(Ижтимоий тармоқдаги баъзи шахсларнинг аҳли илмларни ҳақорат қилганига раддия)
Динимиз олимларни ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш ва уларга эргашишга буюради. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий) дея олимларнинг шаънлари нақадар улуғлигини маълум қилдилар.
Дарҳақиқат, уламолар Пайғамбаримиз саллаллоҳу аълайҳи васалламдан кейин кишиларни ҳаққа чорлайдиган, адашганларни ҳидоят қиладиган, одамлар ўрталаридаги фитна ва ихтилофларга барҳам берадиган дунёни ислоҳ қилувчилардир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида аҳли илмларни икки дунёда ҳам баланд даражаларга кўтаришини баён қилиб айтадики: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (юқори) даражаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”(Мужодала сураси 11-оят).
Демак, Аллоҳ таъоло Қурони каримда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда бизларга олимларни шарафи нечоғлик улуғлигини билдириш билан бирга уларни ҳақорат қилиш ёки масҳара қилиш қандай катта гуноҳ эканлигини эълон қилиб, олимларни мутлақо таҳқирламасликка буюраяптилар. Ҳаттоки, олимларни масхара қиладиган, уларни шаънларини топтайдиган кишиларни охиратда ўлкан азоблар кутиб турганлигини башорати бор. Бу борада Абдуллоҳ Ибн Муборак раҳматуллоҳи аълайҳ шундай дейдилар: “Кимки олимларни пастга уриб таҳқирласа, охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, дунёси барбод бўлади, ким биродарини пастга урса инсонгарчилиги барбод бўлади.”
Аммо айни замонда ижтимоий тармоқларда баъзи шахслар Аллоҳ таъоло илм ато қилиб даражаларини баландларга кўтаришга ваъда қилиб турган, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу аълайҳи васаллам: “Умматимнинг уламолари бани Исроилнинг пайғамбарлари кабидир” деб, ислом уламоларини ҳурмати қай даражада улуғ эканлигини билдириб турганликларини инобатга оладиган бўлсак, баъзи бир олимларга тош отувчиларни нима деб аташ мумкину уларни будунёю охиратлари қандай бўлишини таърифлаш нақадар қийин. Модомики, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кексаларимизни ҳурмат қилмаган ва олимларимизнинг хаққини билмаган кимса биздан эмас” (Ҳоким ривоят қилган) деб, олимни ҳурматини ўрнига қўймаган кишини ўз умматлари сафидан чиқишини баён қилаяптилар. Бу эса инсон учун бадбахтликдан бошқа нарса эмас.
Имом Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ: “Аҳли илмларни, хоссатан уларнинг улуғларини ёмонлаш, ғийбат қилиш кабира гуноҳлардандир” деганлар. Демак, ҳаммамизга яхши маълумки, кабира гуноҳни қилган киши агар тавба қилмасдан дунёдан ўтса, у охиратдан умидини узаверишлиги ҳақида ҳужжат ва далиллар етарлича.
Дин олимларини эҳтиром қилиш, уларни эъзозлаш Аллоҳни улуғлаш сирасига киради. Чунки, уламолар Аллоҳ таъолонинг бизни устимизда жорий этган шариъат илмларини ўргатувчилари ва тарғиб қилувчилари эканликлари ўлароқ эгамизнинг нақадар улуғлигини эътироф этган зотлардир.
Ақлни ишга солиб, кенгроқ ўйлаб кўрилса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу аълайҳи васалламнинг, оддий бир кишини ғийбат қилиш ўз биродарининг гўштини еганчалик гуноҳкор қилиши мазмунидаги ҳадиси шарифларига биноан, фикр юритадиган бўлсак энди шариъат илми уламоларини ғийбат қилиш ёки уларни хақоратлаш қанчалик гуноҳ эканлиги маълум бўлади. Бу борада Имом Аҳмад Раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким уни ҳидласа бемор бўлади ва ким уни еса ўлади”. Ушбу иборадаги олимларнинг гўштларидан мурод-уларнинг шаънларини топтайдиган ёхуд уларни ҳақорат ва мазаммат қилиш маъносида бўлиб, кимки шундай қилса охирати куйиб қолишига ишора бор.
Аллоҳ таъоло барчаларимизни олимларни ҳурматларини қила оладиган, уларни маломат қилишликдан ҳазар қиладиган мўъмин мусулмонлардан бўлишимизни насиб айласин.
З.Абдулхайиров
Шаҳрисабз шаҳри “Эшон пир” жоме масжиди имом хатиби