1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

экстремизм ва терроризм - маънавий таҳдидлар

3-11-2021, 08:55 312 Ўқиш режими + -
Биз тинчликсевар халқмиз. Уйимиз, маҳалламиз, юртимиз тинч бўлса, хотиржам меҳнат қилиб, ҳар қандай ютуқ ва маррага эришамиз. Одамнинг онги, тафаккури тоза, маънавияти юксак бўлса ҳеч қандай ташқи ғаразли кучлар унга таъсир кўрсата олмайди.
Бугун ер юзида ҳукм сураётган мураккаб ва  таҳликали даврда экстремизм ва терроризмнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва унга қарши кураш жаҳон ҳамжамияти учун энг долзарб масалага айланди. 
Дарҳақиқат, ўзини диндор, иймонли кўрсатиб, бўлмағур сафсаталари билан атрофидаги одамлар, айниқса ёшлар ишончига кириб олишга уринаётган мутаассиб кучлар ҳар куни, балки ҳар лаҳзада тинч ва осуда ҳаётимизга хавф солиши, ёшлар онгини заҳарлашга интилиши табиий. Бундай кора ниятли кучларнинг пайини қирқиш, сохта акидаларини, риёкорликларини фош этиш хар бир кишининг бурчидир.
Айтиш жоизки, экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажовузкор сиёсий фаолият ҳисобланади.
Экстремистик ташкилотларнинг асосий фаолият услублари сифатида экстремистик руҳдаги, шу жумладан, “жиҳод”, “шаҳидлик” ғоялари тарғиб қилинган адабиёт, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш ва унинг аъзоларини махсус тайёргарликдан ўтказиш, ўз тарафдорларини давлат структураларига киритишга уриниш, аёллардан иборат ячейкаларни кучайтириш, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ҳолатни кескин қоралаш, расмий диний идора вакилларини обрўсизлантириш ҳамда бевосита террористик акциялар ўтказишни кўрсатиш мумкин.
Экстремизм қандай номланмасин ёки қандай кўринишга эга бўлмасин, унинг асосий мақсади жангари гуруҳларни шакллантириш орқали ҳокимиятни қўлга киритишдир.
Ўз мақсадларига эришиш учун барча экстремистлар зўравонлик, яъни террорчилик ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан омма ичида қўрқув пайдо қилиш ва ўзларининг кучларини кўрсатиш орқали ҳукуматга босим ва тазйиқ ўтказишга интиладилар. Уларнинг мақсади ўзларига эргашмаганларни кофирга чиқариб, йўқ қилиш, моддий бойлик орттириш ва ҳокимиятга эга бўлишдир. Бу жиноятчи тўдалар ўзларини динимизнинг «ҳақиқий жонкуярлари» қилиб кўрсатишга қанчалар уринмасинлар, уларнинг «ҳижрат»и  ватанфурушликдан, «жиҳод»и қонхўрлик ва худкушликдан бошқа нарса эмас.
Ўн тўрт асрдан буён эътиқодида мустаҳкам бўлган халқни нотўғри йўлга бошлаш самарасиз кечиши турган гап. Давлатмиз томонидан динимизга шунчалар имкониятлар берилиб турган бир пайтда мазкур тоифалар динга фақат зарар келтирмоқда. 
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг "Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди", деган ҳадисларида ҳар бир мўминнинг ўзидан бошқа кишиларга ҳам яхшиликни раво кўриши зарурлиги қайд қилинган. Бошқача килиб айтганда, инсон ўзи учун яхши кўрган нарсаларни ўзгаларга ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди. Ҳар ким ҳам энг аввало ўзи, оиласи ва яқинлари учун соғлик-саломатлик бахт-саодат, тинчлик ва фаровонликни исташини инобатга оладиган бўлсак Пайғамбаримиз ҳадисларининг асл маъноси ойдинлашади. 
Муқаддас динимиз ҳам кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади. 
 

Мансурхон ТУРСУНОВ,  
Нишон туман “Наврўз” жоме масжиди имом – хатиби