фирибгарлик – жуда оғир гуноҳ
5837
1-11-2021, 15:01
614
Ўқиш режими
+
-
“Фириб” сўзи форс тилида алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсани эса фирибгар дейилади. Алдов, фирибгарлик, ўғрилик шу қадар кенг тарқалдики, у кириб бормаган жой, у кириб бормаган соҳа қолмади: имтиҳонларда, тижоратда ва ҳатто никоҳ муносабатларида ҳам одамлар ёлғонни кенг ишлатишмоқда.
Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган. Аллоҳ таоло айтади: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз.” (Бақара сураси, 188-оят).
Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушириш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган. Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).
Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир.
Фирибгарлик жиноятининг бугунги кунда кенг тарқалган яна бир кўриниши порахўрлик ҳисобланади. Порахўрлик дунёнинг деярли ҳар бурчагида илдиз отган разил бир иллатдир. Амалдорларнинг ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда давлат мол-мулкидан фойдаланиши жамиятнинг турли хил жабҳаларда ўсиш ва ривожланишдан тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолиши, одамларнинг ўз ҳаётларини ўзгартиришга қаратилган ташаббусларининг йўққа чиқиши сингари ўта салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Пора берганга ҳам, пора олганга ҳам, улар ўртасида воситачи бўлганга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Имом Аҳмад ривояти).
Пора берувчи жамиятда белгиланган низомни бузган, адолатли қонун мажмуасини ўз фойдасига ишлатган, ҳақсизлик қилиб ишини бажариб кетган ҳисобланади. Пора олувчи виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади.
Ислом дини молни тижорат йўли билан кўпайтиришга ижозат беради. Аммо молни судхўрлик йўли билан кўпайтирмоқчи бўлганларни қаттиқ қоралади ва судхўрликнинг озини ҳам, кўпини ҳам ҳаром қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар зино ва рибо бирон қавмда тарқалса, улар ўзлари учун Аллоҳнинг азоби келишига йўл очибдилар”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Ҳаром луқмадан, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган кишиларнинг фарзандлари ўзлари орзу қилгандек одам бўлишадими? Йўқ, албатта! Улар ҳам нари борса бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган ва энг ёмони, ота-она розилигини топишга рағбат қилмайдиган кимсалар бўлади, Аллоҳ асрасин. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Сўфи Оллоёр раҳимаҳуллоҳ бу борада шундай деган:
Кўнгил Ҳақ файзига бўлсун десанг чок,
Ки, аввал мартаба халқингни қил пок.
Яъни, агар кўнглингни Аллоҳ таолонинг илҳоми кириши учун очиқ қилай десанг, унинг биринчи шарти томоғингни буткул ҳаромдан пок қилмоғинг кераклигидир.
Хулоса ўрнида, оила ва фарзандларимизга оз бўлса ҳам ҳалол ризқ топиб беришга ҳаракат қилайлик. Зеро, барака ҳалолликда экани ҳамда дунё ва охират саодатига эришишнинг асосий омили покликда эканлигини асло унутмайлик.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари