1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Абдуллоҳ Зуфарнинг мавлид ҳақидаги эътирозларига жавоб

30-10-2021, 12:33 210 Ўқиш режими + -
Ўзининг муқаддас каломида “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Ўзининг пурмаъно ҳадисларидан бирида “Мен карамли ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим”, деган жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал салавот ва саломлар бўлсин.
Ҳеч кимга сир эмас бугун ижтимоий тармоқдан яхши ҳам ёмон ҳам бирдек фойдаланмоқда. Ҳар ким ўзи ҳақ деб билган нуқтаи назарга асосланиб у ёки бу масалада омма афкор олдида чиқиш қилмоқда. Табийки қарши томон ўртага ташланган масала юзасидан ўзининг эътироз ва раддияларини билдирмоқда. Бундан бир қанча муддат олдин Раҳматуллоҳ Термизий домла жума маърузаларидан бирида мавлидни нишонлаш хусусида ўзининг айрим далил ва ҳужжатларга асосланган фикр мулоҳазаларини айтиб ўтади.
Абдуллоҳ Зуфарнинг мухлислари домла айтган гапларни текшириб кўриш учун унга мавлидни нишонлаш мумкинми ёки йўқми деган маънода савол беришади. Абдуллоҳ Зуфар саволга жавоб берар экан, мусулмонлар мавлидини нишонлаш учун келтирган барча сабабларни баҳона деб айтайди. Унинг айтган гапларини тинглаб бўлгач, интернетдан уламоларимизнинг мавлид ҳақида айтган фикрлари билан қизиқиб кўрдим. Юртимиздаги кўзга кўринган аҳли илмлардан бири қори Ҳасанхон Яҳёнинг “мавлид ҳақида ўйлар” деган мақоласига кўзим тушди. Мақола билан яқиндан танишиб чиқиб, Абдуллоҳ Зуфар томонидан билдирилган барча эътирозларга жавоб топдим. Мазкур мақоладан айни мақсадга қаратилган қисмини саралаб олдим. Ҳозир ана шу қисми билан сизларни таништириб ўтсам мақсадга мувофиқ бўлади деган умиддаман.
Мавлидга қарши бўлган кишилар, нега Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ва у зотдан кейинги мақталган асрларда мавлидни нишонлаш одати бўлмаган? Ахир салафи солиҳларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга биздан кўра муҳаббатлироқ ва итоатлироқ эдилар-ку? «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни мукаммал етказган бўлсалар, энди унга қилинган қўшимча бидъат бўлади-да», дейишади. 
Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон одамларни тўплаб, ўзларининг таваллуд кунларини нишонламаганлар, бунда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар душанба рўза тутардилар ва у зотдан бунинг сабабини сўрашганда: «Бу мен туғилган кундир», деганлар. Демак, у зот туғилган кунларини эътиборда тутганлар, у кунни ўзига хос ибодатда ўтказишни маъқул кўрганлар. Қолаверса, мавлид маросимларини ташкил қилишга туртки бўлган сабаблар ва ундан кўзланган мақсадларга у зот ҳаётлик чоғларида умуман ўрин бўлмаган. Салафи солиҳлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳозирда жорий бўлиб турган кўп нарсалар йўқ эди. Қуръонни китоб қилиш, Рамазонда таровеҳда хатм қилиш, охирги ўн кунликда жамоат бўлиб таҳажжуд ўқиш, мадраса ва университетлар ташкил этиш, турли муносабатлар билан ҳар хил анжуманлар, йиғилишлар ўтказиш каби ишларнинг бирортаси бўлмаган. Шу билан бирга, бу каби ишлардан қайтарилмаган, балки уларнинг пойдеворлари барпо этилган, уларга кенг йўл очиб қўйилган, асослари белгилаб берилган. Ана шу асосларга кўра ҳар даврнинг уламолари ўзлари яшаб турган замондаги вазиятдан, мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, ўша пайт учун зарур бўлган турли хайрли ишларни йўлга қўйганлар. Мавлид ҳам ана шундай амаллардан бири, десак, хато бўлмайди. 
Мавлидни ҳеч ким асли шариъатда жорий қилинган амал деб айтмаган. Балки, буни бир яхши одат сифатида кўришган ва шариатга хилоф бўлмаган, шаръий мақсадларга хизмат қиладиган восита, деб қарашган. Агар унга шаръий тус бериб, фарз, вожиб ё суннат амал дейилса эди, уни динда янгилик деса бўларди. Мавлид барча замонларда одатий бир тадбир ўлароқ амалга ошириб келинган. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки у зотдан кейинги салафларнинг бирор ишни қилмаганлиги унинг ножоизлигини тақозо этмайди. Бу барча бир овоздан таъкидлаган машҳур фиқҳий қоидадир. Шариатда одатларга кенг йўл очиб қўйилган. Қуръон ва Суннатга хилоф бўлмаган одатлар мубоҳ саналади. 
Ҳар нарсанинг ўз мавсуми бўлади. Мисол учун, мусулмонлар Қуръонни доимо ўқиб, ўрганиб юрадилар. Қуръон нозил бўлган ой – Рамазон ойида эса Қуръонга алоҳида эҳтимом берадилар, ҳар қачонгидан ҳам бу ойда Қуръонга кўпроқ боғланадилар. Мавлид ойи ҳам ана шундай бир мавсум, холос. Сийратни ўрганиш мавсуми. Бунинг учун энг муносиб ой ушбу мавлид ойи бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Бу бугунги кундаги «Ёнғинга қарши кураш ойлиги», «Ҳаракат хавсизлиги ойлиги» каби мазмунда жорий бўлган.
Шунингдек, одатда мавлид, айрим кишилар ўйлаганидек, бошқа дин вакилларига эргашиб эмас, балки уларга муқобил равишда амалга оширилган. Мусулмон ёшларнинг ахлоқларини, рағбатларини бошқа дин вакилларининг байрамлари таъсиридан асрашни мақсад қилинган. Иккинчидан, бундай ишлар фақат тақлиддан келиб чиқмайди, балки ички ҳис туйғу турткиси бўлан ҳам бўлади. Хусусан, биз назарда тутган мавлидни жорий қилган зотлар улуғ олим кишилар, тақводор инсонлар бўлган. Улар бошқаларга тақлид қилишдан энг узоқ одамлар бўлишган. 
Уламоларимиз Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: «Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳнинг наздида ҳам яхшидир», деган сўзлари айнан мавлидга мос тушади, дейдилар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойларида у зотни кўпроқ зикр қилишнинг нима ёмон жойи бор? Модомики, буни диний амр деб билинмаса, бир одат бўлади, холос. Аммо мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиқариш ҳаром, шариат қатъий қоралаган иш. Кимдир мавлиднинг жоизлиги ҳақидаги далиллардан қониқмаса, ножоиз деганларнинг фикрларига қалби мойил бўлса, марҳамат, ўз фикрида қолаверсин, аммо бошқани бунга мажбур қилмасин, нарги тараф ижтиҳодига таъна тоши отмасин. 
Шу билан бирга, мавлид тарафдорилари ҳам қарши тарафни мавлидни ёқламаганлари учун турли лақаблар билан атаб, тоифагарчилик уруғини сочмасликлари керак.
Гувоҳи бўлганингиздек, Ҳасанхон Яҳё мавлид масаласида айни ихтилоф бўлиб турган нуқталарни жуда усталик билан муолажа қилган. Инсофи бор ҳар бир мусулмон киши бу нарсани тан олади. 
Аллоҳ таоло барчаларимизни суюкли пайғамбаримизнинг сийратларини ўрганиб боришимизни ва у кишининг шафоатларидан насибадор бўлишимзни насиб этсин.
Омон Қодиров, ўқитувчи