1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“АЛЛОҲ ОСМОНДА” ДЕГУВЧИЛАРГА РАДДИЯ!

1-11-2021, 10:17 219 Ўқиш режими + -
Бугунги кунда дунё шиддат билан ривожланиб бормоқда. Шу билан бир қаторда ижтимоий тармоқларни ривож топаётгани кимлар учундир яхшиликка томон имкониятлар эшигини очаётган бўлса, яна кимлар учундир ихтилоф ва фитналарни урчитиш, хақ йўлда бўлган мусулмонларни фикридан чалғитиш учун бўлаётган ғаразли ниятларини амалга оширишда қўл келмоқда. Шундай тоифалардан баьзилари борки Аллоҳ таолога маконни хослаб “Аллоҳ осмонда” дейдиганлар ҳам бор. “Аллоҳ осмонда!” дегувчи тоифаларнинг мотуридийларга билдирадиган раддиялари орасида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинувчи “ал-Фиқҳ ал-абсат” номли китобларидан, ҳамда муҳаддис Имом ал-Байҳақий роҳимаҳуллоҳнинг “ал-Асмо вас-Сифот” номли асарларидан келтирадиган иқтибослари асосий ўринда туради. Улар ўзларининг “Аллоҳ осмонда!” деган гапларига далил қилиб мана шу икки уламонинг китобларидан олинган иқтибосни келтираверадилар. Иқтибосларни келтириб қўявермасдан, ҳақиқий ҳанафийларга, ҳаққоний мотуридийларга таъна қилаверадилар, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашмайди деган туҳматни айтаверадилар. Минг йиллардан бери ҳанафий олимларининг олдингилари ва кейингилари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳар бир гапини, ҳар бир фатвосини, ҳар бир фикрини бирма-бир, батафсил ва мукаммал равишда ўрганиб, таҳлил қилиб, амал қилиб келганлар. Кейинги давр уламоларини ўтган салафларига, ўзларидан олдин ўтган уламоларга эргашмайди, дейиш ҳақиқатдан ҳам уларга нисбатан бўҳтон ва жуда катта туҳмат ҳисобланади.   Уларнинг ўзлари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳдаги минглаб фатволарини хатога чиқариб, улардан тескарисини айтиб, минг йиллардан бери у зотнинг мазҳабларига ихлос билан амал қилиб келаётган мусулмонлар орасида ихтилоф ва шубҳалар уруғини сепмоқдалар.
               “Аллоҳ осмонда!” деб тўрт мазҳаб мужтаҳид имомларининг бирорталари айтганлиги ҳақида саҳиҳ ривоят йўқ! Улар бу иқтибосларни ўзларининг иддаоларини ҳаспўшлаш мақсадида келтирадилар, холос. Аслида, ушбу гапларнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбати шубҳали эканлигини уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бошқа бирорта асарида бу мавзу кўтарилган эмас, у зотнинг хос шогирдларининг бирорта асарида “Аллоҳ осмонда!” деган гап борасида сўз юритган эмас. Мазкур “ал-Фиқҳ ал-абсат” асаридан иқтибос олар эканлар, шу асарнинг бошқа бир жойидаги матнни олиб келтиришдан қочадилар. Ушбу иқтибос қуйидагича: “Аллоҳ ўзи қаерда, деб сўралса, нима деб жавоб берамиз? Ундай савол берган одамга: “Аллоҳ бор эди, макон йўқ эди. Аллоҳ халқни яратмасдан илгари бор эди. “Қаерда” йўқлигида ҳам (яъни, макон йўқлигида ҳам) Аллоҳ бор эди. “Ҳеч нарса” йўқлигида ҳам У ҳамма нарсанинг яратувчисидир!”, деб жавоб берилади” (ал-Олим ва-л-мутааллим, рисола ала Усмон ал-Баттий, сумма ал-Фиқҳ ал-абсат / Таҳқиқ: Зоҳид ал-Кавсарий. – Қоҳира: ал-Анвор, 1949. – Б. 57).   Макон йўқ бўлса, осмон йўқ бўлса, “Қаерда?” деб сўраш қанчалик тўғри бўлади? Аллоҳ ҳамма нарсани яратган бўлса, Аршни ва осмонни яратган бўлса, ўзи яратган мавжудотларидан олдин қаерда эди?! Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг ўн иккита хислатга – эътиқодга эга бўлиши кераклиги ҳақидаги васиятномаларида бундай деганлар: “Биз Аллоҳни Аршга бирор ҳожат учун ёки қўним топиш учун “истиво” қилган, деб иқрор қилмаймиз. Аллоҳ Аршни ва ундан бошқа нарсаларни ҳам ҳифзу ҳимоя қиладиган Зотдир. Агар Аллоҳ эҳтиёжманд зот бўлганида эди, У оламни яратишга, унинг тадбирини қилишга қодир бўлмаган бўлур эди. Агарда Аллоҳ ўтиришга ва қарор топишга ҳожатманд бўлса, У Аршни яратмасдан илгари қаерда эди?! Аллоҳ таоло бу каби нуқсонлардан ўта баланддадир!” (Имоми Аъзам. Асарлар / Таржимон ва нашрга тайёрловчи: Абдурашид қори Баҳромов. Масъул муҳаррир: Абдуқаҳҳор Шоший. – Тошкент: Movarounnahr, 2003. – Б. 33-34).   Ҳа, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ерда ўзларининг, ва айтиш керакки, аҳли суннат ва жамоатнинг асил ақидаларини аниқ баён қилмоқдалар. 
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ  оятдаги “истиво”нинг “истақарра” ва “жулус” маъноларини инкор қилган эканлар, анавилар бўлса, “истиво”ни айнан “истақарра” маъносида деб оламга жар солиб келадилар. Бу эса “мушаббиҳа”ликнинг айни ўзгинасидир! Шу ерга келганда улар ҳам жавобдан ожиз қоладилар. Шунинг учун, улар бу иқтибосларни асло келтирмайдилар, балки “Аллоҳ сомонда!”, деган аниқ сўз умуман ишлатилмаган ва асло қўлланилмаган шубҳали иқтибосларни келтириб, оммани чалғитаверадилар. Зотан, муфассирлар султони бўлмиш буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу Қуръон маъноларидан илмсиз равишда гапирган одамни жуда ёмон кўрар эдилар (Ҳоким, 8/8803). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ҳам бекорга қуйидагича хитоблар қилинган эмас: “Кимки Қуръонга ўз фикрича маъно айтса, тўғри айтган бўлса-да хато қилибди!” (Термизий, 4/2952; Абу Довуд, 3/3654; Насоий, 4/8086).   
Яъни, ўзингча оятларни ҳам, ҳадисларни ҳам шарҳлай олмайсан, ўтган уламоларнинг фикрларига қулоқ тутасан, бу борада ўзингдан олдин ўтган аҳли суннат ва жамоатдан оғишмаган аҳли илмларга эргашасан. Илм ўтган уламолар орқали сенга етиб келган эканми, демак, уларнинг гапларига қулоқ тутишга мажбурсан. Ана шу нарса ўтган салафи солиҳинларнинг ҳар бир гапларини, мужтаҳид уламоларнинг ҳар бир фатволарини тушунишдаги олтин қоида ҳамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва табъа тобеъинларнинг гапларини, фикрларини мутақаддим уламолар – олдинги олимлар орқали, олдинги олимларнинг гапларини эса мутааххирин – кейинги давр уламоларининг тушунтиришлари, шарҳлари ва изоҳлари орқали тушунмоқ лозим. Айтганимиздек, уларни ўзича тушуниш, ўз даврига мослаб талқин қилиш, ўзидаги бор илми ва ақидасига кўра изоҳлаш адашувнинг бошланишидир. Анави салафийлар ҳам худди шу йўлдан бориб, хоҳ ақидада бўлсин ва хоҳ амалиётда бўлсин кейинги давр уламоларининг фикр-мулоҳазалари, фатволари, тушунтиришлари, шарҳ ва изоҳларини четлаб ўтмоқчи бўладилар. Ўзларининг тушунчалари ва озгина илмларига кўра оят ва ҳадисларни, салафи солиҳинларнинг гапларини изоҳламоқчи бўладилар. Демак, ушбу далиллардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”,- деймиз.

АЛИШЕР ЖУМАЕВ 
ШАҲРИСАБЗ ТУМАН БОШ ИМОМ ХАТИБИ
ИНТЕРНЕТ НАШРЛАРИ ЁРДАМИДА ТАЙЁРЛАНДИ