1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳизб ут-таҳрирчиларнинг бузуқ қарашлари

10-11-2021, 22:47 340 Ўқиш режими + -
Ҳизбут таҳрир (тўла номи «Ҳизбут таҳрир ал-исломий» — «Ислом озодлик партияси») — норасмий сиёсийлашган диний тузилма (оқим). 1953 йилда Исроилда пайдо бўлди. Асосчиси — шайх Тақиюддин Набаҳоний (1909-1979).
Бу партия сиёсий партия бўлиб, у фикрга бош қурол сифатида суянган ҳолда исломий халифаликни қайта тиклашга чақиради. 
Ташкилот вакиллари ушбу номдаги “ҳизб” сўзини Қуръондаги оятлардан фойдаланиб олганлар. “Ҳизб” сўзининг луғавий маъноси гуруҳ, партия, тобе кишилар демакдир. Умуман, номида “ҳизб” сўзи қатнашган оқимлар бу сўзни Қуръонда келгани учун ҳам фойдаланадилар. Улар ўзларини “Аллоҳнинг ҳизбимиз”, деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, “шайтоннинг ҳизби” ҳам борлигини унутиб қўядилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларга қарата шундай деган: 
وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ
“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!...” (Оли Имрон, 104). 
Ҳизбчилар мазкур оятни далил қилиб, бизмиз ўша уммат дейдилар. Ваҳоланки, бу оятдаги “сизлардан” сўзидан араб тили қоидаси бўйича икки хил маъно олиш мумкин. Яъни сизлардан бир жамоат чиқиб, яхшиликка даъват қилиш, амри маъруф, наҳйи мункар ишлари билан шуғуллансин, деб ҳам тушуниш мумкин. Бу тафсирга кўра, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланиш фарзи кифоя саналиб, умматнинг ҳаммаси эмас, балки маълум бир қисми – уламолар шуғулланса, шунинг ўзи кифоя қилиб, бошқаларнинг зиммасидан бу вазифа соқит бўлади.Аҳли сунна таълимоти бўйича ҳар бир мусулмоннинг зиммасида қирқта муҳим фарз масъулиятлари бордир. Эзгулик, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариб насиҳат қилиш ўша қирқ фарзнинг ичидан ўрин олган фарз амаллардандир. Ҳизбчиларнинг иддаосича амри маъруф ва наҳйи мункарни шахс эмас исломий давлат бажаради, исломий давлат йўқ экан ҳеч кимга амри маъруф ва наҳйи мункар вожиб бўлмайди эмиш.
Эътибор қилиб қарайдиган бўлсак, Тақиюддин Набаҳоний “Ҳизбут-таҳрир” партиясини 1953 йилда, яъни ҳижрий 1372 йилда ташкил этган. Ўшанда Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларидан сўнг, тахминан, 1362 йил ўтган эди. Демак, бу иқтибосда эсга олинган ҳукм ҳаққоний бўлса, нима деб ўйлайсиз, шунча вақт, 1362 йил – қарийб 14 аср давомида, ислом умматида ҳеч ким бу оятга амал қилмай келганмикин?! Чунки Расулуллоҳдан кейин Абу Бакр розийаллоҳу анҳу даврида ҳам, Умар розийаллоҳу анҳудаврида ҳам, кейинроқ, умавийлару аббосийлар даврида ҳам, қўйингки, охирги усмонли халифалар давригача ҳеч бир замонда мусулмон олимлар тарафидан ушбу оятга амал қилиш мақсадида алоҳида бир жамоа тузиб, бир кишини унга амир этиб сайлаш фикри кўтарилмаган.
Ҳизб учун сиёсатдан бошқа соҳалар ҳатто диний бўлса ҳам, доим иккинчи даражали бўлиб келган. Хатиб ва даъватчилари ҳам халққа аксар ҳолда сиёсатдан нутқ қилишади. Халқда норозилик кайфиятини пайдо қилиш, исёнкорлик руҳиятини сингдириш каби фитнали мавзуларга кўпроқ урғу беришади. Улар шу йўл билан ўзларининг фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис каби Исломда асосий ўрин тутган фанларда нўноқ эканликларини яшириб келишади.
Қуйида “Ҳизбут-таҳрир” нинг асосий айб ва нуқсонларидан баъзиларини келтириб ўтсак:
  • ·     “Ҳизбут-таҳрир” ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид равишда фикр юритиб, содда ва илмсиз мусулмонларни адаштиради.
  • ·     “Ҳизбут-таҳрир” ўз ақидасида асосан ислом тарихида адашган фирқалар дея танилмиш “мўъта­зила” ва “қадария” тоифаларининг фосид қоидалари ва фикрларига таянади.
  • ·     “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳи аъзолари ўз раҳба­рияти тўғрисида фақат “ҳусни зонн”, яъни чиройли гумон қилаверишлари оқибатида – уларни хатодан маъсумлик даражасига чиқариб қўядилар. Уларгабўлганҳурматни “шахсгасиғиниш” даражасигакўтарадилар.
  • ·     “Ҳизбут-таҳрир” уламолари Қуръон ва суннат­ни ўз хато ақидаларига мувофиқлаштиришни истайдилар. Бошқача тушунтирсак, улар Қуръони карим ва Саҳиҳ суннат йўлига юриш ўрнига, Қуръони карим билан Саҳиҳ суннатни ўзларининг йўлларига, мазҳабларига юргазишни хоҳлайдилар.
  • “Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минг­лаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинларданва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар.
Хулоса шуки, нажот йўли битта, буни бизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилганлар “Пайғамбар ва саҳобалар юрган йўлдан юриш, Қуръон ва суннат маъноларини улар тушунгандай тушиниш” ҳизбнинг манҳажи ва фикрига биноан тушуниш эмас.
 
Ўткир ҒУЗАРОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус 
ислом билим юрти мудири