1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Меҳмонларимизга илтифот кўрсатайлик

3-11-2021, 21:22 296 Ўқиш режими + -
     Халқимиз ўзининг меҳмондўстлиги билан бутун дунёга машҳур. Меҳмондўстлик   халқимизнинг табиатида, характерида бор бўлган одат ва анъаналаридандир. Ўзбек халқининг меҳмондўстлик каби одат-анъаналарига бутун дунёда зўр қизиқиш ва ҳурмат билан қараб келинади.
    Ривоят қилишларича, Иброҳим  (а.с.)никига меҳмон келади. Иброҳим (а.с.) меҳмон ҳурмати учун олдин қўй сўядилар. Аллоҳ таоло у кишига “Меҳмонни ҳурмат қил”, деган ваҳий юборади. Иброҳим (а.с.) бирин –кетин  сигир ва туя сўядилар, аммо  у кишига юқоридаги ваҳий такрорланаверади. Иброҳим (а.с.) Аллоҳ таолодан: “Нима қилсам, меҳмонни ҳурмат қилган бўламан”, деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Иброҳим, меҳмонни ҳурмати унга таомни кўпайтириб қўйиш билан эмас, меҳмонга яхши такаллуф билан ўзинг хизмат қилишингдадир”, дейди. Шундан сўнг Иброҳим (а.с.)  меҳмонларига доимо ўзлари хизмат кўрсатган эканлар. 
Меҳмондорчилик ҳақида ҳадисда: “Меҳмонини эъзозламаган қавм ёвуз қавмдир”, дейилади.  ( Бухорий ривояти).  
Меҳмондорчиликда меҳмон ва мезмон одобларига амал қилинади.
Мезмон одоблари қуйидагича:
- меҳмон кутадиган киши пок ва озода бўлиши;
- меҳмон кутадиган одам тоза ва озода либосларини кийиши;
- меҳмон кутадиган жойлари саранжом-саришта бўлмоғи;
Ўзбек халқининг қадимий асарларидан бўлган Юсуф Хос Ҳожибнинг “ Қутадғу билиг” асарида меҳмондорчилик хусусида қуйидаги одобларни баён қилинади:
Агар сен чорласанг уйингга меҳмон,
Олдин тараддуд қил, эй доно инсон, 
Пок бўлсин ошу нон, уй-жой, тўн. Тўшак,
Берган тузинг манзур бўлмоғи керак.  
- меҳмонларни очиқ юз билан кутиб олиши;
- меҳмонларга яхши жойни кўрсатиши;
- меҳмонлардан ҳол-аҳвол сўрашиши;
- меҳмонларга ширин суханлик билан муомила қилиши;
- меҳмонларга таом олиб келишни пайсалга солмай, таомни   тезроқ олиб келиши;
- меҳмонлар билан бирга таомдан танаввул қилиши;
- меҳмонга келган кишиларга ножўя гап ёки қилиқлар қилиб уларни кўнглини қолдирмаслиги;
- меҳмонлар олдида фарзандларини ёки бошқа кишиларни уришмаслиги;
- Меҳмонлар олдида мушук каби ҳайвонларга қўполлик билан муомила қилмаслиги;  
- меҳмонга келувчи кишидан айрим хато ва қусур ўтса. уларни кечириб туриши;
- меҳмонга келган кишиларнинг олдида ўзини камтар тутиши;
-меҳмонга келган кишиларни зериктирмай уларга яхши суҳбатлар бериши;
- меҳмонга келишгани учун ташаккур айтиши;
- меҳмонга келган кишиларга яхши ниятлар билдириш;
- яна меҳмонга келишларини ва уйларига яхши етиб олишларини айтиб меҳмонни кузатиб қўйиши лозим бўлади.
     Дарҳақиқат, инсонларнинг ҳаётдаги завқларидан бири бир-бирлариникига боришлари, ҳол-аҳвол сўрашлари, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашлари билан бўлади. Бу хислатлар эса халқимизнинг меҳмондорчилик одатида мужассамдир. Халқимиз меҳмондўст бўлиб, у меҳмон келиши билан хурсанд бўлади, аммо меҳмон кетса, хафа бўлади. 
Шоир ёзади: 
Хонамиз дўстлар оёғидан топар нур-у зиё,
Уй-фонус, меҳмон шам-у,  мен эса парвона.
Меҳмон ҳар қанча турса, хизматин айлай бажо.
Кетса, меҳмон, мен мисоли мажнуни девона.
 
    Меҳмондорчилик халқимизнинг ажралмас олий фазилатидир. Меҳмондорчилик орқали халқимиз орасида дўстлик, меҳри-муҳаббат ришталари   мустаҳкамланади. Меҳмондорчилик халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатда, тинч-осойишта яшаш йўлида хизмат қилади.
 
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими