин Насафийни “Табсиратул адилла соҳиби” деб атаганлари бунинг исботидир. Уламолар Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” асарини “Табсиротул адилла”нинг мундарижаси кабидир, деганлар.       

Ёшларни турли диний-сиёсий оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абул Муин Насафий илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади. 

Айниқса, Абул Муин Насафий асарлари ақидавий масалалар чуқур илмий таҳлили ва ҳанафия мазҳабидаги мотуридия таълимотига хос ечими билан юртимиздаги барқарор тинчлик, шу билан бирга четдан кириб келаётган турли “ғоя”ларга раддиялар беришда алоҳида ўрин эгаллайди.

 ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили,

 вилоят бош   имом  хатиби:         

                                                                                                                                               Р. Усмонов