Жиҳод тушунчаси: Ушбу сўз араб тилидан таржима қилинганда
ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, зўр бермоқ, бор кучини сарфламоқ, курашмоқ, меҳнат қилмоқ каби маъноларни ифодалайди.
Истилоҳда эса барча яхшилик ва эзгулик ишларида бор кучини сарфлаб саъй-ҳаракат қилишга айтилади.
Жиҳоднинг турлари ва унинг мазмун-моҳияти. Жиҳоднинг луғатдаги хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қатор турларга ажратилган. Ислом динига сўз билан даъват қилиш ёки фарзандни ота-онаси хизматида бўлиши ҳам жиҳод ҳисоблангани боис, унинг кенг маънода қўлланиши аён бўлади. Шу маънода жиҳод – ислом таълимотларида, қиёмат кунигача жорий қилинган.
Имом Нававий ўзининг “Ал-манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад” китобида “жиҳод”нинг таърифи ва турлари баёнида “.
.. яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш” марказий ўринда туришини баён қилган.
Имом Дирдийр ўзининг “Ақроб ал-масалик” деган асари “жиҳод” бобини
шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш вожиб эканини тушунтириш билан бошлаган.
Яна жиҳод
нафс, шайтон ва
босқинчиликка қарши курашиш каби турларга ажратилган.
Шуни таъкидлаш керакки жиҳоднинг уруш, қатл, ўлдириш каби маънолари йўқ. Лекин унинг луғавий маъносидан келиб чиқиб юқорида айтганимиздек исломда босқинчиликка ва душманга қарши бўлган саъй-ҳаракат ҳам "жиҳод" деб номланган. Албатта бу хос маънода. Лекин буни фақат уруш, ўлдириш, қон тўкиш, зўровонлик ва зулмга нисбатан ишлатиш умуман ислом таълимотига зиддир. Яна жиҳод исломий атама ҳисобланади. Уни мусулмонларга қарши ишлатиш мумкин эмас. мусулмон мусулмонга насиҳат қилади.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғазотларининг моҳиятини ўрганиб чиққан уламолар, асосан, икки ғояни илгари сурилганини таъкидлашади:
биринчиси, босқинчи душманнинг мусулмонларга қарши ҳужумларига жавоб бериш учун олиб борилган мудофаа жанглари;
Иккинчиси, душман томонидан кутилган тажовузнинг олдини олиш ва фитнани кетказиш мақсадида кўрилган ҳарбий тадбирлар.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳам мусулмон жамиятини барпо этиш ёки унга ҳудуд ҳозирлаш учун умуман жанг қилмаган. Ва ҳатто хос давлатни барпо этиш мақсадида мусулмонларни жамлаш учун ҳам амалга оширмаган. Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи бу борада намуна бўлардилар. Яъни У зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ва у ерда ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қиларди. Бироқ Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмаган.
Мана шу сабабли ҳам мусулмонлар ўз Ватани ва динини ҳимоя қилиши учун жиҳод жорий этилганини хулоса қилсак бўлади. У йўқ нарсани амалга ошириш учун эмас, балки бор нарсани ҳимоя қилиш учун жорий қилинган.
Демак, “жиҳод” – ҳеч қачон ҳукумат барпо қилиш ёки йўқ жойдан қўзғолон кўтариш учун жорий этилмаган. Бугунги кунда "жиҳод" деб жар солаётганлар жиҳоднинг ҳақиқий маъносини англаб етганларида бу ишларини қилмас эдилар. Зеро улар минглаб бегуноҳ ёш болаларни, зайифа аёлларни, кўплаб беайб инсонларни, энг ачинарлиси қанчадан-қанча мўмин-мусулмонларни қонини тўкмоқда, молларини ҳалол санамоқда. Исломда ҳаттоки, уруш майдонида ҳам бу ишларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Ислом дини тинчлик тарафдори бўлиб, доим тинчликка тарғиб қилиб келади.
- Ислом ўз номидан келиб чиқиб тинчлик ва саломатлик динидир.
- Ислом барча инсониятни ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш ва борди-келди қилишга чақиради. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا"Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик". (Ҳужурот, 13
) Аллоҳ таоло оятда, урушишингиз учун, жанжал учун, фахрланиш учун, мақтаниш учун демаяпти ёки бошқа сабабларни айтмаяпти.
- Ислом тинчликни ва уруш бўлмаслигини катта неъмат деб ҳисоблайди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا نِعْمَتَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ هَمَّ قَوْمٌ أَنْ يَبْسُطُوا إِلَيْكُمْ أَيْدِيَهُمْ فَكَفَّ أَيْدِيَهُمْ عَنْكُمْЭй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир қавм сизга қўл узатмоқчи бўлганида, У уларнинг қўлларини сиздан қайтарган эди. (Моида, 11)
(وَهُوَ الَّذِي كَفَّ أَيْدِيَهُم عَنكُم وأيدِيَكم عنهُم بِبَطْنِ مَكَّةَ مِن بَعْدِ أَنْ أَظْفَرَكُمْ عَلَيْهِمْ) (الفتح: 24 ).
- Ислом "Ҳудайбия сулҳи"ни равшан ва катта фатҳ яъни улкан ғалаба деб номлаган.
إِنَّا فَتَحْنَا لَكَ فَتْحًا مُبِينًا"Албатта Биз сенга равшан фатҳни бердик" (Фатҳ, 1)
.Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дейдилар: “
Кимки, ўз уйида хавф-хатардан эмин ҳолда тонг оттирса ва ҳузурида бир кунлик озиғи бўлса, бас унга гўёки, дунё неъматлари тўлалигича ато қилинибди ”.
Пайғамбаримиз ҳадиси орқали киши учун энг азиз неъмат бу – тинчлик неъмати эканини билдирилмоқда. Террорчилар эса Аллоҳ тарафидан бандаларга ато этилган мана шу тинчлик неъматига раҳна соладилар.
- Аллоҳ таоло Қурайш қабиласига ўз неъматларини эслатар экан, тинчлик ва амниятни алоҳида тилга олади: “Бас, ушбу байт эгасига ибодат қилсинлар! Қайсики, У уларни очликдан қутқариб, ризқлантириб қўйди ва хавф-хатардан омон қилди” (Қурайш, 4).
- Шунингдек, Аллоҳ таоло Маккани тинчлик-омонлик диёри қилди, уни “омонлик шаҳри” дея қасамёд қилди.
- Росулуллоҳ с.а.в. уруш-жанжал у ёқда турсин, уруш сўзини ўзина ҳам яхши кўрмаганлар.
والرسول ـ صلى الله عليه وسلم ـ يُنَفِّر من كلمة "حَرْب" حتى إنه يقول: "أصدق الأسماء حارث وهمَّام، وأقبح الأسماء حرب ومُرة
Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кишилар хотиржамлигини сақлашга бўлган эътибори шу даражага бўлганки, ҳатто У зот:
“Кимки, ўз биродарига тиғли нарса билан ишора қилса, бас то ўзини тийиб олмагунча фаришталар унга лаънат ўқийдилар, гарчи у одам ўзининг туғишган укаси (ёки акаси) бўлса ҳам”, – деган сўзни айтдилар (Муслим ривояти).
Демак, янги пайдо бўлган барча тоифалар ўзларига баландпарвоз шиорларни танлашлари, ислом динида муқаддас ҳисобланган сўзларни бузиб талқин қилмоқчи бўлаётганлари ёки бутун мусулмонлар учун муқаддас бўлган баъзи бир атамалар билан номланишлари ўзларининг қабиҳ жиноятларини ниқоблашга уринишдан бошқа нарса эмас.
Ўткир Ғузаров, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири