1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсон (2-қисм)

29-10-2021, 09:12 229 Ўқиш режими + -
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга энг қаттиқ муҳаббат қилувчи ва энг вафодор саҳобалардан эдилар. Бунга қуйидаги воқеъа ҳам очиқ далолат қилади. Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар: “Мадинага ҳижрат қилаётган пайтимиз эди. Жуда ҳам ташна эдим. Сут келтириб, уни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга узатар эканман: “Ичинг ё Расулуллоҳ!” – дедим. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам уни ичдилар ва менинг чанқоғим босилди”. Ушбу воқеада Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни қай даражада яхши кўрганлари, У Зотга нисбатан нечоғли фидокорликлари намоён бўлади. Киши қай бир инсонни чин дилдан яхши кўрса, унинг эҳтиёжини ўз эҳтиёжидан устун қўяди. Унга фойда етказишга, ундан зарарни даф қилишга ҳарис бўлади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келдилар ва қўлимдан етаклаб бориб, менга умматим кирадиган жаннатнинг эшигини кўрсатдилар”, – дедилар. Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам Сиз билан бўлиб уни кўришни жуда ҳам истадим”, –деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
  أَمَّا إِنَّكَ يَا أَبَا بَكْرٍ أوَّلُ مَنْ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي
яъни: “Эй Абу Бакр, умматим ичидан жаннатга биринчи кирувчи, албатта, сиз бўласиз”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бир одам учун бундан ортиқ фазилат бўлмаса керак. Аллоҳ таоло барча умматларга гувоҳ қилган, охирги ва энг афзал уммат бўлган уммати Муҳаммадиянинг ичидан биринчи бўлиб жаннатга кириши Аллоҳ таолонинг охирги ва энг афзал пайғамбари томонидан таъкидланган одамдан ҳам афзал одам бўлмаса керак.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу доимо ҳалолликка эътибор берганлар, шубҳали луқмадан ҳам эҳтиёт бўлганлар. Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай дейдилар: “Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча ўша қул таом олиб келди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу ундан бир луқма еган вақтида, қул у кишига: “Сизга нима бўлди? Ҳар кеча мендан олиб келган нарсаларимни қайси йўл билан топиб келганим ҳақида сўрар эдингиз, бу кеча эса сўрамадингиз?”, – деди.
– Буни ейишга мени очлик мажбур қилди. Буни қайси йўл билан топиб келдинг? – дедилар Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
– Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтаётиб, уларга афсун қилган эдим. Бу хизматимга улар менга ҳақ беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган нарсаларини беришди, – деди қул.
– Мени ҳалок қилай дебсан-ку, – дедилар ҳазрати Абу Бакр ва қўлларини оғзиларига тиқиб, қусишга харакат қила бошладилар. Еган нарсаси эса чиқмади. У кишига бу нарса фақат сув билан чиқади, дейилди. У киши бир идишда сув олиб келишларини буюрдилар. Сув келтирилгач, ундан ичиб қусишга уриндилар. Охири еган нарсасини чиқариб ташладилар. Шунда у кишига “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бир луқмани деб шунчалик қиласизми?” – дейишди.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Агар еган нарсам жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта чиқарар эдим. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: “Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга дўззах вожибдир!” деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим”, – дедилар.
 Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг пархезларини кўринг-гу, бугунги бизнинг аҳволимизга қаранг! Ҳозирги кунда қайси биримиз ўзимиз истеъмол қилаётган луқмамиз ҳалолдан топилганига бу қадар эътибор бераяпмиз?!
Энг ачинарлиси, ўзини мусулмон санаган айрим кимсалар Аллоҳ ҳаром қилган эшшак гўштини яширинча сотиб, қанчадан-қанча инсонларни луқмасини булғамоқда. Ушбу қилган ишлари учун улар Аллоҳнинг ҳузурида аламли азобга қолишларини ўйлашмаяпти. Агар бундай ҳолга эътиборсиз бўлсак, қилаётган ибодатларимизу, хайрли ишларимизнинг бирортаси ҳам мақбул бўлмайди, Аллоҳ сақласин.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан сўнг барча саҳобаларнинг иттифоқи билан мусулмонларнинг йўлбошчиси бўлдилар. У зот ўзларининг икки йил уч ой-у бир ҳафта давом этган халифалик вақтларида Ислом умматининг катта фитнадан сақланиб қолишига сабаб бўлдилар. Турли фитналар бўлиб, кўпчилик диндан қайтганда, қатъиятлилик билан уларни Исломга қайтариш чораларини кўрдилар. Қуръони каримни алоҳида китоб шаклига келтирдилар ва кўплаб диёрларга Ислом дининг кенг ёйилишига хизмат қилдилар. У зот ҳижратнинг ўн учинчи йили жумадул аввал ойида олтмиш уч ёшларида вафот этганлар.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг насиҳатларидан: 
– Аллоҳга энг итоатли киши – Роббига маъсият қилишни ёмон кўрадиган кишидир;
– Фазилатни – тақвода, бойликни–  имонда, шарафни тавозеъда топдик;
•    Кимда қуйидаги тўрт хислат бўлса, у – Аллоҳнинг энг яхши бандасидир: бошқаларнинг тавба қилганидан севиниш, гуноҳкорнинг кечирилишидан ҳурсанд бўлиш, ёмонларнинг ислоҳ бўлишларини сўраб дуо қилиш, яхшига ёрдам бериш;
•    Ўзингга қабр эмас, қабрга ўзингни ҳозирла;
•    Кўп ёлғон ва ҳасаддан қалб қаттиқлашади;
•    Зулм, аҳдга вафосизлик ва хийла деб аталган уч ёмон хислат кимда бўлса, унинг зарари айланиб келиб, соҳибига тегади;
•    Тўрт нарсани ортга суринг: уйқуни қабрга, роҳатланишни Сирот кўпригига, ўзни оқлашни торозу (ҳисоб-китоб куни)га ва орзу-истакларни жаннатга;
•    Бир ҳаромни оғзимга олмаслик учун етмиш ҳалолни тарк этдим.
Аллоҳ таоло ушбу буюк саҳобадан Ўзи рози бўлсин! У зот ҳаёт йўлларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилишимизга барчамизни муваффақ айласин! Қиёмат кунида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хавзлари олдида Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан бирга бўлишни ҳаммамизга насиб этсин! 

ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди