1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОНА ТАБИАТНИ АСРАШ – ИНСОНИЙЛИК БУРЧИМИЗДИР!

28-06-2021, 15:51 328 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратган барча нарсаларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Унга чексиз неъматлар берди. Ўзи яратган бу ажайиб оламни инсонга бўйунсунадиган қилиб қўйди. Аллоҳ таоло бандаларига шунчалик улуғ неъматлар бериши билан бирга, мазкур неъматлардан ўзи учун ва ўзгалар учун қайта фойдаланишни таълим берган. Аллоҳ таоло инсонни дунёни, табиатни асрашга, Аллоҳ таолонинг неъматларидан манфаат олишга, уларни ҳалок этмасликка, яхшилик йўлида ишлатиш ва ёмонликка ишлатмасликка буюрган.
Муқаддас китобимиз, Қуръони каримнинг икки юз эллик оятида табиат, уни асраб авайлаш мавзулари зикр этилгани Исломнинг бу масалага қанчалик катта эътибор қаратишини кўрсатиб турибди. Ҳар биримизга маълумки Аллоҳ таоло оламни ажойиб аниқлик билан ва ўзаро боғлиқ ҳолатда яратган. Бу ҳақида Қуръони каримни Қамар сураси 49-оятида шундай марҳамат қилган: 
“Албатта, биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик”.
Демак, дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, ҳайвоноту наботот ҳам Аллоҳ таоло тамонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Агар бу боғланиш бир оз бўлса ҳам бузилса, инсоният учун қатор жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни, табиатни асраб-авайлашга қаттиқ ҳаракат қилмоғи лозимдир. Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам ҳудди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни “Зориёт” сураси 48-оятида шундай билдириб қўйган: 
“Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз”. Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир.
Инсоннинг бу дунёдаги масъулияти ҳақида кўплаб ҳадису шарифлар ворид бўлган, улардан бирида Пайғамбаримиз (с.а.в) : “Бас, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз”, дейдилар. Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор. Масъулиятдан сўраладиган кун келишидан олдин, табиат, атроф-муҳит олдидаги масъулиятимизни тўғри адо этайлик.
Ислом дини доим иймонли инсонларни ҳайвонот яъни жониворларга зарар келтирмасликка, ҳайвонларга меҳрибон бўлишга чақиради. Қуръони каримдаги кўпинча оятлар Аллоҳ таолонинг ҳайвонот оламини яратишдан мақсади, уларни муҳофаза қилиш тартиби, инсон ҳайвонот дунёсидан қандай фойда олиши мумкинлиги, ҳайвонларни тарбия қилиш йўлларини батафсил тушинтириб берган. Қуръони каримнинг “Бақара”, “Анъом”, “Фил”, “Намл”, “Наҳл” каби бир неча суралари ҳайвонлар номи билан аталади. Бу сўзларнинг таржимаси “Сигир”, “Чорва ҳайвонлари”, “Фил”, “Чумоли”, “Асалари” деганидир.
Деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига тарғиб қилувчи кўплаб ҳадису шарифлар ҳам мавжуд. Шулардан баъзиларини келтирамиз: Пайғамбаримиз (с.а.в) “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Демак барчамиз ўзимиз яшаб турган ҳавлиларимизга, маҳаллаларимизга дарахт ва гул кўчатларини эксак ва ундан кимдир манфаат олса бундан бизга савоб ҳосил бўлишини тушиниб саъй-ҳаракат қилишимиз лозим.
Маълумки, ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларга фарз ибодатларидир. Агар шу нарсаларда сувни исрофи жоиз бўлмаса, ибодатмас бошқа ишларга исроф қилиш асло дуруст эмас.
Атроф муҳитга, табиатга нисбатан меҳр-шафқатли ва адолатли бўлишга ўқитишинг, ўргатишинг ўзигина катта фойда келтирмайди, албатта, у билимлар, тарбиялар ҳам биз катталар томонидан амалга қўлланилиши, кўрсатилиши лозим. Ислом нуқтаи назарида табиатни мухофаза қилиш тарбияси жамиятнинг катта ёшдаги аъзолари вазифасидир. Катта ёшдагилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қўриқлашда доимо ёшларга ибрат кўрсатишлари шарт. Улар ёш авлодни табиатни муҳофаза қилишда етук онгли, ҳайвонот ва наботот оламига раҳмдил қилиб тарбиялашлари зарур.
 
 
 
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти
 талабаси Нейматов Айюб