1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Жаннат айтур ман ортиқ, сахий қуллар манда бор”

5-11-2021, 11:03 566 Ўқиш режими + -
Сахийлик халқимиз орасида юксак инсоний фазилат сифатида эътироф этилади. 
Сахий сўзи нима маънони англатади?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да сахий сўзининг  маъноси ҳақида: “Сахий – арабча сўз бўлиб, қўли очиқ, саховатли, ҳимматли, олийҳиммат (киши)” дейилади.
Сахийлик аслида жаннатдаги дарахтнинг номидир. Бу жаннат дарахтининг бир шохи инсонга хос сифат бўлиб, бу дунёга тушиб туради. Кимки бу сифатни ўзида намоён қилса, у жаннатнинг сахий дарахти шохини ушлаган бўлади. Сахий дарахти шохини маҳкам ушлаган киши жаннатий инсон ҳисобланади.  Бу ҳақда пайғам баримиз (с.а.в.): “Сахийлик жаннатдаги бир дарахтдир, унинг шохлари дунёга тушиб туради. Ким унинг бирорта шохини тутса, у шох уни жаннатга йўллайди. Бахиллик ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга элтади” дейдилар. 
         Бойнинг бойлиги унинг нарсасини кўплигида эмас, балки унинг хайру-саховатини кўплигидадир. Кўзи оч кишидан ҳеч қачон саховатли бой чиқмайди. Саховатли бой жаннатга биринчи кирувчи кишидир. Қиёмат куни бир кишини олиб келишади, ундан у дунёда нима қилганлигини сўрашади. У эса кўп савоб ишларни қилганлигини ва жаннатга   киришини айтади. Ундан савоби кўп одамнинг жаннатга киришини кимдан эшитганлигини сўрашади. У эса олимлардан эшитганини айтади. Бўлмаса, олимни олиб келинг,  жаннатга у биринчи кирсин, дейилади. Олим кишини олиб келишади. Олим эса илмни сахийларнинг саховати туфайли ўрганлигини айтади. Шунда ҳаммадан илгари жаннатга сахий киши кириши маълум бўлади. Инсон сахийлик туфайли муҳтож кишиларга эҳсон қилса,  Аллоҳ таоло унинг ўрнини тўлдиради. Бу тўғрида “Қуръони карим”да шундай дейилади: “Бирор нарсани (муҳтож ларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур, у ризқлантирувчи ларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).
Ҳадис шарифда шундай дейилади: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири6 “Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “Эй Аллоҳ, бахил одамнинг молига талоқат етказ” деб дуо қилади. Сахий кишиларнинг ҳар бир саховати етти юздан ортиқ савобларга эга бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Аллоҳ йўлида молларини хайру–эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли, худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир донга ўхшайди. Аллоҳ таоло истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг ва билгувчи зотдир”. (Бақара сураси, 261-оят).
Сахий кишининг саховати бу дунёда обрў-эътибор, ҳурмат келтирса, охиратда эса жаннат кириш бахтини беради. Бу ҳақда Хожа Аҳмад Яссавий ўз ҳикматларида шунйдай дейдилар:   
                                                                                                                                          
Жаннат айтур ман ортиқ сахий қуллар манда бор,                                                                  
Сахийларнинг қўлида турли-турли эҳсон бор.                                                                                     
Дўзах айтур ман ортиқ бахил қуллар менда бор,                                                                              
Бахилларнинг қўлида  ўтли- занжир кишан бор.

Сахий киши саховатини  бошқа бировларга бериб, миннат қилмаслиги керак. Агар миннат қиладиган бўлса, у хайру-эҳсоннинг яхшилиги, савоби кетади.  Шу сабабли инсон хайру-эҳсонини ўнг қўли билан бериб чап қўлига сездирмаслиги керак. Хайру-эҳсонини ўнг қўл бериб, чап қўл сезмайдиган киши дунёда барча махлуқлардан мустаҳкам кишидир. Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло ерни яратди. Ер осмонда чайқалиб турди. Шунда Аллоҳ таоло унга тоғларни қўйди. Мустаҳкам тоғлар ерни чайқалиб туришини тўхтатди. Шунда фаришталар мустаҳкам тоғлардан ажабланишиб Аллоҳ таолодан сўрашди: “Ҳайбатли тоғлардан ҳам тоғлар мустаҳкам махлуқинг борми?”. Аллоҳ таоло: “Ҳа, темир тоғу-тошдан мустаҳкам” деди. Фаришталар: “Темирдан ҳам мустаҳкам нарсанг борми?”. Аллоҳ таоло айтди: “Ҳа, темирни олов эритади”. Фаришталар: “Оловдан зўрроқ нарса борми? “Аллоҳ таоло: “Ҳа, оловни сув ўчиради” деб жавоб берди.  Фаришталар: “Сувдан ҳам кучлироқ нарса борми?” деб сўрашди. Аллоҳ таоло: “Ҳа бор. У шамол”  деб жавоб берди. Фаришталар: “Шамолдан ҳам кулироқ нарса яратганмисан?” деб сўради Аллоҳ таоло “Ҳа бор. У  ўнг қўли билан хайру-эҳсон қилиб, чап қўлига билдирмайдиган сахий инсон” деб жавоб берган экан.        
Халқимиз орасида ўзига тўқ тадбиркор ва ишбилармон кишилар ҳам борки, улар фақат ўз манфаатларини эмас, балки юртимиз фаровонлиги, халқимиз эҳтиёжларини қондириш ҳақида ҳам қайғуриб, хайру-саховат ҳам қилишмоқда. Сахий киши чин кўнгилдан яримта хурмони бўлса ҳам муҳтожларга берса, унинг бу ҳиммати катта ажру-савобларга сабаб бўлади. Бу ҳақда шоир шундай ёзади:

Оч қолган гўдакка саховатли зот, 
Яримта хурмони дилдан илинди,                                                                                                        
Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,                                                                                                    
Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.

Дарҳақиқат, сахий кишиларнинг хайру-саховат қилиши  инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга, дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабабчи бўлади. Хайру-саховат қиладиган сахий кишилар Аллоҳ таоло томонидан беқиёс ажру савобларга эга бўлиб, икки дунё саодатига эришадилар. 

Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими