Шу жиҳодми???
5836
1-11-2021, 10:25
351
Ўқиш режими
+
-
Ижтимоий тармоқдаги баъзи шахсларнинг ҳозирда жиҳод қилиш керак деган даъватига раддия.
Биз мусулмонларни ўртамизга адоват, фитна солиб зарар бермоқчи бўлаётган, мусулмон оламини бошқаларга нотўғри тарғибот қилишлик учун ижтимоий тармоқларда утириб олиб жиходга чақираётган баъзи кимсаларнинг даъватига раддия.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган ва тарқалаётган мусулмон оламига қурт каби тушиб аста секин кемириб еб битиришни ўйлаган баъзи қўштирноқ ичидаги мусулмонлар нима қилаётганини ўзи ҳам билмаса керак. Улар ҳам кимнингдир қўғирчоғи эканлигини ўзлари билса ҳам, бу чақириқ яъни жиҳод чақириғидан тўхтамасдан уларнинг чизган чизиғидан чиқмаяптилар. Жиҳодга чақираётганларнинг гапларига ишониб қанчадан қанча мусулмон биродарларимиз қурбон бўлишди. Уларнинг болалари отасиз-онасиз қолишди. Ўз юртларидан чиқиб: “хижрат қилмаса бўлмайди”- дейишди. Ҳатто ота-оналарини ҳам хурматларини бажо қилмасдан ўша жиҳод деб дод солаётган тайини йўқ, фикр доираси тор манқуртларга эргашишди.
Билмадим, жиҳод деб ўз юртларини ташлаб, у ерларда нималарга эришишди, жангоҳларда кимлар билан олишишди.
Шу жиҳодми???
Қанчадан-қанча норасида гўдаклар қурбони, ота-онасиз қолган етим болалар.....
Шу жиҳодми???
Шахарлар вайрон, мамлакатда иқтисодий ахвол издан чиққан, бошпанасиз кишилар қанча....
Шу жиҳодми???
Бу жиҳодчилар Аллоҳ таолодан қўрқишадими? Балки, улар айтар, биз Аллоҳ таолонинг динини, унинг калимасини олий қилиш ва мусулмонларга ёрдам бериш учун бу йўлдамиз дейишар.... Шундай деб бонг уришар. Шуми Аллоҳ таолонинг калимасини олий қилиш?
Ўз юртини ташлаб ота-онаси болаларини ташлаб ўзга юртда нимага юрганини фаҳмига бормасдан ўлиб кетиш...
Тўғри, албатта мусулмон мусулмонга ёрдам бериши керак. Мусулмоннинг бошига мушкул иш тушса мушкулини осон қилиш бу мусулмоннинг бурчи. Аммо ўша уруш ўчоғига айланган мамлакатларда ким-ким билан жанг қилаётганини ўзи ҳам билмайди. Кимдир жиҳод деса, бориш керак деса адашади. Уларнинг чақириғига лаббай деб жавоб беришлик бу тўғри эмас. Бу ишларнинг ортида асл мақсади бузуқ соф исломнинг илдизига болта уриш, дунёга бу пок динни хунук қилиб кўрсатишдир. Бунинг ортида номусулмонлар турганини билишимиз зарур.
Пайғамбар алайҳиссалом бутун дунёга раҳмат бўлиб келдилар. Ҳатто инсу-жинларга, ҳайвонот-у нобототга хам у кишидан бирор зарар етмади. Раҳматлари, шафқатлари шундай беқиёс эди. Ҳатто Тоифга борганларида улардан жабр кўрдилар. Уларни яхшиликка, охири роҳат-фароғат бўлган тўғри йўлга бошламоқ учун борган эдилар. Кўнгилларида яхшилик, раҳмат, шафоат бор эди. Улар нима қилишди: У зот Муборакка болаларининг қўлларига тош тутқазиб тош бўрон қилдиришди. Пайғамбар алахиссаломнинг муборак қўллари, оёқлари қон бўлди. Жаброил алайҳиссалом ўзлари билан тоғларнинг фаришталарини олиб келдилар. Шунда хитоб қилиб: “Эй, Мухаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мана тоғлар фаришталари. Бу Тоиф аҳли сизнинг қадрингизни билмади. Улар сизни танимади. Бу фаришталарга бир оғиз айтинг тоғни олиб бориб, кўтариб Тоифнинг устига қопқоқ қилиб қўйишади”–дедилар. Расулимиз: “Йўқ” –дедилар. Ўша вақтда бир оғиз айтсалар бўлди эди. Фаришталар айтганларини бажарар эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Улар билмасдан қилаяпти”- дедилар. Уларни расулимиз қарғамадилар. Ойша онамиздан у кишининг хулқлари тўғрисида сўралганида: “Ул зотнинг ҳулқлари Қуръон эди, деб жавоб берган эканлар. Бу хақиқий ислом.
Бу дин саломатлик, тинчлик дини. Ўзга юртда ўзгаларнинг тинчини бузиб жиҳод деб хайқираётганлар аввало бу сўзнинг маъносига етиши керак. Жиҳод деса уришиш, кимнингдир калласини олиш десанг бекор айтибсан. Ўзи бир тинч жойда ўтириб олиб кимнингдир садақасига яшаётган ижтимоий тармоқларда чиройли қилиб қўрсатаётган нарсалари аслида сароб. Девор ортидан кимдир чақирса аввал унинг кимлигини билиб жавоб қайтарамиз. Мақсади ёмонлигини билсак, шунга қараб муомала қиламиз. Кимнингдир жонсиз қўғирчоғининг найрангига учиб, жиҳод деса югуриб бормаймиз. Бу жиҳодчилар нимани қойил қилди. Гала бўлиб олиб ўша ердаги халқнинг дин пешволарини ўлдиришди. Ла илаҳа илаллоҳ деганни ҳам калласини олишди. Жиҳод деса лаббай дейликми?.... Бу ишларнинг ортида турганлар исломнинг хақиқий душманларидир.
Биз кимга эргашайлик. Расулимиз алайҳиссаломнинг суннатларигами ёки мана бунақангни шарафсизларгами. Демак биз ақлимизни ишлатишимиз зарур. Ақлимизни Ислом билан ушлаб туришимиз лозим! Шунингдек расул алайхиссаломнинг сийратларини ўзимиз учун муаллим қилишимиз муҳимдир. У зот алайхиссаломнинг ҳаёт тарзларини ўзимизга ўрнак қилайлик. Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек: “Мусулмоннинг афзали, қулидан ва тилидан мусулмонларга озор етмайдиганидир. Мўминларнинг афзали эса хуш-ҳулқлироғидир. Муҳожирларнинг афзали эса, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини узоқ тутувчидир. Жиҳоднинг афзали, Аллоҳ таоло йўлида ўз нафси ва хоҳишига қарши қилинадиган жангдир”.
Сен жиҳодга чақирсанг ўзга ютрга бориб, у ердаги мусурмонлар, норасида бегуноҳларнинг товонига қолайликми? Ўша сен чақираётган жойларда масжидларни портлатишди. Ўзингча ҳукм чиқардингки, сени йўлинга юрмаганларни кофир деб, сен ўзинг Исломдамисан? Исломда бўлсанг нега мусулмонлар сенинг қўлингдан озор чекишяпти? Биз сенинг чақириғинга лаббай дейликми? Сен ўзи кимсан? Бутун дунёга Исломни қонхўр қилиб кўрсатмоқчи ва ўзларича ер юзидан йўқ қилиб ташламоқчи бўлган Сианизмнинг малайимисан-ё?
Ислом бир гўзал диндир. Жиҳод хақиқий маънода ўз нафси устида султон бўлишдир. Агар жиҳод зарур бўлса муфтийлар “жиҳод деб!”-фатво берса, демак жиҳод бўлади. Уламоларнинг гапига қулоқ солмаган жамият пароканда бўлади. Яна расулимиз алайҳиссаломдан бир муборак хадис у киши айтдилар: “Жиҳод 4 хилдир: 1. Амри маруф ( Яхши ишларга буюриш), 2. Наҳй мункар (Гунох, ёмон ишлардан қайтариш), 3. Ўзининг зарарига бўлса хам рост сўзлаш, 4. Фосиқ кишининг масхара қилишига чидаб туриш”.
Азизлар! бизга ким нима деса эргашмасдан. Унинг кимлигини билайлик, кимдан таълим олган, асли ким? Сохта салафийлар Мотрудий ва Ҳанафийларни адашган деяпти. Уларнинг ўзларининг билим савиялари пастлигидан бу буюк олимларнинг ишларига ақллари етмаяпти. Сен жиҳод десанг сенга эргашайликми? Ҳазрат Мотрудий ва Имоми Аъзам раҳматуллохи алайҳлар тўғридан-тўғри бу илимни ҳаводан олган эмас. Уларнинг гаплари ҳам Қурон ва ҳадисдан олинган гаплар.
Биз ўзимизни айниқса ёшларимизни бунақанги ҳатто ўзини яхши танимаган жиҳоднинг фарқига бормайдиганлардан асрайлик. Буюк роббимизга истиғфор айтайлик ва ундан сўрайликки бировга озор бериб қўймайлик. Биз хақиқий мўминлардан бўлайлик. Амин Йа Роббал Аламин.
Сапаров Санжар
Қори бадал жоме масжиди имом хатиби