1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Динимиз кўрсатмларида меҳнатга муносабат

20-01-2021, 17:32 216 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло инсоннинг ризқини ҳам бошқа жонзотларники каби азалдан белгилаб қўйган. Фақатгина инсон ақлли махлуқ бўлгани учун касби-кор қилиб, ризқини ҳалолдан топиб умр ўтказишга буюрилган. Аллоҳ таоло Нисо сураси, 29-оятида шундай буюрган: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро, розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно”. Яна Аллоҳ таоло Набаъ сураси, 11-оятида: “Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик” деб кундузни касб-ҳунар, тирикчилик вақти қилганини эслатмоқда.
Инсон меҳнат, касб-ҳунар билан обрў ва шараф орттиргани каби, оила аъзоларининг эҳтиёжларини таминлайди. Уламоларнинг сўзларига кўра: “Ўзини ва оиласини таъмин этадиган миқдорда касб қилиш вожиб, ундан зиёдаси учун касб қилиш мубоҳдир”. Бандалар Аллоҳ таолонинг буйруқларини беками-кўст адо қилиши учун либос ва нафсининг озуқасига муҳтож. Банда бунга фақат касб қилиш билангина етишади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони карим Жума сураси 10-оятида шундай марҳамат қилган: “Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар”. Демак, ризқ талабида саъй-ҳаракат қилишлик, касб қилишлик динимизда буюрилган иш экан. 
Касбу ҳунарли бўлиш Пайғамбарларнинг одатидир. Ривоят қилинишича Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Довуд (а.с) одамлар танимайдиган суратда чиқиб, мамлакат аҳлидан, ўзлари ҳақида сўрар эдилар. Бир куни у кишига Жаброил фаришта (а.с) одам қиёфасида кўринди. Довуд (а.с) айтдилар: “Эй йигит, Довуд ҳақида нима дейсан?”. “У яхши одам, лекин бир ёмон хислати бор мусулмонлар ҳазинасидан фойдаланади. Бандаларнинг ичида Аллоҳ таолога севимлироғи ўз меҳнати билан ризқ топиб ейдиганидир”, деди Жаброил. Шундан сўнг Довуд (а.с) ўз ўринларига қайтиб, йиғлаб-йиғлаб айтдилар: “Эй Роббим, менга бир ҳунар ўргатгин, мўминларнинг молидан фойдаланмай”. Аллоҳ таоло Довуд (а.с)га темирчилик касбини ўргатди. Темирлар у кишининг қўлида худди хамирдек юмшоқ бўлиб қоларди. Довуд (а.с) ишдан бўш вақтларида совут ясардилар сўнгра уни сотиб ўзи ва оиласининг эҳтиёжларига сарфлар эдилар. 
Довуд (а.с) нинг вафотидан кейин у кишининг ўрнига Пайғамбар бўлган ўғли Сулаймон (а.с) инсонлар ва жинларнинг подшоҳи эди. У кишига шамоллар бўйсундирилган, барча ҳайвонотнинг тилини билар эдилар. Мана шу Сулаймон (а.с) одамларга минбарда хутба қилаётганларида, қўлларида палма дарахтининг новдалари бўлар эди, ундан сават ёки шунга ўхшаган бирор нарса ясаб турар эдилар. Агар тўқиб бўлсалар, бир кишига бериб: “Бозорга олиб бориб сот”, дердилар.
Бу икки зотдан ташқари Одам (а.с) деҳқончилик, Нуҳ (а.с) дуродгорлик, Идрис (а.с) хаттотлик, Иброҳим (а.с) газлама савдоси, Закариё (а.с) дурадгорлик билан шуғулланганлар. Бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам савдогарлик касби билан шуғулланганлар. Энг улуғ зотлар бўлмиш Пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари, касблари билан топганлари инсоният учун буюк ибрат бўлмоғи лозим.
Шу пайтгача ўтган улуғларимиз, авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланганлар. Ҳунарли кишининг бировга эҳтиёжи бўлмайди, таъмадан узоқ бўлади. Зеро, халқимизда ҳам “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Ҳунар туганмас бойликдурки, у қанча сарф қилинмасин камайиб қолмайди. Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш зарур. Шунинг учун ёшларимиз вақтидан унумли фойдаланиб, бирор касб ўрганишга ҳаракат қилмоғи, илм ўрганмоғи мақсадга мувофиқдир. Чунки, ёшликда ўрганган илму ҳунар тошга ўйилган нақш кабидир. Улуғларимиз ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, йигитликнинг безаги ва зийнати касб орқасидан дейишган.Фарзандларини илму ҳунарли бўлишларига ота-оналар жиддий эътибор қаратишлари лозим.

Хожа Бухорий ислом билим юрти 
2курс талабаси Шаробов Хуршид